РАМАЗОН – НАФСНИ ТАРБИЯЛАШ ОЙИРамазон нафс тарбияси ойидир. "Нафс" сўзи Қуръони каримда 295 марта зикр қилинган. Баъзилар нафсни руҳ билан битта дейишади. Аммо руҳ ва нафс алоҳида нарсадир. Нафс ақл ва жонга бўлинади. Инсон ухлаганда ақли олинади, аммо руҳи бўлган нафси олинмайди. Жони олинганда эса руҳи бўлган нафси олинади. Яна нафсни ҳам, руҳни ҳам қон деганлар бор. Яъни инсоннинг қони чиқиши билан унинг руҳи ҳам чиққанлиги боис шундай дейилган. Нафс инсон қалбидан ўрин олган. Нафсни тарбиялашдан мақсад қалбни саломат ҳолатга келтиришдир. Қалби саломат бўлган одамгина Қиёмат куни нажот топади.
Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ ва бошқа муфассирлар айтадилар: “Нафс Қуръонда саккиз важҳ билан келади”:
1. Ҳазрати Одам алайҳиссаломни Аллоҳ таоло Қуръони каримда нафс деб атайди.
2. Она ҳам Қуръони каримда нафс маъносида келтирилади.
3. Жамоат ҳам нафс маъносида келади.
4. Кишининг аҳллари ҳам нафс маъносида келган.
5. Дин аҳлларини ҳам Аллоҳ таоло нафс сўзи билан ифодалайди.
6. Инсон ҳам нафс маъносида келади. Шунингдек, нафснинг ўзи ҳам ўз маъносида келади.
Нафс ҳар доим ўзгариб туради. Унинг мартабалари бор. Инсоний нафслар Қуръони каримда уч кўринишда келади. Булар:
1) маломат қилувчи нафс;
2) ёмонликка бошловчи нафс;
3) хотиржам нафс.
Бундай нафсларнинг далиллари Қуръони каримда келтирилган. Хотиржам нафс ҳақида Аллоҳ таоло:
"Эй хотири жам, осуда нафс!Раббингга сен Ундан, У сендан рози бўлган ҳолда қайт!" (Фажр сураси, 27–28-оятлар).
Маломат қилувчи нафс ижобий нафслардан ҳисобланади. Киши бирор гуноҳ қилиб қўйса, нафси уни маломат қилади. Ёки яхшилик қилмаса, ўз эгасини маломат қилади.
"Қиёмат куни билан қасам.
Ва маломатчи нафс билан қасам", (Қиёмат сураси, 1–2-оятлар).
Аллоҳ таоло маломат қилувчи нафс билан қасам ичяпти. Демак, бу улуғ нафсдир. Инсон учун энг ёмони ёмонликка бошловчи нафсдир. Бу нафс инсон учун шайтондан ҳам хатарлидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
"Ўзимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка ундовчидир. Албатта, Раббим ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир". (Юсуф сураси, 53-оят).
Агар Аллоҳ таоло бандасига раҳм қилмаса, унинг нафсини ёмонликка бошловчи қилиб қўяди. Банда эса нафсининг қули бўлиб, ёмонлик учун хизматкорга айланади.
"Аллоҳга қўлингиздан келганича тақво қилинг ҳамда қулоқ осинг, итоат қилинг ва нафақа қилинг, ўзингизга яхши бўладир. Ким ўз нафсининг зиқналигидан сақланса, ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир", (Тағобун сураси, 16-оят).
Уламолар нафсни жиловлаш учун унинг айтгани тескарисини қилишни тавсия этишади. Яъни нафс нимани хоҳласа, унга муҳайё қилиб, у бошлаган йўлдан юрмаслик керак. Руҳий тарбия машойихлари нафсни жиловламоқ учун киши жуда оч қолганда овқатланмоғи, ухламаса илож қолмайдиган уйқу келганда ухламоқ, мажбур бўлгандагина сўзламоқ керак эканлигини айтадилар. Нафс одатда уйқуни, тўйиб овқатланишни ва вайсашни ёқтиради. Қайси йўл билан бўлса ҳам, ўзини ғолиб келишини ва яхши ном билан аташларини хоҳлайди. Банда унинг айтгани тескарисини қилиш билан унга қарши туриши лозим. Нафсни поклаш банда бажарадиган энг улуғ амаллардандир. Нафсини поклаган инсоннинг қалби покланади. Унда дунёнинг кераксиз матоҳларига бўлган эҳтиёж камаяди. Қалбнинг занглари кетади. Нафс энди бандани учун яхшиликка элтиш учун хизмат қилади. Ўз нафсини поклаган ҳар бир банда жаннат билан сийланади. Аммо бу нафсини жиловламай унга қул бўлган, бутун умрини мол-дунё тўплаш билан ўтказиб, хайр-эҳсондан йироқ бўлиб, гуноҳ-маъсиятда умргузаронлик қилган бандага афсуслар бўлсин.
Ҳеч бир бандани нафси хуруж қилиб, уни ҳақдан оздириб, йўлдан адаштирмаслигини Аллоҳ таолодан сўраймиз.
Др. Шайх Саййид Раҳматуллоҳ ТЕРМИЗИЙ🤲
Яхшилик учун яқинларингизга ҳам улашинг ❗️
┄┄┅✿🍃❀🤲
❀🍃✿┅┅┄┄
🤲
𝐌𝐀𝐍𝐎𝐋𝐈 𝐔𝐌𝐑 – Ма'ноли - Ва Ибратли Канал ✅