Абдулла Орипов
МИЛЛАТ
5
Баҳор чоғи, меҳр билан қуёш чарақлар.
Булутлар ҳам момиққина ўрдакчалардай.
Бирданига ёмғир қуяр. Нақадар роҳат!
Сиз бу ҳолни биринчи бор кўрган эмассиз,
Сира-сира бекор турмас само даргоҳи.
Гоҳ ёмғирин юборгайдир, гоҳо қорларин.
Аҳён-аҳён сайёрамиз томорқасига
Тушиб қолар катта-кичик дайди тошлар ҳам.
Улар тубсиз коинотнинг йўлчиларидир.
Ўйинқароқ шамолларнинг шиддати билан
Қурбақа-ю балиқлар ҳам шўнғир осмондан.
Булар бари илму фанда жумбоқ эмасдир.
Ишонайин майли ҳар хил мўъжизаларга,
Ҳатто чалпак ёғиши ҳам мумкиндир, бироқ
Кўкдан одам тушганини биров кўрмаган.
Биз шу замин фарзандимиз, ернинг зурёди,
Яралганмиз тупроқ билан обиҳаётдан.
Шу боисдан, барчамизга замин онадир.
Инсон насли бир-биридан асло фарқ қилмас,
Бир тандирдан узилгандир, оқми ё қора.
Жуда узоқ даврларга кетгайдир хаёл.
Қайси бир йил ўзга юртда сафарда эдим,
Юрагимни сиқар эди мусофирчилик.
Боз устига гунг-соқовман, тилмоч бўлмаса.
Сайёҳликнинг йўриғи шул: Учрашиб қолдим
Кореялик бир нуроний онахон билан.
У, албатта, билмас эди ўзбеклигимни.
Бир зум қисиқ кўзларини тикканча кампир
Жилмайдию, шама қилди афтимга қараб:
- Ўз тилингни унутибсан, яхшимас, болам.
Сергак тортдим “болам” деган унинг сўзидан,
Она бўлмай ким у менга? Она-ку, ахир,
Ўша-ўша муштипару меҳрибон, мушфиқ.
Миллион йиллик тарихларни кавлаб юргувчи
Қадимшунос эмасман мен ё фолбин эмас.
Инсон зоти ўз-ўзини таниса, нетонг?!
Биз қачондир бир қавмдан тарқаб кетганмиз,
Сўзлашгин, деб турфа тил ҳам берган Худойим,
Бирлаш, дея байроқ тутган қўлларимизга.
Одамзотнинг поёни йўқ саргузашти бор,
Инсоният – илдизи бир яхлит чинордир.
Яшнаб турган баргларидир эллар, миллатлар.
Коинотда сайёрамиз чарх урар экан,
Кореялик кампир мени дуо қилганда,
Мен ҳам унинг ҳаловатин тилаб қоламан.
✍2012 йил 1 март
@abdullaorifijodi