Postlar filtri


Сенмасмидинг
Ҳаволарда кезган ифор,
Сочларимни силаган ел сенмасмидинг
Майин келиб яноғимга қўнди баҳор.
Сенмасмидинг....

Деразамга бир қуш қўнди, бир туш қўнди,
Оқ булутлар кафтларимга сархуш қўнди
Муҳаббатдан қулоғимга миш-миш қўнди
Келаридан огоҳ қилган сенмасмидинг.

Лолалардек қирмиз бўлди яноғларим,
Бир севинчдан порлаб кетди қароғларим.
Мен жавобин кутаётган сўроқларим,
Ҳар жумбоқнинг бир ечими сенмасмидинг...

Юриб ўтдим, кулиб ўтдим бу йўллардан
Юрагимни ютиб ўтдим бу йўллардан
Фақат сени кутиб ўтдим бу йўллардан
Ўзинг ўйла, мендай қизни севмасмидинг?!

Сенмасмидинг,
Сенмасмидинг,
Сенмасмидинг?!

(с)Дурдона Баҳодирова


Ҳайронман, ким кимга отаяпти ўқ,
На ўқни тўхтатдим, на бўлдим қалқон.
Кеча ўрасидан чиқмаган аскар,
Бугун тирикман деб бўлса қаҳрамон...

Ҳайронман, не учун Ҳақ демас тилим,
Ёки ўчирдимми дилдаги чўғни?
Нега кўнаяпман ҳақсизликка жим,
Менга бир қаранглар, ўлганим йўқми?

(с)Нажмиддин Эрматов


Ҳар қандайин баҳоналарга
Ўрганади вақт, умр ва мен.
Лекин сени кўргим келганда
Тополмайман ҳеч қандай таскин.

Сенга хабар ёзаман яна
Аҳволингни билгим келади.
Ва яшайман кунларни санаб:
(келади,
келади,
келади)

Сенсизликка кўникиш — бу ғам,
Сенсиз бахтли яшолмайман мен.
Азоб — уйга кирётганимда
Ичкарида кўринмасанг сен.

Нодира Назар


менинг юрагимдан февраль ўтмоқда,
сенинг юрагингга кириб борди март.


Тирикман-у, яшамаяпман,
Сен йўқдайсан, йиллаб кутганим.
Фақат менинг ўзимга аён
Қачонлардир ўлиб кетганим.

Тирикман-у, яшамаяпман,
Мени боғлаб қўйган қандай куч?
Ёниб, қақшаб югурган билан
Ўликларга келавердим дуч.

Бақирмоқчи бўламан, аммо
Овозини чиқармай ўлган.
Атрофдан ҳам эшитилмайди
"Мен тирикман!" – деган бир овоз.

Одамларга термуламан жим,
Умид, ишонч, орзуси сўлган:
Манов одам армонга чўкиб,
Овозини чиқармай ўлган.

Анависи тирикчиликнинг
Қучоғида чириган, йитган,
Ҳув, анави новча йигитнинг
Нозиктаъб қиз бошига етган.

Йўл оламан майхона тараф,
(Ўликларга термулмоқ нечун?)
Май ичаман ўзимни сўкиб,
Тирикларнинг соғлиғи учун.

(с)Чори Аваз


Сени  олиб  келган  шамоллар таниш,
Улар  мени  ташлаб  кетганди бадар.
Кўксимда  қовжираб  битган умидим,
Наҳот  етиб  келдинг қисматга  қадар.

Ҳаммаси  чалкашди  туғилганимда,
Билмам келганимдан ким кўпроқ ютди.
Умрим  шамол  кутиб ўтиб кетгандай,
Наҳот  бир  шамолни  мен  қирқ йил  кутдим?!

Ҳадисини   олдим  яшамоқликни,
Ўзим бошқадирман, бошқадир лойим.
Ўзгача  бўлмоғи мумкин эди, лек
Шамоллар кечикди менмас, Худойим!

(с)Шуҳрат Ориф


Қалбга зардоб бўлиб тўлганинг алам,
Гоҳи очилмасдан сўлганинг алам.
Муҳаббат, муҳаббат, ҳаммасидан ҳам,
Сочга оқ тушганда келганинг алам!..

Келсанг, кетгил дебон ҳайдолмаганинг,
Ортга қайтай десанг, қайтолмаганинг,
Армонинг ҳеч кимга айтолмаганинг –
Буни битта ўзинг билганинг алам.

Гоҳи хотир, гоҳи  хаёлни ёллаб,
Гоҳ юлдуз, гоҳида ой каби порлаб,
Ширин жилмайиш-ла ёнингга чорлаб,
Олисдан ғамзалар қилганинг алам.

Кўнглингга етти ёт уйда ёйиб сеп,
Кечагина ўзинг мени унут, деб,
Энди бахтлимисан, шоир йигит, деб,
Кунда бир устимдан кулганинг алам.

Қалбга зардоб бўлиб тўлганинг алам,
Гоҳи очилмасдан сўлганинг алам.
Муҳаббат, муҳаббат, ҳаммасидан ҳам,
Сочга оқ тушганда келганинг алам.

(с)Муҳаммад Юсуф


Қўлларингдан  тутиб  келтирди  тақдир,
Яна  гуноҳ  билан  бўлдик  юзма-юз.
Бу  менинг  истагим  эмасди, ахир,
Ҳукмсиз  баҳорга  етармиди  куз?!

Йиғладинг  худди  Момо  ҳаво  каби,
Хўрсиндим  хўрсингандек  Одам Ато.
Пичирлаб  нимадир  демоқчи  лабинг...
Бизга  раҳми  келди   гуноҳнинг ҳатто!

(с)Шуҳрат Ориф


Йиллар ўтди… Бир дийдорга етмади вақт,
Йўллар қайта туташмади ҳеч бир замон.
Адашиб ҳам пешонага битмасми бахт?!
Адашиб ҳам келмадинг-а Сен Мен томон?!

(с)носироглу


Пешонада топилмади Бахтнинг изи,
Икки тақдир битта Ишққа бермади эрк.
Менга томон қадаминг ҳеч бермас изн,
Сенга томон ҳар йўлимнинг ҳар боши берк…

(с)носироглу


Кўрмаганман сира ҳам сени,
Юрагимда чунки яшайсан.
Кўрмаганман сира ҳам сени,
Юрагимга жуда ўхшайсан.

Яхши эди бир кўрсам сени,
Васлингдан ҳам қўрқаман бироқ.
Яхши бўлур бир кўрсам сени,
Кўрмаганим ундан яхшироқ.

(с)Рауф  Парфи


О, менга каммиди кўрган бу куним,
Қоп-қора сочимни қоплаганда қор.
Сени тушларимда кўриб чиққаним
Эрта бу дунёга бўларми ошкор?

Ичимда ҳаяжон борар гупириб,
Юрак энтикишда - бахтиёр, бетин.
Энди нима қилай?
Тонг отмай туриб
Тушларимни ювиб ташласаммикин?!

(с)Хосият Рустамова


Мен
саҳнада
сўзларини
унутиб қўйдим
ижро этаётган ролимнинг...

Ўз сўзимни айтиб қўйдим мен!!!

Залдагилар олқишлар, аммо,
энди мени ўлдирадилар,
Саҳна ортида...

(с)Гулжамол Асқарова


Кечирасиз, хоним, ухлолмаяпсиз,
юрагингиз оғридими, ёки кўзингиз?
интиҳоси йўқ орзулар бўлса ўйланг,
ёки умидни вақтида узингиз.
Аммо бир гапни айтай,
сиз гўзалсиз ниҳоятда,
ниҳоятда самимий,
жавоб ҳам бермайсиз, сезяпман,
йиғлаяпсиз, ўзингиздан ўзингиз.

(с)Хуршид Абдурашид


Қўрқма, ахир дўстингку сенинг,
Дўстимизку ахир, бизнинг ҳам!
Келиб қолсанг ҳақиқатга юзма-юз
ўзингда журъат топ, титрамасликка!
Кўзларига қарашдан қўрқма,
Унутма, ичингда гина бор, жиндек.
Дадил туриб сўра: «Қаерда эдинг?
Нега кўринмайсан ҳеч, дўстим!
Нега бизга кўрсатмадинг…
Қорангни?!»
Дадил айтолмасанг
йиғламсираб айт,
Тўкиб ташла ичингдагини.
Ҳўнграб-ҳўнграб йиғла
ва бағрингга бос!
Қўйвориб юборма энди ҳеч қачон!

(с)Раҳмиддин Абраев


​​Қайдасан, узоқдан келдим соғиниб,
Соғиндим танимда қолмади дармон.
Мен орзу-умиднинг ғамгин ёлқини,
Мен — Армон! Кўйингда қоврулган Армон!

Ва уйнинг эшиги очилар бесас,
Бир шарпа чиқади булутдан сузиб:
— Келдингми мен билан олгани нафас,
Келдингми йўлларнинг танобин узиб?

Улар бир-бирига тўймай боқишар,
Бир-бирин кўксида беришади жон.
Кулишар, хаёллар ичра оқишар,
Икки ночор вужуд — иккита Армон.

(c)Усмон Азим


Сўнгги кунларини яшаб олаётган,
Узилаётган баргнинг ҳолин билгани,
Чиққандим, хастадан хабар олгандай,
Қаёқдан билибман ...келганинг...

Шомдан сўнг, йўқ, кечроқ, тун чўккан эди,
Гўё аросатдай, вақт – синган пулдай.
Товушинг, нафасинг, бўйларинг келди,
Титрадим, тиз чўкдим – эрк теккан қулдай.

Ҳаётим поезддай тўхтади илкис,
Юрагим чайқалди, баргдай титради.
Ютсам – беморларга ҳаволар танқис,
Ютсам ҳам... ҳаволар етмади.

Кўксимда байроқдай шоир юрагим
Сенинг шамолингни билдиролмади.
Нега келганингни сезмади, бону,
Бу юрак қувончга улгуролмади.

Кўзларим ёдлади нигоҳларингни,
Қўлларим қўлларинг тафтини туйди.
Усти очиқ қолган кечани қучиб,
Менинг елкаларим ёмғирда куйди.

Кўзим қирғоғида тонггача қолдим,
Изларимга тўлди кўнгилнинг лаби.
Менинг бу ҳолимни билмади ҳеч ким,
Сенинг келганингни билмаган каби.

(с)Шодмонқул Салом


бу дунёда бир қиз бор,
ёстиғининг ярми бўш


Дунёнинг камини муҳаббат билан
тўлдирмоқ истаган малика – гулбахт,
сотиб ололмайман муҳаббатингни
меросдан бенасиб мен бир валиаҳд.

Тортиб ололмайман муҳаббатингни,
шамширни ой қилиб фалакка осдим.
Тилаб ололмайман муҳаббатингни,
сувсиз ҳовучимни шўрхоклар босди.

Йиғлаб ололмайман муҳаббатингни,
кўзим косалари аёқ бўлгандир.
Кулиб ололмайман муҳаббатингни,
юзим зардларида кулги сўлгандир.

Юлиб ололмайман муҳаббатингни,
қўлларим армонга томирлаб кетган.
Истаб ололмайман муҳаббатингни,
истаклар жон каби бўғзимга етган.

Куйиб ололмайман муҳаббатингни,
қақнус эдиммики, кулдан тўрасам?
Суйиб ололмайман муҳаббатингни,
мен адо бўлганман, кўнгил сўрасанг.

Тепиб оёқости қилди бу юрак,
ерларга киритиб юборди мени.
Эртан баҳор келса, кўкариб чиқсам,
ўшанда севарман, эҳтимол, сени.

(с) Фахриёр


when u go away, i still see u
with sunlight on ur face in my rear view

20 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.