Тўзим берсин жонларингга дегинг келади экан!(дилдан суҳбат 2-қисм)Канални салкам эрмакка очиб юритиб кўриб, блогерлардаги масъулиятни, юкни, босимни, дискомфортларни бироз ҳис қилгандай бўлдим.
Масъулияти нимадалигини айтаман. Ҳар куни бўлаётган нотўғри ишларни, адолатсизликларни, таъмагирликларни, ахмоқгарчиликларни ўзимизча ёритиб бошлар эканмиз, энди ўзимиз ҳам реал ҳаётда бундай воқеиликларга қарши тура олиш, жамиятимизнинг менталитетига қадар сингиб кетган бу каби иллатларга қарши курашиш мажбуриятини ҳам олиб қўярканмиз зиммамизга...
Юки эса шундан иборатки, бунга ҳеч ким пул тўламаса ҳам кам ёки кўп сонли обуначиларинг олдида бурчли бўлиб қолар экансан киши. Вақтинг, хоҳишинг борми-йўқми нималарнидир ёзишга, ёритишга уларни янги мавзулар билан таъминлаб туришинг кераклигини билиб, сезиб турасан киши... Энди аввалгидай бўлолмайсан... Ўзгаргансан, воқеа-ҳодисаларни ҳамма кўргани каби кўрмайсан...
Босими мавзуларни танлай бошлайсан, энг ёзгинг келганларини кейинга суриб, ўзингга ўзинг адвокатлик қиласан, "йўқ қўрқмаябман, шунчаки ҳозир мавриди эмас" деб, аслида эса доим юрагингда бироз бўлсада ҳадик бўлади. Виждонинг билан яккама-якка қолиб кетасан. Истаганларингни ёзмаганингда, ёки истаганингдай қилиб ёзишга журъатинг етмаганида ўзингни ўзинг ёмон кўриб кетасан...
Дискомфортлик келтирадиган жойи... Энг яқинларинг, ишонганларинг, сен билан апоқ-чапоқ бўлиб юрганларинг сенинг қилаётган ишларингни маъқулламай бошлайди, сендан узоқлашишади, бир пайтлар ёзишганларингни ўчириб чиқишади, сенга нисбатан ишончсизликларини таб тортмай, андиша қилмай кўрсата бошлашади... Одамларни кўзига балодай кўрина бошлайсан...
Сен эса чўнтагингда ҳемиринг бўлмаса ҳам одамларни уйғониши учун, келажак ҳаётимизни бугунгидан яхшироқ бўлиши учун адолат, ҳақиқат, қонун устуворлиги, ҳурфикрлик кабиларни тарғиб этишда давом этасан. Топаётганларинг билан йўқотаётганларинг ўртасидаги фарқни кўрмаганликка олишга интиласан...
Жуда-жуда олис бўлса ҳам юксак марраларни, ёрқин келажакни, орзуингдаги давлат ва жамиятни тасаввур этгангча, ақлинг ва юрагингни дийдиёсини эшитиб йўлингда давом этасан...
Энди йўлга чиқиб бўлгансан, ортга қайтиш ҳам, тўхташ ҳам бу ютқазиш, ўзлигингдан кечишинг демакдир. Давом этишинг ҳам ғалаба қозониш дегани эмас доим ҳам...
Мана шундай ўйлар билан яшайсан, постлар жойлайсан, топасан, йўқотасан... Фақат бир нарсага аминсан: СЕН БОРСАН, ТИРИКСАН!!! Юрагинг жизиллаб ўз Ватанингни ёки ватандошларингни танқид қилаётган бўлсангда, ўзингни ватанпарвар дейишга ҳақли ҳисоблаб бошлайсан, буни яширмайсан, уялмайсан, бошқалар фикри билан яшашдан тўхтайсан, ўз оламингда яшай бошлайсан!..
Айтганча умид билан кимдир қўшилар деб постларинг остига каналинг линкини ёпиштира бошлайсан...
Канал 👉
@ijtimoiy_hayot👨💻
@Mehroj_Ergashev