Вилоят бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси раиси депутатларга ҳисобот беришга келмади Амалдаги тартибга кўра, у ижро органи мутасаддиси сифатида халқ вакилларига фаолияти, умуман, тизимдаги ҳолат ҳақида ҳисоб беришга мажбур. Шу сабаб унинг ўз масъулиятини имтиёз, деб билганига O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида кескин эътироз билдирилди.
Йиғилиш кун тартибига киритилган биринчи масала юзасидан камбағалликни қисқартириш, бандлик, миграциядан қайтганлар билан ишлаш, ёшларга касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўргатиш масалаларида ҳудудда олиб борилаётган ишлар тўғрисида вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бошқармаси бошлиғи Темур Маҳмудовнинг ахбороти тингланди.
Унинг қайд этишича, 2024 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан қилинган мурожаатлар бўйича 39 минг 372 нафар фуқаронинг ишга жойлашишига кўмаклашилган. Шунингдек, 6846 нафар ижтимоий муҳофазага муҳтож, меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган фуқаро захирадаги иш ўринлари билан таъминланган.
Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида маҳаллалар “ўсиш нуқталари” (драйвер) асосида 31,2 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларга 510 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилган бўлиб, ушбу молиявий манбалар маҳаллаларда ишсизлар, ёшлар ва хотин-қизларнинг кичик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари бўйича тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда қўл келмоқда.
Депутатлик гуруҳи аъзолари мазкур соҳадаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида қатор таклиф ва тавсияларни илгари сурди. Мутасаддилар билан биргаликда ишчи гуруҳи тузиб, жойларда ўрганишлар олиб боришга қарор қилинди.
Сўнгра Самарқанд шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази директори Дилшод Пардаев сўзга чиқди. У депутатларга фуқароларни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш, уларнинг замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш бўйича малакаларини ривожлантириш, банд бўлмаган фуқароларни тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тилларга ўқитиш курсларига кенг жалб этиш юзасидан қилинаётган ишлар хусусида ахборот берди.
Маълум қилинишича, марказда кейинги тўрт йилда 8487 нафар тингловчи касб-ҳунарга ўргатилган. Уларнинг 64 фоизини аёллар, 36 фоизини эркаклар ташкил этади. Битирувчиларнинг 4325 нафари ёшлардан иборат.
Марказда таҳсил олганлардан 88 фоизининг бандлиги таъминланган. Битирувчиларнинг 293 нафари ногиронлиги бор тингловчилар.
Кун тартибидаги навбатдаги масала – аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, нарх-наво барқарорлигига эришиш бўйича қилинган ишлар, куз-қиш мавсуми учун озиқ-овқат маҳсулотлари захиралари яратилганлиги ҳолати бўйича вилоятда амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот бериш учун вилоят бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси раиси Аброр Ражабовга депутатлик гуруҳи томонидан расмий хат чиқарилган.
Лекин йиғилишга ўзи келмасдан, ўринбосарини юборганлиги депутатлар томонидан жиддий танқид қилиниб, масалани халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясига киритиш бўйича қарор қабул қилинди.
Манбаа✅ @Samarqand_live – Юзинг қийшиқ бўлса ойнадан ўпкалама!