Oʻzbekoyim dan repost
Шарҳ: Исломдан олдинги жоҳилиятда ҳам жоҳилликнинг турли-туман кўринишлари мавжуд эди. Жумладан, тибга оид масалаларда ҳам. Ушбу фаслда келадиган ҳадиси шарифлар ана ўша нарсаларни муолажа қилади, уларни Ислом дини қандай қилиб тўғри йўлга солганлигини тушунтиради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қи¬линган бу ҳадиси шарифда жоҳилиятнинг тўртта жоҳиллиги инкор қилинмоқда. «Касаллик юқиши йўқ» Жоҳилият аҳлида «Хасталикларда ўзига яраша қувват бор, улар бир кишидан иккинчисига ўша қувват ёрдамида ўтади», деган эътиқод бор эди. Ҳозирги жоҳилиятда ҳам худди шу эътиқод бор. «Ундай бўлса, хасталик юқиши йўқми?» деган савол пайдо бўлиши турган гап. Бунга жавоб шуки, хасталик Аллоҳ ирода қилсагина юқади. Худди шу маъно Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифларида ва шунга ўхшаш бошқа ҳадиси шарифлардаги «Касаллик юқиши йўқ» деган гапларида мужассам бўлган. Дунёдаги ҳар бир нарса фақатгина Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади. Жумладан, хасталик юқиши ҳам.