Куз хазонлар сочган ўриндиқ
Иккимизни кўтариб мулзам,
Бахтли қилмоқликка уринди...
Ўртамиздан ўтмасди қил ҳам.
Ўша куни ёниб, ўртаниб,
Чиқолмасдан бир ҳомуш кўйдан,
Ўтирардик ишққа ўраниб
Ва бошингни елкамга қўйдинг...
Зулфларингни ўпганча кўзим,
Кўчирганда юзимга тонгни.
Э воҳ, бирдан сочларинг тўзиб,
Билагимга кўз ёшинг томди...
Сочларингга бормади қўлим,
Кўзёшингни артолмадим ман.
Узилди-ку бир ришта бўлиб
Бармоқларинг бармоқларимдан.
Шундан бери қаддим дол, худди
Бошгинангни соғинар елкам,
Наҳот, сенинг қўлларинг тутди,
Елкаси йўқ, бир хасис одам?
Мен-чи, сўлдим гўзал жононлар
Юракларин тутар - олмайман.
Ўшал кунни эслаган онлар,
Ғамлардан бош кўтаролмайман.
Кўзларимдан дарёлар тошиб,
Емирилар, чертилар юрак.
Оғирлашиб боради бошим,
Қаергадир қўймоғим керак.
Икки кўзим қараган пастга,
Ҳар қадамда ерга тизлайман.
Кимдир елка тутар, мен эса
Бош қўйишга кунда излайман.
@rasmlar_zuri