"ҲАЗРАТИ ИШҚ" КИТОБИ ТАҚДИМОТИ
Чин шоирнинг дини Ишқ, маҳзаби Ишқдир. Чин шеърда Ишқ куйланади.
Шоир Мансур Жумаевнинг "Ҳазрати ишқ"и айни шу азалий ва адабий туйғуни тараннум этади.
Қарши шаҳридаги Осиё технологиялари университетида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда марҳум шоир Мансур Жумаев хотирасига бағишланган адабий-бадиий кеча ҳамда шоирнинг "Ҳазрати ишқ" китоби тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ғулом Абдиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Элбой Қулмонов, Осиё технологиялари университети проректори Элёр Ибрагимов, университет ўқитувчилари ва талабалари иштирок этдилар.
Сўзга чиққанлар шоирнинг ҳаёти ва ижоди, асарларида ўзига хос услуби ва йўли шакилланганлиги, шеърларидаги тасаввуфий туғёнлар, ташбеҳ, мажоз ва рамзлар тилидан моҳирона фойдалана олганлигини эътироф этдилар.
Шоир қисқа умри давомида мазмунли ва арзигулик ижодий мерос қолдирди.
Унинг "Оқ орзуларим", "Ҳайрат қўшиқлари", "Биз кутган фасл" ҳамда "Ҳазрати ишқ" каби шеърий мажмуаларда ёшларни Аллоҳга, ватанга, ота-онага бўлган юксак муҳаббатни тараннум эта олди.
Университет талаба-ёшлари шоирнинг шеърларини ёд олганлигини, шоирга бўлган ҳурмат ва эҳтиромини намойиш қилдилар.
Тақдимот сўнгида Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими томонидан университет кутубхонасига шоирнинг китоблари туҳфа этилди.
Тадбир баҳс ва мунозараларга бой бўлди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Қашқадарё вилояти бўлими
https://t.me/qashqadaryo_adabiyoti