Nurbek Yuldoshev ёзяптилар:
"Яшаш қийинлашиб боряпти. Одамлар бир-бирини аямаяпти.
Бир ошнам фармацевтикада ишлайди, қолгани унинг тилидан:
“Оддий цефтриаксон бор, кейин сал кучлиси бор: цефтриаксон сульбактам. Бизни тармоқ кучлисини сотади. Дўхтирлар билан келишамиз. Оддий цефтриаксон керак жойига ҳам кучлисини ёзаверади. Унга фарқи йўқ. Кейин агент дегани бор: у дориларни “ўтказади”. Ойига ўртача 15-30 млн бонус оладиган агентлар бор. Мени ишимам шунга яқин”...
---------------------------------------------------------
Шу ерда бир фундаментал масала бор, соҳам микробиология ва вирусология бўлгани учун батафсил тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Цефтриаксон ва цефтриаксон сульбактам патоген бактерияларнинг ҳужайра мембраналари ҳосил бўлишини фалажлайди (тўхтатади). Шу билан унинг таъсири изоҳланади.
Бу дори воситалари патоген бактерияларни 100% ўлдирмайди, кўпайишини вақтинчалик тўхтатади. Ўсиш ва кўпайишдан тўхтаган бу бактериялар цефтриаксон ёки цефтриаксон сульбактамнинг кейинги қўлланиши учун тайёрланади. Ҳужайра деворлари ёки мембраналарининг шу антибиотиклар таъсирида узилиши/ҳосил бўлишини олдини олувчи ҳимоя механизмларини ишга туширади.
Оддий сўз билан айтилса, цефтриаксон ва цефтриаксон сульбактамга чидамли патоген бактерияларнинг янги авлодлари пайдо бўлади (штамм/экотип/биотип). Бундан бошқа антибиотиклар қўлланганда ҳам чидамли бактериялар ҳосил бўлаверади.
Демак, биз ўз қўлимиз билан касаллик чақирувчи патоген бактерияларнинг чидамли авлодларини дунёга келтираверамиз.
Ҳозирги кунда тиббиёт микробиологиясидаги энг катта муаммолардан бири патоген микроорганизмларнинг антибиотикларга чидамлилиги (резистентлиги) масаласидир (
https://www.mdpi.com/2076-0817/10/10/1310;
https://www.mdpi.com/2079-6382/11/8/1079). Замонавий тиббиёт бактерияларни йўқотишни эмас, балки уларнинг чидамлилигига қарши қандай курашиш ҳақида бош қотирмоқда. Шунинг учун, ҳорижда антибиотиклар кенг кўламда сотилмайди. Антибиотиклар учун ўта қатъий чекловлар мавжуд.
Мутахассис сифатида бир таклифни илгари сурмоқчиман. Антибиотикларни ким тавсия қилаётгани мониторинг қилиниши керак. Беморнинг касаллик тарихига антибиотикнинг номи ва миқдори албатта ёзилмоғи лозим.
Бизда бир гап бор: экология бузилиб кетгани учун одамлар кўп касал бўлади! Бу бекор гап. Бизни ожизлаштираётган нарса антибиотиклардир! Антибиотиклар организмнинг табиий иммун реакцияларини (иммунитетини) издан чиқаради. Айниқса, болаларда! Шунинг учун, ўзимизга ва атрофимиздагиларга эътиборли бўлсак мақсадга мувофиқ.