Учта тоғам бор. Учаласиям рассиячи эди. Иккитаси ҳалиям рассиячи. Фақат биттаси 5-6 йилча ишлади-ю, топганига мол-қўй қилиб, шуни орқасидан рўзғор тебратди. Ўзига шу ёқади, молдўхтир-да.
Айримлар, айниқса хотини тоғамни ношудга чиқарди, иккита ўғлинг бўлса, кучинг борида уй-жойни ҳаракатини қилмайсанми, деган дашномлар остида яшади. Лекин тоғам битта зоʻр иш қилди: болларини ўқитди. Қийналди, қарз бўлди, кам еди, киймади, лекин болларини оʻқитди.
Эсимда, укалари тоғамнинг кўзини очиришмасди, болларингни семирганини қара, бу тенгилар далада кетмон чопяпти, нон топяпти, сеникиларнинг қўлидан китоб тушмайди, боқибеғамлар, онасини қорнидан тушгандан бери курсга боради, деган гаплар бўлган. Лекин тоғамни ҳеч ким билан тортишиб-баҳслашганини кўрмаганман. Феъли кенг одам эди.
Ҳозир ўша қўлидан китоб тушмайдиган оғилларнинг бири Дубайда йўл қурилиш компаниясида инжинер, биттаси отасининг йўлидан бориб, ички ишларда кинолог бўлиб ишлаяпти, топармон-тутармон йигитлар. Тоғам ҳалиям мол боқади.
Нима қипти, зато укаларидек совуқ ўлкаларда кимларгадир қарам бўлиб ишлаётгани, оиласини бир йилда бир кўраётгани, почкасини совуққа олдиргани йўқ.
Кичик тоғаларимнинг эса данғиллама уйи ҳануз битмади. Битмайдиям. Болалариям оʻзларидек рассиячи бўлди. Қачонлардир акасининг болаларига намуна бўлгандир, лекин ҳозир уларга фақат ҳавас қилади.
Тоғам оталик, эркаклик, инсонлик вазифасини аъло даражада яшаб ўтяпти. Данғиллама уйиям бор, қувонарлиси, бу учун у йиллаб умрини совуқ ўлкаларда ўтказмади, қул бўлмади, шунчаки юраги буюрган ишларни қилди. Тоғам герой!
Facebookdan Oygul Hamidullayeva.
@kushonacademy