Австралияда 2,4 млн чақалоқнинг ҳаётини сақлаб қолган донор вафот этди
Жеймс Ҳаррисон 81 ёшига тўлгунича ҳар икки ҳафтада бир марта қон топшириб келган. Унинг қонида ноёб анти-D антитаначаси мавжуд эди.
Фото: Kate Geraghty
Дунёдаги энг сермаҳсул қон донорларидан бири вафот этди. Унинг плазмаси 2 миллиондан ортиқ чақалоқ ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам берган.
Жеймс Ҳаррисон Австралиянинг Янги Жанубий Уэлс штатидаги қариялар уйида оламдан ўтди, деб хабар берди BBC унинг оиласига таяниб. У 88 ёшда эди.
Австралияда уни “олтин қўлли инсон” деб аташади. Ҳаррисоннинг қонида ноёб анти-D антитаначаси мавжуд бўлиб, у ҳомиладор аёлларга уларнинг қони ҳали туғилмаган чақалоқларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолларда бериладиган дориларни тайёрлашда қўлланади.
Австралия Қизил Хоч қон хизмати маълум қилишича, Ҳаррисон 14 ёшида кўкрак қафасидан жиддий операция қилинаётган пайтда унга кўп миқдорда қон қуйилганидан кейин донор бўлишга аҳд қилган.
У 18 ёшида қон плазмасини топширишни бошлаган ва 81 ёшга тўлгунча ҳар икки ҳафтада бир марта қон топшириб келган. 2005 йилда Ҳаррисон топширилган қон плазмаси миқдори бўйича жаҳон рекордини ўрнатиб, бу унвонни 2022 йилгача сақлаб турган.
Ҳаррисоннинг қизи Трейси Меллоушип отаси “ҳеч қандай ҳақ ва оғриқсиз шунча одамнинг ҳаётини сақлаб қолганидан жуда фахрланишини” айтди.
Ҳаррисоннинг қонида бу қадар кўп анти-D қандай пайдо бўлиб қолгани номаълум — баъзи маълумотларга кўра, бу унга 14 ёшида қуйилган қон билан боғлиқ.
Маълумотларга кўра, Австралияда 200 нафардан камроқ анти-D донорлари мавжуд, аммо улар ҳар йили тахминан 45 000 она ва уларнинг болаларига ёрдам беради.
Мутахассислар Ҳаррисон ва бошқа донорларнинг қон ва иммунитет ҳужайраларини лаборатория шароитида кўпайтириш орқали анти-D антитаначаларни етиштириш устида иш олиб бормоқда. Тадқиқотчилар лаборатория шароитида яратилган анти-D бир кун келиб бутун дунёдаги ҳомиладор аёлларга ёрдам беришига умид қилмоқдаhttps://storage.
kun.uz/source/11/ZbAbJmnn1qyq51Th71x4BHv27L4x_k53.jpg