Дўстларимизни тириклигида изламаймиз ҳам, излаб келса, қабул қилгимиз ҳам келмайди, ҳолларидан хабар олмаймиз, аммо вафотларини эшитган заҳоти жанозаларини ўқиб, дафн қилишга шошамиз. Ҳа, биз одамни кўмишни қойиллатамиз, аммо уни асрашга келганда четга ўтиб оламиз.
Кўпдан бери олимлар, улуғ кишиларнинг жанозаларида қатнашиб келаман. Яқин йилларда жуда кўп зубда инсонларимиздан айрилдик. Устоз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари, шайх Алоуддин Мансур жаноблари, Хайруллоҳ домла, Муҳаммад Алий домла, Олимхон тўрам, Довудхон тўрам, Зайниддин қори ака ва бошқа мўътабар инсонларнинг жанозаларида одамларимизнинг вафот этган кишиларга эҳтиром ва ихлосини кўрганда улардаги бу ихлосдан бағоят хурсанд бўлиш баробарида дилимдан бир хаёл ўтаверди: қани энди шу шавқу завқ, шу эҳтиром улар тириклигида ҳам бўлганида... Қани энди уларнинг тобутларига ўзимизни урганимиздек, тирикликларида уларнинг зиёратларига ҳам ошиқсак... (Ҳаётда эса кўпинча аксини кўрамиз: тирик пайтларида вақти келса, кўриб кўрмаганга, таниб танимаганга олиб юрамиз, вафот этишлари билан эса жасадлари турган тобутга қўл теккизишни катта муваффақият деб билиб қоламиз.) Қани энди вафот топган кишиларга бўлаётган эҳтиромга ўхшаш муносабатни уларнинг издошларига, ҳаётда қолган олиму фозилларга ҳам қила олсак... Ўтганлар ўтди, уларни ортга қайтариб бўлмайди, энди уларга қила олмаган қадру иззатни ҳаётда қолган аҳли фазл, аҳли донишлар, аҳли илм, аҳли Қуръонларга кўрсатсак эди... Ёки бизнинг ҳурмату икромимизга сазовор бўлиш учун улар олдин ўлиши керакми? Солиҳларимиз вафотидан ғам чеккандек, уларнинг норасида зурриётлари учун ҳам қайғуришимиз керак эмасми? Ёки биз фақат ўтганларни ҳурмат қиладиган, тирикларни эса хўрлайдиган, бепарво ташлаб қўядиган халқ бўлиб қолганмизми?
Қодирийни тириклигида яқинларига кўшиб отиб, бугун кўтар-кўтар қилар эканмиз, бугуннинг қодирийларига қандай муносабатда бўлмоқдамиз, шунга ҳам бир қараб кўйишимиз керак. Беҳбудийларнинг номини абадийлаштириш учун қарорлар қабул қилар эканмиз, бугуннинг беҳбудийлари учун нима қиляпмиз, бир сарҳисоб қилиб кўрайлик. Бухорийлар, Термизийларни улуғлаб, улар ҳақида фильмлар ишлаб, бинолар қуриб, анжуманлар ўтказар эканмиз, бугун Бухорий ва Термизийнинг издошлари бўлиб турган аҳли илмларга қандай муомалада бўлмоқдамиз, буни ҳам ўйлаб қўйиш керак. Ғиждувонийлар, Нақшбандийларнинг мақбараларига миллионлаб сарфлаб, зиёратларидан файз истар эканмиз, уларнинг бугунги ворисларини қанчалар қадрлай олмоқдамиз, бу ҳақда ҳам мулоҳаза юритишимиз даркор.
Ўлганларини қаҳрамон қилиб, тирикларини ўлдириш ўлик жамиятларга хос иш, тирик халқ бундай қилмайди. Уйғоқлар аввало уйғоқларни қадрлайди, уйқудагилар эса уйғоқларни кўра олмайди.
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид