ШАФАҚ ЭЛИФНИНГ “ИШҚҚА ОИД 40 ҚОИДА” КИТОБИДАН
Қуръондаги бир сурани тушуна олмаяпман, - дедим мен бироз журъатсизлик билан.
- Қуръон тортинчоқ келинга ўхшайди, - шивирлади Шамс, гўё ўзи билан ўзи гаплашаётгандай. - Ўзига қараган инсонда якдиллик ва юрагида меҳр борлигини кўрсагина юзини очади. - Кейин у елкаларини тик тутиб мендан сўради - Қайси сура ҳақида сўрамоқчи эдинг?
- Ал-Нисо ҳақида. Унда эрларнинг ҳамма жихатдан устунликлари ҳақида айтилган. Улар хатто хотинларини уришлари мумкин дейилган...
- Нахотки? - Шамс жуда қизиқиб қолган одамдай ифода билан сўрадики, у жиддий гапираяптими ёки устимдан кулаяптими, тушуна олмадим. Бироз жим тургач, меҳр билан жилмайди ва сура оятини ёддан ўқиди:
" Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар. Солиҳа аёллар–итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасидадирдир. Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг. Агар итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ юксак мақомли буюк зотдир."
Оятни ўқиб бўлгач, кўзини юмди, кейин худди ўша оятни бошқача сўзлар билан такрорлади:
Эркакларнинг аёллардан устунлиги шундаки, Худо кимгадир бошқаларга қараганда кўпроқ беради, шунингдек, улар ўзларидагини кўпроқ сарф этишади. Шунинг учун солиха аёллар Худога итоат этадилар ва уларнинг сирларини, Худо асрагандай асрайдилар. Солиха бўлмаган бошқа аёлларга келганда эса, улар билан жиддий гаплашинг, кейин тўшакларида ёлғиз қолдиринг, лекин фақат улар истаганларидагина, бирга бўлинг. Улар кечирим сўрасалар, ва сизни айбласалар, айбингизни оқлашга ҳаракат қилманг. Валлоҳу аълам. - У бироз жим қолди ва кейин сўради: - сен фарқини кўрдингми?
- Тушундим, - дедим мен. - иккинчи матннинг маъноси бутунлай бошқача. Биринчисида эрлар хотинларини урсин, дея маслахат берилгандай бўлиб кўринса, иккинчисида шунчаки ташлаб қўйиш кераклиги айтилаяпти. Менимча улар орасидаги фарқ катта. Нима учун бундай ?
- Нима учун бундай ? Нима учун ? - гўё саволимдан хурсанд бўлгандай, бирнеча марта такрорлади Шамс. - Кимё, ўзинг ҳақингда бирон нима гапириб бер. Сен дарёда сузганмисан ҳеч?
Мен бош ирғадим, ва болалик хотираларим ёдимга тушиб кетди. Таурус тоғларидан оқиб келаётган муздек сувли дарёлар кўз ўнгимда ёрқин намоён бўлди. Синглиси ва дўстлари билан дарё қирғоғида ва тоғ сувлари оқими ичра ҳам кўп баҳтли кунларни кечирган ўша қизалоқдан жуда кам қисм сақланиб қолган эди, ва мен Шамс кўзимда ёшни кўриб қолмасин деб, ўгрилиб олдим.
- Дарёга нарироқдан туриб қарасанг, Кимё, у яхлит бир оқим бўлиб кўринади. Лекин унга шўнғиб кирсанг сувнинг манбаълари кўплиги равшан бўлади. Дарёда оқимлар кўп бўлади, ва улар, гарчи бир-бирларига қўшилмасалар ҳамки, ўзаро уйғун бўлади.
Шу сўзларни айтиб у менга яқинлашли, икки бармоғи билан иягим остидан тутди ва мени дарвеш қалби акс этиб турган қопқора, тубсиз кўзларига қарашга мажбур этди. Юагим жуда қаттиқ уриб кетди ва нафасим тиқилиб қолди.
- Қуръон - бамисоли тез оқар даръё, - деди у. - Унга узоқдан қараган одам фақат бир оқимни кўради. Унда сузаётган одам эса, тўртта оқим борлигини ҳис этади. Худди дарёда турли балиқлар бўлгани ва қайсидир хилларига сув юзасида, қайсидирларига чуқурроқда сузиш афзал бўлгани каби.
- Мен тушуна олмадим, деб қўрқаман, - дедим мен, гарчи бу гапим тўғри эмаслигини билиб турсам ҳам.
- Юзароқда сузувчилар бу Қуръонни юзаки билувчилардир. Улар кўпчиликни ташкил этади. Улар сураларнинг теран маъносини англай олмай, юзаки қабул қилишади. Улар Ал-Нисо сураси оятларини ўқиб, эркак аёлдан юқори (устун) туради деб тушунишлари табиий. Чунки улар айни шундай талқин этилишини истайдилар.
- Бошқа оқимларчи? - сўрадим мен. Шамс хўрсинди:
- Яна уч оқим бор. Иккинчиси биринчисидан чуқурроқ, лекин у ҳам хийла юзароқда. Инсонда билим қанча кенг бўлса, Қуръонни тушуниш ҳам шунча чуқур бўлади.
Унинг гапларини эшитар эканман, ўзимни бир вақтнинг ўзида ҳам бўмбўш, ҳам тўлиб қолаётгандай ҳис этдим.
- Кейинчи? - сўрабим мен эҳтиёт билан.