Қирқинчи довонга термулиб,
Ўйлайман: тўрвада нима бор?
Чопқиллаб чиқишга ғайрат йўқ,
Эмаклаб боришга қўймас ор.
Қисматим - тўрт дона суратдир,
Оқ-қора, оқ-қора, оқ-қора.
Товонда хиргойи қиламан,
Бошимда чаламан ноғора...
Қўқондан то Тошканга қадар
Ушоқдек сочилган умрим бор.
Кўнгилнинг энг чуқур ерида,
Чиройли бир соқов қумри бор...
Одамга ўхшайман баъзида -
Одамга бўламан интизор.
Кўз очсам - дунё бор, кўз юмсам -
Уйқу бермайдиган бир қиз бор...
Тупроқдек самимий ҳабиб йўқ,
Булутдек омонат дўстлар бор.
Тишлагим келади бармоғим -
Кўзлар бор, кўзлар бор, кўзлар бор...
Отам бор, онам бор - бутунман,
Бағримда бир бахтли аёл бор.
Яхшиям, яхшиям, яхшиям -
Хаёл бор, хаёл бор, хаёл бор...
Қирқинчи довонга термулиб,
Айтаман: дунёда нима бор?
Бахтли кимсаларни ёнида
Одамдек яшашга қўймас ор...
Шуҳрат ОРИФ
@shomuz - Yo‘limiz bir!