SAVIYA.UZ


Kanal geosi va tili: O‘zbekiston, O‘zbekcha
Toifa: Kitoblar


Qiziqarli hikoyalar, sheʼrlar, maqolalar, suhbatlar
saviya.uz
Bogʻlanish uchun:
@saviyauz_xatlar_bot

Связанные каналы

Kanal geosi va tili
O‘zbekiston, O‘zbekcha
Statistika
Postlar filtri


Orif Tolib dan repost
Ифода тарзи ўзбекча бўлсин

Гап фақат сўзларда – нарсаларнинг отини, сифатини, миқдорини, ҳаракатини, тарзини англатувчи калималардагина эмас. Фикр-муносабатни баён этишда турли элларнинг ҳар бири бошқача-бошқача сўз ва ифода тарзини танлайди. Масалан, биз “хоҳламайман” десак, руслар “не хочу” дейди. Шу оддий бир мисолда туркий халқлар аввал предмет(хоҳла)ни атаб, сўнг уни инкор қилса (+майман), ҳинд-европа тил оиласига мансуб тилларда сўзлашувчиларда бунинг акси: аввал инкор этиб (не), сўнг предмет(хочу)нинг нима эканини билдириши аён бўлади.

Бизда ҳозир бир қисм одамлар ана шундай ўзига хосликлар борлигини ё унутиб юборган ёки англамайди. Оқибатда кўп фикрлар ҳиссиз, жонсиз ҳолда бошқа одамга етиб боради. Таржима тили жонли сўзлашув нутқига ҳам кучли таъсир ўтказа бошлаган, ҳозирги замонда бу нарса жуда сезиляпти.

“Мен ўйлайманки...” (я думаю, что...), “бир сўз билан айтганда” (словом) деб гап бошлайдиган одамларнинг аксари ё ўзбек эмас, ёки она тилига бегоналашган ўгай ўзбек бўлиб чиқади.

Тилнинг миллий табиатини ҳис этмаган одам нимани таржима қилмасин, аслият тили жодусига берилиб, “аслига тўғри” қилиб ағдариб кетаверади. Ана шундай мутаржимлар туфайли бизда “таржима тили” деган аросат пайдо бўлган: ўқисанг – англамайсан, айтсанг – биров тушунмайди. Ахир, масалан, “бандликка кўмаклашиш” нима дегани? Тили бузилмаган ўзбек бу гапни эшитса, кимдир (ишга) банд, унга ёрдам бериш керак экан, деб ўйлайди. Яна бу алмойининг “бандликни таъминлаш” (обеспечение занятости) деган алжойиси ҳам бор. Шунинг ўрнига, “иш топишга кўмаклашиш”, “иш топиб бериш” десак, ким нимани ютқизади?

Зуҳриддин Исомиддиновнинг “Таржима ва тил” мақоласидан.
ЎзАС, 2021 йил 26 ноябр

@oriftolib


Orif Tolib dan repost
Тузатилаётган лотинча имло: ҳадиклар нечоғлик ўринли?

Шу кунларда Президентнинг тегишли фармонида белгиланган вазифа – лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини, имло қоидаларини янада такомиллаштириш ва янги ёзувга тўлиқ ўтишни таъминлаш масаласи бўйича сўнгги босқичга қадам қўйилди.

Тилчилар ва бошқа мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ ўз ишини якунлаб, алифбонинг тузатилган вариантини тақдим этди.

Айнан тузатилган вариантини! Чунки жорий лотинча алифбо қатор хато ва ноқулайликларга эга. Лекин алифбони тузатишга тиш-тирноғи билан қарши бўлганлар “Алифбо ўзгармоқда”, “Яна янги алифбо қабул қилинмоқда”, дея сўз ўйини қилиб, одамларни чалғитишга, сувни лойқалатишга уринмоқда.

Аслида алифбо янги эмас, у шунчаки ислоҳ қилинди. Ундаги хатолар тузатилди. Алифбодаги 30 та ҳарфдан 3 таси (Sh, Ch, ng) жузъий ўзгартирилмоқда. 2 таси (O‘ ва G‘) ёзма кўринишига мослаштирилмоқда. Қолган 25 та ҳарф ўзгармайди.

Kun.uz нашрида журналист Шуҳрат Шокиржоновнинг тузатилаётган алифбо ҳақидаги мақоласи эълон қилинди. Унда ислоҳнинг зарурияти, аҳамияти ва моҳияти яна бир бор кўрсатиб берилган. Тўлиқ ўқиб чиқишни тавсия қиламан.

👉 Тўлиқ ўқиш

@oriftolib


Shahnoza Soatova blogi dan repost
#статистика

Бугунги кунда республика миқёсида номида group (гуруҳ) сўзи иштирок этган 8553 та, grand (юқори) сўзи иштирок этган 3766 та, golden (олтин) сўзи иштирок этган 1997 та, sity (шаҳар) сўзи иштирок этган 1696 та маҳаллий корхоналар фаолият юритиб келмоқда.

Шугина статистика орқали ўзбек тилига муносабатимиздан тортиб сўнгги йиллардаги “ситисеварлигимиз”гача талай хулосалар чиқариш мумкин. Ном танлашда ҳам бирам зерикарлимиз-кии((

@shahnozxon


Orif Tolib dan repost
Канал гуруҳида бир эълон билан бўлишишди. Азиз Нур исмли ижодкор йигит оғир хасталик билан курашаётган экан. Тўртта операцияни бошдан кечирибди. Биладиганлар беморнинг аҳволи ҳақида батафсил ёзишган. Ҳали ўттизга ҳам кирмаган бу йигитнинг дардини ҳис қилгандай бўлдим.

Имконингиз бўлса, моддий ёрдам беринг. Ҳаққига дуо қилинг. Аллоҳ комил шифо ва нажот берсин.

Қилган эҳсонингиз камида ўн баравар бўлиб қайтади. Мен бунга ҳаётда жуда кўп гувоҳ бўлган, бунинг ҳақиқатини танасида ҳис қилган одамман. Ҳақнинг ваъдаси – ҳақ. Эҳсон қилинг, бойийсиз. Йўқ деганда руҳан бир поғона юксаласиз. Биттагина шарти бор, холос – буни риёсиз, тамасиз, холис бажарсангиз бўлди.

UZCARD 8600061076558492
Tojimatov Azizbek

HUMO 9860350102401345

Tojimatov Azizbek

@oriftolib


Orif Tolib dan repost
Яхши одамлар маҳалласи

Адҳамжон ишдан қайтаётганди. Кўп қаватли уйлари эшигига ёпиштирилган эълон диққатини тортди: “Азизлар, кундуз 10:20 ларда шу ерда юз минг сўм пулим тушиб қолибди. Якка-ёлғизман, фақат нафақа билан кун кўраман. Ким топса, тўртинчи қават, йигирма тўртинчи уйдаги Меҳри холага учрашсин”. Ахир, бу уларнинг тепасидаги уйда турадиган аёл-ку. Адҳамжоннинг хотини ора-сира кампирнинг ҳолидан хабар олиб туради, овқат, нон-чой дегандай. Биргина улар эмас, бошқа қўни-қўшнилар ҳам аёлга ёлғизлигини билдиришмайди.

“Кўчада ётган бир даста пулни бирорта ўткинчи олиб кетган бўлиши ҳам мумкин. Кел, шу кампирга мендан ҳадя бўлсин. Пулингизни топиб олдим деб ўша юз минг сўмни эҳсон қила қолай”, деб ўйлади Адҳамжон. Тўртинчи қаватга кўтарилиб, эшик қўнғироғини босди. Бироз ўтиб, ичкаридан олтмиш-олт­миш беш ёшлардаги истарали кампир чиқиб келди. Йигитнинг қўлидаги пулга кўзи тушиб, кўзларига ёш олди. Сўнг қўлини очиб узоқ дуо қилди. Адҳамжоннинг касб-корига барака тилади, тутгани олтин бўлишини, Аллоҳ унга ғойибидан етказишини сўради. Аммо пулни олмади. Уринишлар бесамар кетди. Аёл қатъий рад этди. Сўнг ўша эълонни олиб ташлаш учун пастга тушиб кетди. Маълум бўлишича, Адҳамжон пулни “топиб олган”ларнинг еттинчиси экан.

Ориф Толиб


Orif Tolib dan repost
“Хилқат” нима дегани?

Хилқат
сўзини гўзал, чиройли; фазилат, яхши хислат каби мазмунда тушуниш ҳам учраб туради. Лекин бу – хато. Сўзнинг маъносини тўлиқ билмай ёки тахминий маънода қўллаш кулгили ва қўпол маънолар чиқиб қолишига сабаб бўлиши мумкин.

Хилқат араб тилидан кирган, аслиятда табиат; ташқи кўриниш; тузилиш; шакл маъноларни англатади. Ўзбек тилида яратилган, бунёдга келган нарса ёки кимсани англатади. Бу сўз асосан китобий тилда қўлланади:

Бунчалар сирлисан, о қаттол олам,
Бунчалар бедилсан, бепоён хилқа
т.
А. Орипов.

Бемор менга узоқ тикилиб турди. Худди мени биринчи кўраётгандай, ажиб хилқатга тикилаётгандай томоша қилди.
А. Нурмуродов, Уруш бевалари.

Этимологик луғатда ёзилишича, Бу арабча сўз хилқат(ун) шаклига эга, халуқа феълидан ясалган ва аслиятда кўриниш, шакл-шамойил маъносини англатади.

@oriftolib


Daryo — LIVE dan repost
​​«Ғалати парадокс бор: ёзувчилик ҳам касб – аммо маош тўланмайдиган касб». Ёзувчи Саъдулла Қуронов билан болалар насридаги муаммолар ҳақида суҳбат

Ўзбек болалар адабиётида турғунлик, якранглик охирги пайтлари анча бўртиб, кўзга ташланиб қолди. Ёзилаётган аксар китоблар аввалги тажрибаларни такрорлаётгандек гўё. Кўз ўнгимиздаги сон-саноқсиз мавзу-муаммоларни адабий асар воситасида етказадиган, тасвирлайдиган ижодкор (айниқса, ёшлар) камдек, назаримизда. Икки йилча аввал чоп этилган «Галактикада бир кун» илмий-фантастик қисса ва саноқли китобларни айтмаса, болалар насрида жиддий ўзгариш, ривожланиш, олдинга силжиш кузатилаётгани йўқ. Бугун шу қиссаси билан болалар оламига кирган ва улар учун романлар ёзаётган ёзувчи Саъдулло Қуронов билан ўзбек болалар адабиёти муаммолари, китобхонлик, адабий танқидчилик, ноширлик ҳақида суҳбатлашдик.

– Сизни аввалига адабиётшунос, мунаққид деб билардик. Модернизм, постмодернизм ҳақида мақолалар, шеърият ва рангтасвир синтезига оид монографиялар ёздингиз. Лекин китобхонларга кўпроқ болалар ёзувчиси бўлиб танилдингиз. Бир-бирига сира ўхшамаган – шунослар оламидан бола дунёсига ўтишнинг ўзи бўладими(!) – қутбда туриб, бири иккинчисидан айро жабҳани баравар ушлаш қийин эмасми?

– Биласизми, 7–8 йиллар олдин кучли ижодий депрессияни бошдан кечирдим. У вақтлар эндигина бир нечта мақолаларим, кичик илмий тўпламим билан адабий жараёнга, адабиётшунослар сафига кириб келгандек эдим гўё. Ҳар қалай, ўзим учун шундай туйилганди. Бироқ илмий-ижодий жараён эйфориялари тиниб, ўзимга ва вазиятимга бироз юқоридан қараганимда бутунлай бошқа манзарани кўра бошладим. Адабий журнал ва газеталарнинг нуфузи тушиб, тиражи борган сари камайиб борарди. Нафақат адабиётшунослик, балки адабиётнинг ўзи ҳам жамиятнинг равишига таъсир қилмай қўйган, тубсиз жарлик ёқасидан бораётган соҳага ўхшаб кўринди менга. «Адабиётшунослик менинг амбицияларим учун тор» деган хаёлларга ҳам борганман. Йўқ, бу менга – вужуди олам-олам орзу ва истаклар билан тўлган ёш йигитга шундай туйилган, холос! Аслида ундай эмаслигини кейинроқ, яна-да улғайиб, фикр-қарашларим теранлашганда тушуниб етдим. Ҳозир эсласам... куламан.

Ҳа-я, бу нега гапни ижодий депрессиядан бошлади деб ўйлаётгандирсиз. Гап шундаки, мана шу тушкунлик бўлмаганида, мен болалар адабиётига кирмаган, унга қўл урмаган бўлардим, балки.

2015 йили «Шарқ юлдузи» журналидан бўшаб, фаолиятимни «Жажжи академик» болалар журналида давом эттирдим. Болалар учун илмий-оммабоп мавзуларда мақолалар ёза бошладим. Жажжи ўқувчи дўстларимнинг қизиқишини кўриб ижодий завқим яна-да ортарди. Мен учун бирдан ҳаммаси ўзгарди. Болалар учун ёзарканман, ўзимни жамият учун керакли шахс сифатида тасаввур қила бошладим. Бу менга куч берди. Қайтага адабиётшуносликда ҳам, ёзувчиликда ҳам баравар ижод қилишга илҳом келди. Мен PhD диссертацияси ва фантастик қиссамни бир вақтда – параллел ёздим. Айни дамда ҳам докторлик диссертацияси билан бирга илмий-фантастик роман ёзяпман. Айтмоқчиманки, бу икки қутб бир-бирига халал бермайди. Қайтага, назарий билимларга эга эканим қўл келади.

Батафсил

@daryo_live


Mubaşşir Ahmad dan repost
Ривожланган давлатларда китобларга ҚҚС 0% дейилибди, мен яна қўшимча қиламан, Малайзияда фуқароларнинг китоб хариди учун ишлатган пули солиқдан озод қилинади. Яъни, йил охирида солиқ декларацияси тўлдириб, йил давомида сотиб олган китобларингиз суммасини киритасиз ва давлат сиздан олинган солиқдан китобларга сарфлаган суммангизни чиқариб ташлайди ва банк рақамингизга қайтариб ташлаб беради.

© Anvar Nazrulloh

@MubashshirAhmad


Orif Tolib dan repost
Айб кимда?

Бир киши хотини олдингидай эшитмаётганини пайқаб қолди. Бундан ташвишга тушди, балки қулоғига махсус эшитиш ускунаси тақиши керакдир деган ўй ҳам ўтди бошидан. Шундай мулоҳазалар билан дўхтир ҳузурига йўл олди. Ҳар ҳолда мутахассис билан маслаҳатлашган яхши-да.

Унинг арзини тинглаган шифокор бир синов усулини ўргатди:

– Хотинингиздан қирқ қадам нарида турасиз, одатий суҳбатдагидай товушда гапириб кўрасиз. Агар эшитмаса, масофани ўттиз қадамга қисқартирасиз. Яна бўлмаса, йигирма қадам. Хуллас, сизни эшитгунча яқинлашаверасиз.

У бу тажрибани ўша кун оқшомдаёқ қўллашга киришди. Хотини ошхонада куймаланиб юрганини кўргач, қирқ одим нарига борди-да:

– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз? – деди.

Жавоб йўқ. Одам масофани ўттиз қадамга қисқартириб, саволини қайтарди:

– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз?

Яна жавоб йўқ. Энди йигирма метр масофада туриб сўради:

– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз?

Наҳотки! Яна жавоб бўлмади-ку!

Эр ошхона эшиги яқинига келди-да, сўровини тағин такрорлади:

– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз?

Тавба-тавба! “Нима бало, аёлимнинг қулоғи том битганми?!” деб ўйлади у. Бу сафар хотинига жудаям яқин келди:

– Онажониси, бугун кечки овқатга нима пиширяпсиз?

Ва ниҳоят шу гал аёли жавоб берди:

– Дадажониси, бешинчи марта қайтаряпман: ош дамлаяпман, ош.

Биз кўпинча муаммони қаршимиздаги кишилардан ахтарамиз. Балки айб ўзимиздадир. Буни эса хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Оқил одамнинг энг устун жиҳатлардан бири бошқаларнинг эмас, ўзининг нуқсонлари ҳақида мушоҳада юритиши ва уларни тўғрилашидир.

@oriftolib


Shahnoza Soatova blogi dan repost
Бу воқеа Канадада бўлмаган...

Шу кунларда ижтимоий тармоқлар ва телеграмнинг ўзбек сегментида “Бу воқеа Канадада бўлган...” сарлавҳали пост кенг тарқалди.

Постда киборларга хос кийинган, юзи ташвишли қария сурати жойлаштирилиб, бу одам муҳтожлик ортидан нон ўғирлагани, судья унга 10 доллар жарима солгани ва уни ўзи тўлагани, судда йиғилганлар ҳам чолга пул йиғиб бергани, воқеа Канадада бўлгани (эътибор берилса отахоннинг чап кўксида Канада эмас, АҚШ-Аргентина байроғи акс этган) тўғрисидаги ибратли ривоят акс этган.

Ушбу “реал воқеа” интернетдаги “сариқ матбуот”, яъни катта аудиторияга эга маиший-кўнгилочар, диний-маърифий каналлар, саҳифа ва гуруҳлардан тортиб — айрим давлат идоралари, кўзга кўринган депутатларимизнинг расмий манбаларида ҳам эълон қилинди.

Халқимизда ажойиб нақл бор: “Ялтираган ҳар нарса — олтин бўлавермайди”. Айниқса, ижтимоий тармоқларда ўтирганда буни ёддан чиқармаслик керак. Юқоридаги ривоят “қаҳрамони”, яъни сиз суратда кўриб турган ушбу қария ҳам аслида оч қолганидан нон ўғирлаган фақир-бечора эмас, аксинча катта миқдордаги пуллар эвазига наркотик воситалар контрабандаси билан шуғулланган ашаддий жиноятчи — жон ўғриси...
2011 йилда Детройт (АҚШ) полицияси 87 ёшли Лео Шарп бошқарувидаги шубҳали пикапни тўхтатади. Текширувлар натижасида мошинада 200 фунт оғирликдаги (1 фунт - 0,45359237 кг) кокаин моддаси яширилгани аниқланади. Кейин маълум бўлишича, “отахон” бу иш билан йиллар мобайнида шуғулланган, “меҳнат фаолияти” давомида жами 1 минг 250 кг. кокаин ташиган ва бунинг учун 1 млн. доллардан кўпроқ бойлик орттирган.

Лео Шарпнинг ёши ва уруш қатнашчиси эканлиги эътиборга олиниб, унга 14 йил ўрнига — уч йиллик қамоқ жазоси тайинланади. (АҚШда 2018 йилда суратга олинган “Наркокурьер” фильмида айнан Шарпнинг ҳаёти тасвирланган).

Аслида, ижтимоий тармоқларда Лео Шарп сурати фонида вирус каби тарқалаётган постда одамийлик, адолатли жамият ғоялари илгари сурилган. Суратдан, қариянинг мазлум қиёфасидан шунчаки пост таъсирчанлигини ошириш мақсадида фойдаланилган.
Бироқ, ҳозирги медиа майдонида битта аччиқ ҳақиқат бор: бир қарашда безарар кўринган ва ҳисларингизга мўлжаллаб йўналтирилган аксарият ахборотлар замирида манфаат ётади.
Яъни, ҳозирги ахборот асрида рост билан ёлғонни ажратишни ўрганмасак, эртага афандининг: “Ҳов анови ерда ёнғоқлар сочилиб ётибди” деган биргина лофига ишониб, иштонини қўлтиқлаб югурадиган лақма болалардан фарқимиз қолмайди.
Бу эса жуда хавфли.

Пост тугади

Юқоридаги фактчекинг тадқиқотини журналист Дилшод Нуриллоҳнинг фейсбук саҳифасида кўриб, аввал ўзим фактчекингни фактчекинг қилиб кўрдим. Чиндан ҳам googl.га Лео Шарп деб қидирув берсангиз, дунёдаги энг кекса наркоташувчи деб ушбу сурат чиқиб келяпти. "Судья қарияга нон ўғирлагани учун 10 долларга жарима солди" деган мазмундаги хабарлар эса 2020 йилнинг бошларидан бошлаб шубҳали кликбейт сарлавҳалар ортидан кун кўрувчи сайтлар ва айрим ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали тарқала бошланган, бирор ишончли манбада бу хабарнинг/воқеанинг тасдиғини учратмадим.

Афсуски, интернет ўзбек сегментида фейк аллақачон минглаб марта улашилиб, кенг аудиторияларга тарқалиб бўлгани ҳолда, Дилшод Нуриллоҳнинг юқоридаги пости уч кунда бор-йўғи 20 танинг нари-берисида реакция олибди, мен шу сабабли ҳам ушбу постни каналимда улашишга қарор қилдим.

Қайсидир буюк айтганидек, "Ҳақиқат иштонини кийгунича, ёлғон ярим дунёни айланиб чиқади". Лекин биз асли адолат, ҳақиқат учун курашар эканмиз, воситаларимиз ҳам ниятларимиз қадар тоза, ўзимиз эса ҳушёр бўлишимиз керак. Фейклар орқали одамларнинг ҳисларига тез таъсир қилиш осон бўлса-да, улар бир кун (майли кичикроқ аудиторияда бўлсин) ёлғонлиги ошкор бўлгач, буюк ғояларнинг обрўсини туширади, тоза ниятларга доғ бўлади.

Ҳар қандай хабарни катта аудиторияларга тарқатишда жиддий фактчекинг зарур!

@shahnozxon


Orif Tolib dan repost
Эгаси йўқ муаммо: имлодаги чалкашликларга ечим керак

Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари тасдиқлангач, 1995 йили мактаблар учун қўлланма сифатида имло луғати нашр этилди. Кейинчалик 2013 йили 85 000 дан ортиқ сўзни ўз ичига олган ва ҳозирча ўзбек лотин алифбосидаги энг қамровли имло луғати босмадан чиқди. Икки луғатдаги бир неча ўнлаб сўзлар имлосида фарқ бор. Шу сабабли фойдаланувчилар орасида турли тушунмовчилик ва чалкашликлар пайдо бўлган. 2013 йилги луғат чоп этилганига ҳам саккиз йил бўляпти. Лекин қайси луғатга асосланиш кераклиги ҳақида ҳалигача аниқ кўрсатма йўқ. Хўш, бу масалани ким ҳал қилиб беради? Давлат тилини ривожлантириш департаментими, ЎзРФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтими ёки Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетими?

Бугун асосан иккита луғатга: 1995 йили “Oʻqituvchi” ва 2013 йили “Akademnashr” нашриётида чоп этилган луғатларга кўп мурожаат қилинади. Бироқ бу икки луғатда бир-бирини рад қиладиган ўринлар бор.

Жумладан, 1995 йилги луғатга sentabr, oktabr шаклида киритилган сўзлар 2013 йилги луғатдан sentyabr, oktyabr кўринишида ўрин олган.

Хўш, бу икки луғатдан қайси биридан фойдаланиш керак? Қуйида икки луғатда турлича ёзилган сўзлардан баъзилари билан танишиш мумкин:

1995 йилги луғатга кўра ёзилиши

Aluminiy
Brilyant
Budjet
Dirijor
Dujina
Duym
Glukoza
Kastrul
Kastum
Lustra
Miniatura
Parashut
Regulator
Rejissor
Verstka

2013 йилги луғатга кўра ёзилиши

Alyuminiy
Brilliant
Byudjet
Dirijyor
Dyujina
Dyuym
Glyukoza
Kastryul
Kostyum
Lyustra
Miniatyura
Parashyut
Regulyator
Rejissyor
Vyorstka

Айни дамда Миллий ўқув дастури бўйича дарсликлар янгитдан ишланяпти. Бу жараёнда қайси бир луғатдан фойдаланиш масаласи кўндаланг турибди. Шу пайтгача чиққан аксарият дарсликлар 1995 йилги луғатга асосланган. Ўқитувчилар ўн йиллар давомида ўқувчиларга сўзларни sentabr, oktabr, budjet, miniatura, drijor шаклида ёзишни ўргатиб келган. Аммо 1995 йилги луғатдан давомли фойдаланиш ўзини оқламайди. Чунки унда сўз кам. Оддий natyurmort, kompyuter каби сўзлар киритилмаган. Ҳолбуки, ҳозир бу тушунчалар билан ўқувчилар биринчи синфдаёқ танишяпти.

Нашрга тайёрланилаётган дарсликларда кўп сўзли ва нисбатан кейинги нашр бўлгани учун 2013 йилги луғатга асосланиляпти. Бироқ ҳали китоблар чоп этилмасиданоқ муаллифлар, тақризчилар, экспертлар ва амалиётчи ўқитувчилар ўртасида имло масаласида тушунмовчиликлар келиб чиқяпти. Уларга-ку бир амаллаб тушунтирса бўлади. Лекин эртага ўн мингдан ортиқ мактабда дарс бераётган бир неча ўн минглаб ўқитувчиларга, олдин сўзни бошқа шаклда ёзиб ўрганган ўқувчиларга қандай изоҳ бериш мумкин?

2013 йилги луғат чиққанига саккиз йил бўляпти. Ҳозирча энг катта, қамровли луғат – шу. Қайси луғатга асосланиш масаласи нега ҳалигача узил-кесил ҳал этилмаган, деган ҳақли савол туғилади. Саволнинг жавоби ҳозирча йўқ...

Ечимини кутаётган савол шу: дарслик ва қўлланмаларда қайси луғатдан фойдаланиш керак? Имло принципидаги чалкашликларда (xilmaxillik, ketma-ketlik каби) қандай йўл тутиш зарур?

Тил масаласига масъул ташкилотлардан бу борада расмий жавоб кутамиз.

👉 Тўлиқ ўқиш

@oriftolib


“Asaxiy Books” лойиҳасини китоб бозорида янги қон бўламиз деб бошлагандик. Шу кунгача лойиҳага икки миллиард сўмдан ортиқ харажат қилдик. Икки йилдан бери Asaxiy Uz интернет-дўконидан келган даромадимиз шу лойихага кетади. Пул етмаган жойда қарз олиб бўлсада, китоб чиқардик. Қайсидир маънода ўзбек китоб бозорида ўзгаришлар қилолдик.

Бошиданоқ лойиҳани муаллифлик ҳуқуқини хурмат қилган ҳолатда қонуний тарзда ташкиллаштиришга ҳаракат қилдик.

Китобхонларимизда илк маротаба «1984», “Элжернонга аталган гуллар», “Стив Жобс”, «Ибтидо» каби китобларни ўқиш имконияти пайдо бўлди.

Лекин, афсуски Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ муаммолар бизни ҳам безовта қилмасдан қолмаяпти. Шу вақтгача бир нечта телеграм ва YouTube каналлари китобларимизни ноқонуний тарзда электрон ёки аудио шаклида тарқатиб келишди. Ҳар сафар улар билан боғланиб, яхши муомала билан вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилдик. Баъзида тушунишди, баъзида йўқ.

Яқинда бўлса Уолтер Айзексон томонидан ёзилган “Стив Жобс” китобимизни контрафакт қилиб тарқатилаётганлиги ҳақида хабарлар етиб келди. Ҳаракатларимиз билан котрафактлардан бирини топдик. Бу пичоқнинг суякка келиб тақалиши эди. Ушбу ҳолатдан сўнг дўстим Баҳодир Аҳмедов билан бу масалада жиддий иш бошладик. Чунки бошқачасига муаммони ечиб бўлмас эди. Шу мақсадда биз Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига даво аризаси киритдик.

Аризага қуйидаги ҳужжатларни тақдим этдик.

1. АҚШлик муаллиф Уолтер Айзексондан ўзбек тилига таржима қилиш учун сотиб олинган китобнинг муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги шартнома

2. Китоб таржимони билан қилинган шартнома

3. «Ниҳол» нашриёти билан қилинган шартнома

Бугун Интеллектуал мулк агентлигидан ишни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига ўтказилганлиги ҳақида хат олдик. Умид қиламизки, департамент ишни охиригача олиб боради ва бизнинг қонуний ҳуқуқларимизни ҳимоя қилади.

Ушбу маълумот Республиканинг йирик ОАВларига ҳам жўнатилди. Биз курашимизни давом эттирамиз. Хоҳ электрон, хоҳ аудио, хоҳ китоб шаклида бўлсин, биз ўз ҳуқуқларимизни ҳимоя қиламиз.

Якунда шуни айтиб ўтишим керакки, биз бир дона китобнинг бозорга тайёр бўлиб чиқиши учун бир неча юз миллионлаб харажат қиламиз. Ҳар бир китоб бу ўнлаб инсонларнинг бир неча ойлик, баъзида йиллик ҳам меҳнатидир. Ушбу китоблар контрафакт қилиб сиз нафақат бизнинг ҳаққимизга хиёнат қиласиз, балки келажакда чиқиши мумкин бўлган бошқа китобларни ҳам ўлдирасиз. Бировнинг қонуний ҳаққига хиёнат қилиш на дунёвий томондан, на диний томондан тўғри эмас. Сиз менинг ва жамоамнинг ҳаққига хиёнат қилдингиз, бизнинг мулкни ўғирладингиз, қиёматда қўлим ёқангизда бўлади.

Бу масалада биз курашни энди бошладик, лекин ҳеч қачон тўхтатмаймиз.


ОАВ, блогер ва ноширларимизни Ўзбекистонда китобхонлик келажаги учун ушбу мавзуда фаол бўлишларини сўраб қолган бўлардим.


@allaevuzb


Kometa.uz | Блог dan repost
Янги очилган бир каналга кўзим тушиб қолди. Хаваскор(лар) томонидан очилгани турган гап, ўзбек тилида тўғри бўлган сўзларни хато дея маълумот беришяпти. Аксинча, муҳокама гуруҳида тўғри фикр билдирганларга эса битта эски имло луғатидан сурат ташлашяпти.

Юқоридаги скриншотда қуйидаги сўзлар хато дейилган, ҳолбуки бундай эмас:

qaynona; (qayn-ona — мантиқан ўйласа ҳам, исталган луғатдан текширса ҳам — тўғри)
alyuminiy; (sentyabr, oktyabr сингари баҳсли. Аслида инглизлар ҳам, руслар ҳам, биз ҳам шундай талаффуз қиламиз)


Муайян тилнинг тўғри ва хато жиҳатларини ҳеч қачон (!) битта имло луғати ёки қарор билан тасдиқланган китоб белгилаб бермайди. Изоҳли, морфем, имло, синтаксис ва бошқа кўплаб луғатлардан текшириб; бадиий, илмий, расмий адабиётларни яхшилаб қараб чиқиш лозим.

Ҳар доим ҳам сизга ўргатишганини қилаверманг, ўзингиз ҳам изланинг, таққосланг, хулоса чиқаринг. Бунақа нопрофессионал псевдосаводлиларни эса кузатишни мутлақо тавсия қилмайман.

@kometauz


Рамазон

Қишлоқ Рамазонни кутади ойлаб,
Бу ой бутун олам ҳайратда қолар:
Улкан дуоларни кўнглига жойлаб
Рамазон айтади митти болалар.

Бўйлари баланд-паст – туришар қатор,
Юзлари бўжалоқ, юраклари оқ.
Жўр бўлиб энг эзгу қўшиқни айтар,
Кўзлари қоп-қора, тилаклари оқ.

Ёмон назарлардан асраб, яшириб
Умид олиб келар эшигингизга.
Ўзидай қоракўз, ўзидай ширин
Ўғиллар тилайди бешигингизга.

Сиз ҳам улашасиз топган-тутганни,
Мириқиб-мириқиб яйрайди улар.
Сезмай ҳам қоласиз дард кетганини
Кўнглингиз ювганда тиниқ кулгулар.

Асли, эҳсон қилар болалар сизга,
Аямай сочади бахт даракларин.
Бир ҳовуч туршагу қанд-қурсингизга
Алишиб кетади пок тилакларин.

Ориф Толиб

2011

@oriftolib


Шоир

Аркадий Аверченко,
Россия

...Чой ичишдан ҳам, таксига чиқишдан ҳам қўрқдим, учраган одамдан яшириниб-яшириниб, пиёдалаб офисга етиб келдим. Шошганим учун кўринишимдан бир таҳририятнинг бошлиғига эмас, ҳозиргина жиннихонадан қочган дайдига ўхшаб қолгандим, кира солишим билан қўлимга илинган қоғозга ёза бошладим:

– Ариза (нуқта). Бош муҳаррирлик вазифасидан озод қилинай, ёлвораман, ҳайдаб юборинглар мени…

Рус тилидан
Раҳмат Бобожон
таржимаси

👉 Тўлиқ ўқиш

@saviyauz


Лолақизғалдоқ

Шавкат Раҳмон хотирасига

Мендан нима қолар:
Икки мисра шеър,
Икки сандиқ китоб,
Бир уюм тупроқ.
Одамлар ортимдан
Нима деса дер,
Мен сени ўйлайман
Ўзимдан кўпроқ –
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Мен кетсам, ёмондан
Йироқ бўл, оҳу,
Чунки сен чиройли,
Кўркли бир жувон.
Ёмон кунлар бир кун
Яхши бўлар-у,
Ёмон одам яхши
Бўлмас ҳеч қачон…
Яша чегарада
Тургандек огоҳ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Уйда ётибман-у,
Сезиб турибман,
Кўкда кетаётир
Қушлар қайтишиб.
Хайрлар ёғдириб
Қанотларидан,
Хаста шоирига
Видо айтишиб.
Бор, менинг учун ҳам
Уларга қўл қоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Уларни мен яна
Кўрарманми-а,
Айвондан одамдек
Кузатолмадим.
Куз. Тўйлар бошланди.
Юрагим пора –
Битта қизимни ҳам
Узатолмадим…
Демак, тақдир экан
Тўй кўрмай ўлмоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Бироқ, кўнглим сезар,
Мендан кейин ҳам,
Бир кун бу ҳовлига
Одам тўлади.
Ҳали тўйлар қилиб
Чарчайсан, эркам,
Менинг қизларим энг
Бахтли бўлади!
Келинлар кўйлаги
Руҳимдай оппоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Гулим, яқинроқ кел,
Қара, не савдо,
Бу ажиб ишларни
Дил лавҳига ёз:
Кимга қаср етмас,
Кимга мол-дунё,
Менга эса ҳаво
Етмайди, холос.
Тириклар мудроқда,
Ўликлар уйғоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Кўксим куйиб борар,
Кўкрак ёнмоқда,
Айтинг дўхтирларга,
Ёришса ёрсин!
Жисм ўз улфати –
Жондан тонмоқда.
Бечора жон энди
Қаерга борсин.
Энди осмон йироқ,
Энди ер юмшоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Буни ҳаёт дерлар,
Унутма асло,
Бир кун очиласан,
Бир кун сўласан.
Қалбимда-ку, фақат
Сен эдинг танҳо,
Қабрим устида ҳам
Ўзинг бўласан.
Сен бизнинг севгидан
Хотира – байроқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Аёл қалбинг билан
Сув кеч, олов кеч,
Ғам келса бошингдан
Ҳушинг учмасин.
Худодан сўрадим:
Мендан кейин ҳеч
Номард кимсаларга
Ишинг тушмасин.
Уларнинг қўлида
Ҳамиша тузоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Ишинг тушса, иним
Муҳаммадга бор,
Шоирлар ичида
Ишонганим шу.
Бироз ичишини
Айтмаса агар,
Кўкси тиниқ бола,
Ҳалол бола у.
Фақат сал соддароқ,
Фақат сал ёшроқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Жон сўнгги бошпана
Топаркан онгда,
У юрак остида
Дердим мен бўлсам.
Ажабланма агар
Эртага тонгда
Сени ўпиб, Ўшни
Қучоқлаб ўлсам!..
Ўтинчим – тепамда,
Йиғлама узоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Муҳаммад Юсуф

@saviyauz


Девонайи Ҳақгўй dan repost
Ўғил болаларга ўқитувчилик касбини танлашни тавсия қилмайман. Бу мен учун оғир сўз, аммо шу кунларга гувоҳ бўлган 20 йилдан ортиқ устоз сифатида шуларни айтишга мажбурман. Касбимизда ҳеч қандай имтиёз йўқ. Ваҳоланки, бош қомусимизда ҳамма тенг ҳуқуқли деб ёзилган. Ҳарбийлар, ички ишлар ходимларига имтиёз, турар жойлар берилади, фарзандларига ОТМларга кириш учун имтиёз ва енгилликлар берилади, насиб қилсин. Лекин, уларни ўқитган оддий мактаб ўқитувчисига эса ҳеч нарса йўқ. Aфсус. Кино санъатини олинг: энг яхши эркак актёр, энг яхши аёл актёр, энг яхши иккинчи даражали рол, энг яхши эпизодик рол, энг яхши дебют рол ва ҳ.к. Ўқитувчиларда ҳам бўлсин: энг яхши синф раҳбар, энг яхши бошланғич фан ўқитувчиси, энг яхши мутахассис (фаолияти уч йилгача бўлганлар), энг яхши кекса ўқитувчи (50ёшдан кейин), энг яхши аёл ўқитувчи, энг яхши эркак ўқитувчи...

Эҳ, гапирай, десам гап кўп. Ҳеч эътибор берганмисиз, касалхона, ҳокимият, банк, прокуратура бинолари олдида автомашиналар турар жойи бор. Aвтомашиналар қатор туради. Лекин бирорта мактаб олдида булар йўқ. Бўлсин ҳам демайман. Чунки ўқитувчиларнинг бирортаси рўзғоридан ортиб, кредит билан бўлсада, машина ололмайди. Бу аниқ. Aниқ айта оламан, мактаб ўқитувчиларининг нари борса 5% да машина бордир (бизда 200дан зиёд ўқитувчилар бор, шулардан иккитасида машина бор. Aйтишга ҳам уяласан киши). Эркак ўқитувчилар 9 нафар. Мана сизга баҳо. Балки бу фикрларим кулгилидир, аммо ҳақиқат.

Хизмат юзасидан ҳокимият, банкларга борамиз. Чиройли бинолар, айниқса, қишда иссиқ. Чиққинг келмайди. Ходимлари енгил кийимларда юришади. Ҳавасим келади. Мактабларда эса бечора (ҳақиқатда бечора у) ўқитувчилар палто, куртка билан дарс ўтамиз. Мазза қилибмас, мажбур бўлиб. Болаларга раҳмимиз келади. Ҳазиллашиб баҳор яқин, деб қўяман баъзан. Қаттиқ совуқ кунлари "ақлли" ота-оналар болаларини мактабга юборишмайди ва тўғри ҳам қилишади. Мен ҳам шундай қилдим, гарчи ўзим ўқитувчи бўлсамда. Чунки ота-онага фарзандининг аввало соғлиги муҳим. Ўша машҳур биноларнинг ремонти ҳам чиройли.Ташқи фасадлари одамни ўзига жалб қилади. Кечалари бинонинг номи чироқлар билан ёритилади. Ўша ерда ишлайдиган ходим ўз оиласи, фарзандлари билан ўтиб қолса, тунги чироқлар бинони янада гўзал ва жозибали қилиб кўрсатади. Фарзандлари эса отаси билан фахрланади. Балки бу арзимас фикрдир, аммо бола қалбида, бола дунёсида бу катта акс-садо беради ва келажакда у ҳам ота касбини эгаллашни орзу қилади. Энди секин мактаб томон ўтинг. Фақат эҳтиёт бўлинг. Қоронғуда қоқилиб кетманг. Қўшнининг ити сизни ҳуркитмасин. Бунда қандай қилиб фарзанд ота касбини эгаллсин...

© Эркин Исматович

P.S.:
Ўқитувчиларга юборамиз! Изоҳларда фикрингизни қолдиринг. Масъуллар ҳам ўқисин!

@adolat_kuychisi


Orif Tolib dan repost
Расул Ҳамзатов

Доғистоним менинг

Кўп юртларда бўлдим, хўб кездим жаҳон,
Сўнг уйимга қайтдим толиқиб, ҳорғин.
Бошим узра аста сўрди Доғистон:
“Бошқа ўлкаларга бўлдингми мафтун?”

Тоғ бошига чиқдим, тўлдириб кўксим,
Яйраб нафас олдим, сўнг бошладим сўз:
“Дунё кезиб турфа элларни кўрдим,
Лекин сен мен учун баридан азиз.

Севгимдан камроқ гап очганман, балки,
Ахир, янги гапмас севгию изҳор.
Мен сўзсиз севганман. Қўрққанман, чунки
Кўп айтилган сўздан тўкилар оҳор.

Агар ҳар бир ўғлон юраги ёниб,
Худди жарчи каби айтар бўлса роз,
Тоғу тошларинг ҳам зерикар аниқ,
Тинглашу акс садо қайтаришдан боз.

Сен кўзёшга чўмиб, қон ютган пайтда
Камгап ўғилларинг шартта тикиб жон,
Ўлимга кетдилар сенга онт айта,
Тинмасдан сўзлади қилич ва қалқон.

Урушлар тугагач, ўғлонлар бари
Ишга киришдилар индамай такрор.
Самимий севгисин пешона тери,
Ҳалол меҳнат билан этдилар изҳор.

Таълим бериб келдинг асрлар оша:
Сокин яша, лекин қалб бўлсин бутун.
Дединг: сўз қимматдир отдан ҳамиша,
Тоғлик эгарламас бежизга отин.

Бегона эллардан, сўз кўп ерлардан
Қайтгач, мен ҳам сира туролмайман жим.
Ахир, жўшқин дарё, тик ўнгирлардан
Сенинг овозингни тинглар юрагим!”

Рус тилидан
Ориф Толиб
таржимаси

@oriftolib


Аслановдан иқтибослар + dan repost
Амалда бўлган лотин имлосига асосланган алифбомизга киритилётган кичик ўзгаришлар лойиҳаси тақдим қилинди ҳамки, мунозаралар тинмаяпти.

Мавзулар фақат мана ўзгараётган ҳарфлар устидагина эмас, умуман, ҳатто рус графикасига асосланган имлонинг афзалликларидан тортиб, «х» ва «ҳ»ни бирлаштиришгача чўзилиб кетаётгани мени қўрқитади. Сабаби — яна мавзу боши берк кўчага кириб қолса, мутахассислар алифбо лойиҳаси устида ишлаш учун қайтиб хоналарига кириб кетадилар ва яна янгиси тақдим этилгунча, кўп йиллар ўтиб кетади. Яна вақт ва имкониятни йўқотамиз.

Ўтган асрда бошлаган ишимизнинг ҳалигача охирига етмаётгани, албатта, хунук ҳолат.

Таклиф этилаётган ўзгаришдаги менга энг ёққан жиҳат — «бир товуш – бир ҳарф» принципига қайтилаётгани. Тан олиш керак, «ch», «sh» каби бирикмалар, «o‘» ва «g‘» ҳарфларидаги тескари биртирноқ ва бунга қўшимча тутуқ белгиси лотин ёзувида матн ўқишни жуда ноқулай ҳолатга келтирар, бу айниқса, кирилчада савод чиқарган авлод ёзиш ва ўқишда кирилчадан воз кечмаётганининг бош сабаби эди.

Ўзим, инглизча, туркчани ўқиганман, лотин ёзувида узун конспектлар ёзган бўлсам-да, айнан ўзбек тилида ишлаганда ўша бирикмалар тилимизга бегонадек туради.

Инглиз тилида бундай ҳарфларда муаммо йўқ, уларда бир ҳарф бир товушни ифодаламайди, ҳарфлар вазиятга қараб, бир неча хил товушни ифода этади. Аббревиатуралардаям, масалан, Shanhai Limited Company да S ва h билан «Ш», С эса «К» деб айтилса-да, SLC қисқартмаси — «Эс Эл Си» деб айтилиб кетаверади. Ўзбекчада эса, SLK деб қисқартирганда, «ШЛК» ми, «СЛК» ми доим муаммо бўлади. Баъзилар «ShLK» деб ҳам ёзадиганлар бор.

Назаримда, ҳозир таклиф қилинаётган вариант энг қулай. Мавжуд алифбога нисбатан афзалроқ. Кирил ва лотин ёзувида таълим олган турли ёшдаги юртдошларимизни бирлаштира олади.

Қолаверса, бошқа туркий халқлари ёзувларига ҳам яқин. Яна бир устунлиги – янги алифбо лойиҳасида терилган матннинг ҳажми амалдаги алифбо билан ёзилган матнга қараганда 5 фоизга, кирил алифбосида ёзилган матнга қараганда 20 фоизгача қисқа бўлар экан. Бу, табиийки, катта вақт ва маблағ тежамкорлигига сабаб бўлади.

Хуллас, ўзимизнинг ҳар хил фикрларимизни ўтказиш учун ортиқча баҳс-мунозарага киришиб кетиб яна кўп вақт йўқотиб қўймаслигимиз лозим. Шунинг учун, эҳтиросларга берилмасдан, кўпчиликни қониқтираётган минимал ўзгаришларни қабул қилишимиз, такомиллаштирилган алифбони тезроқ жорий этишимиз керак, деб ўйлайман.


Апрел

Борлиқ кийиб олган мовий бир либос,
Ел эсар – баҳорнинг пилдироқлари.
Қалбингда уйғотар ажиб эҳтирос,
Апрел осмонининг қалдироқлари.

Ёмғир таралади кўм-кўк адирда,
Узоқ қирда эса ялтирар қуёш.
Бундай нафислик йўқ ҳеч бир атирда,
Руҳингни яйратар ҳаво, тоғу тош.

Қофия йиғишар шеърга – назмга
Жажжи жилғаларнинг шилдироқлари.
Атрофни чақирар яшил базмга
Апрел осмонининг қалдироқлари.

Абдулла Орипов

@saviyauz

20 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.

613

obunachilar
Kanal statistikasi