Азалдан туркий халқлар ҳаётида от ва улов муҳим аҳамият касб этган, «от минган халқ» сифатида танилгани бежиз эмас. Бугунги кунга келиб ҳам уловга нисбатан муносабат ўзгармаган, фақат унинг тури ўзгарди:
ҳозирги кунда ҳам бизнинг жамиятни қувончи, ташвиши, бутун ҳаёти кўп жиҳатдан автомобилга боғлиқ бўлиб қоляпти.
Афсуски, борган сари йўллардаги ўлим ҳолатлари ва ҳаракат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар жиддий хавотир уйғотмоқда.
Йўл ҳаракати хавсизлиги тизимида раҳбар ўзгарди, аммо тизимнинг ўзи эса заррача ўзгаргани йўқ. Баттар бўлса бўляптики, бирор ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмайди.
Йўлларда ҳаракатини назорат қилувчи ходимлар сони бизда, ҳатто, жаҳондаги энг тоталитар давлатлардан бири Хитой ёки Россиядан кўра кўпроқ кўринса-да,
ЙТҲ ҳодисалари ёки «пробака»лар олдини олишда самарасизлик яққол сезилади.
Бир жойда 10 га яқин ГАИ ходимларининг тўдаланиб турганини кўрасиз, аммо яқин атрофда светофор ишламаётган ёки чорраҳада пиёдалар қийналаётган бўлади. Тўпланиб турган шунча ҳодимлар эса қоида бузмаган ҳайдовчиларни тўхтатиб, ҳужжатларни текшириш, «насадка»сиз алкотестерга пуфлатиш билан банд.
Ходимларнинг қўпол муомаласи ёки фуқаролар билан мулоқот маданияти ҳақида гапирмасак ҳам бўлади — бу энди деярли одатий ҳолга айланди. Кўникиб бўлдик.
Худди шундай бўлиши керакдек, бошқача бўлиши мумкин эмасдек қабул қиляпмиз.Савол туғилади: наҳотки, бу тизимни ўзгартириш имконсиз бўлса? Нега бу тизим раҳбарияти чет эл тажрибасини ўрганиб, замонавий тизимлар жорий этишга ҳаракат қилмайди?
Жаноб Шерзод Шокирович, 4-5 нафар фуқарони қабул қилиш ва уни пиар қилиш билан тизимдаги чуқур илдиз отган муаммоларни ҳал қилиб бўлмайди. Мақсад тизимни такомиллаштириш ва ҳақиқий ўзгаришларга эришиш бўлса, унда камчиликларни чуқур таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш бўйича амалий қадамлар ташланг.
@mufasa_mh