Ғалвирни кўтариш фурсати: Ёқилғи энергетикаси қишга чуқур чўкиш билан кирган
Энергетиклар газ қазиб олиш ошгани ҳақида Ўзбекистон 24 орқали тепаниям, халқниям алдашга уринаётганига қарамай, статистика тубга қулаш тўхтамаганини кўрсатмоқда.
Ноябрда газ қазиб олиш 3 666,9 млн.кубгача ёки ўтган йилнинг ноябрига нисбатан 125,7 млн.кубга қисқарган.
Нефть қазиб олиш 55,6 минг тоннагача тушган (-5,3 минг тонна).
Шонли энергетиклар қўли остида газ ва нефть қазиб олиш бир неча йилдан бери давом этаётгани ҳайратга солмаётгани аниқ.
Лекин бензин ва дизель ишлаб чиқаришнинг қишга кириш арафасида кескин қисқаргани, уларнинг ўзини ўзи асраш инстинкти ҳам йўқ бўлиб улгурганини кўрсатади (гўёки шонлилар алмаштириб бўлмасдек).
Ноябрда бензин ишлаб чиқариш 95,7 минг тоннагача пасайиб кетган. Бу даражада қулаш камида 2022 йилдан буён кузатилмаганди. Қизиғи, бензин ишлаб чиқариш қисқариши нафақат ўтган йилларнинг ойлари, июлдан бери тўхтовсиз давом этмоқда. Ахир Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи олигархларга совға қилинаётганида бензин ишлаб чиқариши кескин оширилиши ваъда қилинмаганмиди? Кимдир инвестиция шартларини кўтариб бажарилганини текширадими? Шунча имтиёзлар билан, фақат текин олишга ўрганган олигархия қўлидан ҳеч бир иш келмаяптими, заводни национализация қилиш кун тартибига чиқарилар балки?
Дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш бирдан 31,4 минг тоннага, 53,6 минг тоннагача тушиб кетгани эътиборсиз қолиши қийин. Катта эҳтимолки, 4 млрд.долларлик GTL заводга ноябрдаёқ газ етказиш кескин қисқартирилган. Ўзбек халқининг 4 млрд.доллари совурилган заводни аввал бошдан самарасиз эканини била туриб лойиҳалаштирган, қурган ва каррасига қимматлаштирилган пудрати орқали пул ўзлаштирганларгача сўроқ-савол қилиш пайти аллақачон келган.