SamTVR | MTRK dan repost
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрининг маркази бўлган "Университет хиёбони"да дарахтларнинг кесилганлиги ҳолати ҳақида хабар тарқалди. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармасининг маълум қилишича, жорий йилнинг 8 апрель куни кечки пайтда Самарқанд шаҳрида қорнинг кўп ёғиши оқибатида шаҳардаги 500 дан ортиқ дарахт шохларининг синиши ва қулаши кузатилган. Юз берган табиат ҳодисасини бартараф этиш ишлари 9-11 апрель кунлари амалга оширилди. "Университет хиёбони"да кузатилган ҳолат айнан 8 апрель куни қулаган дарахт бўлиб, дарахтнинг томир қисмини олиш ишлари 19 -22 май кунлари давом эттирилган. Хабарда эълон қилинган фото суратда пиёдалар йўлагида турган айнан ўша дарахтнинг томир қисми кўрсатилган. Ҳозирги кунда "Университет хиёбони"да қулаган дарахтларнинг томир қисмини олиш ишлари якунланган. Шаҳарда қулаган ёки қуриб кесилиши мумкин бўлган дарахтлар шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси назорати остида амалга оширилади.