🌙
БУТУН ЖАҲОН УЛАМОЛАРИ ЎЗАРО АҲИЛЛИК, ТИНЧЛИК ВА БАҒРИКЕНГЛИККА ЧАҚИРДИ!📢
Ислом оламидаги нуфузли ташкилот бўлган Мусулмон донишмандлар кенгаши аъзоларининг дунёдаги воқеа-ҳодисаларга навбатдаги муносабатлари эълон қилинди. Жумладан, Миср Араб Республикаси Бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари ва кенгаш раиси
Шайх Аҳмад Тоййиб, Халқаро Ислом фиқҳи академияси раиси
Доктор Қутб Мустафо Сано, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Шайхул ислом Аллоҳшукур Пошозода, Малайзия Вақф ишлари вазири
доктор Зулкифл бин Муҳаммад ал-Бакрий, Ливан давлати уламоси
Шайх Саййид Али ал-Амин каби забардаст олимлар
“Уммат бирлиги”, “Тинчлик”, “Кексаларни қадрлаш”, “Ахлоқ-тарбия тушунчаси”,
“Альтруизм” каби мавзуларда чиқишлар қилишди.
🌙 Ўз навбатида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳам адолат ва тенглик тўғрисида чиқиш қилиб, унинг жамиятда тутган ўрнига тўхталдилар.
▫️“Адолат Ислом динидаги энг муҳим тамойиллардан бири бўлиб, барча пайғамбарлар ва самовий китоблар уни қарор топтириш учун юборилгандир”, дейилади нутқда.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари адолат бандани Яратганга маҳбуб банда бўлишига сабаб эканини таъкидлаб, бундай деганлар: “Агар банда адолат сифати билан зийнатланиб, уни ҳаётига дастур қилиб олган бўлса, у ҳеч кимга зулм қилмайди, ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳақини беради. Натижада, у Аллоҳ таолонинг суюкли бандасига айланади. Зеро, адолат тақвони ҳосил қилиб, ишларга хайру барака киргизади. Аллоҳ таоло айтади: “Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир” (Моида сураси, 8-оят).”.
▫️Шунингдек, чиқишда адолат хайр-баракага, одамлар билан ўзаро ҳамжиҳатликка етаклаши ҳақида сўз боради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Бу уммат модомики, гапирганда рост сўзласа, ҳукм қилганда адолат қилса ва раҳм-шафқат сўралганда раҳм қилса, яхшиликда бардавом бўлади” (Имом Абу Яъло ва Имом Табароний ривоят қилган).
💬
Муфтий ҳазрат таъкидлаганларидек, адолат қилиш инсонни ёмонликдан қайратиб, яхшиликка ундовчи улуғ фазилатдир. У оилавий, ижтимоий ва бошқа алоқаларни мустаҳкамлаб, ота-она билан фарзандлар, эр-хотинлар, раҳбар ва ходимлар, давлат ва жамият ўртасидаги ҳақ-ҳуқуқларни тартибга солади. Шунинг учун унинг долзарблиги ҳамма даврларда, хусусан, ҳозирги кунда муҳим аҳамият касб этади.
😄
Шуни эътироф этиш керакки уламолар ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорлик дин ва маданиятлар орасидаги ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга. Бундай ҳамжиҳатлик, албатта, жаҳоннинг ҳар бир бурчагида тинчликни, барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Зеро, бундай ришталар турли жамиятларни бир-бирига боғлайди, яқинлаштиради. Бу борада Мусулмон донишмандлар кенгашининг ўрни бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
✅ Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати@FITRATUZ