Каримберди Тўрамурод
Кетма, рамазон
1.
Толиб уйига қайтаркан, йўлини ҳар кунгидек, Шаҳобнинг дўконига қараб бурди.
Улфатлари аллақачон иккита шишани “қулатишибди”.
− Кел-да, Толиб, қаёқларда қолиб кетдинг? Биз бошлаб юбордик, − деди Бахтиёр.
− Толибга “иштарапной” қилиб қуй! − деди Суннат.
Тоҳир икки юз граммлик стаканга тўлдириб ароқ қуйиб, Толибга узатди.
− Орқасига ҳам қуй-ей, баччағар! − деди Толиб стаканни оларкан. − Урдик!
Толиб бир кўтаришда стаканни бўшатди.
− Яна битта олсанг, бизларга етиб оласан, − деди Бахтиёр.
Толиб улфатларига етиб олди ва ҳаммалари уларгача яшаб ўтган барча ароқхўрларга етиб олиш учун кетма-кет шиша бўшатишга тушдилар...
2.
Дарвозахонада ниманингдир тарақлаб кетганидан уйғониб кетган Сора соатга қаради: тунги икки. Шоша-пиша дарвозахонага қараб юрди. Эри экан.
− Ҳа, қисир сигир, ухлаяпсанми, кун ботмасдан, товуққа ўхшаб? − ўшқирди деворни суяб турган Толиб.
− Кечаси иккида ухламай нима қиламан? − деди Сора. − Сизнинг юришингиз ҳар куни бу бўлса.
Сора эрини қўлтиқлаб ичкарига олиб кирди. Ўрнига ётқизаркан, пичирлади:
− Бақириб ётманг, Моҳирани уйғотиб юборасиз, мана, чойнакда чой, шишада сув, ҳаммасини тайёрлаб қўйибман. Қисирлигимга келсак, ҳар куни икки-учда келмай, эртароқ келсангиз, қийшайиб келмай, тўғри келсангиз, уйингиз болага тўлиб кетарди. Қисир бўлсам, Моҳирани ким туғиб берди сизга?
− Бу ёққа кел! − бақирди Толиб чиқиб кетаётган хотинига.
− Минг матра айтганман, ичган кунингиз сизга яқин ҳам бормайман.
Сора яқин бормагани билан Толиб яқин келиб, қизининг ёнида ётган Соранинг сочидан тортди. “Борасан” ва “бормайман”ларнинг охири, доимгидек Толибнинг муштлашлари ва тепкилашларига уланиб кетди. Ҳаммаси қўрқиб уйғониб кетган Моҳиранинг қичқириғи билан тугади:
− Дадажо-он! Аям ўлиб қолади-и! Бўлди қили-инг!
− Ҳе, ... − Толиб сўкинганча чиқиб кетди.
Моҳира онасининг сочларини силаб, овутган бўлди. Сора йиғлаб-йиғлаб, ухлаб қолди.
Моҳира уч ёшлигида унинг битта ўғил укаси ҳам туғилган эди. Аммо бола уч ой ҳам яшамади. Унинг бўйни бошини тутиб туролмас эди.
− Бу эрингизнинг муттасил ароқ ичишидан, − деди болани, уни, эрини яхшилаб текширган врач. − Ичганидан кейин қирқ кун ўтмагунча яқинлик қилманг, акс ҳолда, яна шунақа бола туғилади. Эрингизни даволатиш керак. У алкоголик бўлиб қолибди.
Сора эрининг ака-укаларига айтиб, уни мажбуран даволатишди. Аммо Толиб биринчи ишини битирган куни ғирт маст бўлиб келди.
Қашқадарёда бир азайимхон бор экан, ўқиб, ичмайдиган қиларкан, деб эшитган Сора эрини Қашқадарёга олиб борди.
Азайимхон Толибга ёмон қасам ичирди:
− Ичсам, эшак бўлай!
Орадан бир ой ҳам ўтмади. Толиб тўрт оёқлаб кириб келди: уни қасам урган эди...
Давоми бор....
@PaxtaobodBozori