Ислом академиясини судга берган отани Миллий гвардия олиб кетди
Ислом академияси қошидаги лицейда ўқиётган қизининг рўмол ўраш ҳуқуқини судда ҳимоя қилаётган адвокат Абдувоҳид Яқубовни Миллий гвардия ходимлари ушлаб кетган. Адвокат Миллий гвардиянинг бу ишини олдиндан режалаштирилган ва унга босим ўтказиш учун атайин қилинган бўлиши мумкинлигини гумон қилмоқда.
Шайҳонтохур туман ИИБ 4-сонли бўлинмасида ярим соат ушлаб турилган Абдувоҳид Яқубов қўйиб юборилган.
"Кечки соат 7 ларда дорихонадан чиқсам, иккита пост патрул хизмати машинасидан миллий гвардия ходимлари чиқиб мени ушлаб кетишди. У ерда пост патрул хизмати ходими сержант Шариф Маллаев ва Миллий гвардия сержанти Отабек Ризқиевлар ўзларини таништирди", дейди Абдувоҳид Яқубов.
Унинг айтишича, Отабек Ризқиев ва Шариф Маллаевлар адвокатни ушлаб кетиш сабабини соқолли киши бир қизнинг қўл телефонини олиб қочиб жиноят содир этганини келтиришган. Бироқ кейинчалик бундай жиноят содир бўлмагани ойдинлашган.
"Шунинг учун идорада текшириб, бармоқ изларимни оламиз, дейишди. Мен уларга ўзимнинг адвокат эканлигимни айтдим, гувоҳномамни кўрсатдим. Мени суд ёки прокурор санкциясисиз милиция идорасига олиб бориш қонунга зидлигини айтдим. Лекин улар қонун нималигини билмас экан", дейди у.
Милиция идорасида Шайҳонтохур туман жиноят қидирув бўлими ходими ҳам бўлган.
У адвокатга ҳеч қандай жиноят содир бўлмагани ва жиноят бўлмаса ҳам орган ходимлари шубҳаланган одамларни олиб кетишга ҳаққи борлигини айтган.
Адвокат Абдувоҳид Яқубов билан бирга яна бир соқолли савдогар ва унинг шериги ҳам ушланган.
Милиция ходимлари қолган икки кишининг бармоқ изларини олган, бироқ адвокат Абдувоҳид Яқубов ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилганлиги боис ундан бармоқ излари олишмаган.
Аммо унинг милиция бўлинмасига олиб келишганини қайд қилишган.
"Қизимни судда ҳимоя қилаётганим учун босим сифатида олиб кетган бўлиши мумкин, деб ҳисоблайман. Чунки икки машина айнан мен кирган дорихона олдига келиши шубҳали. Аммо ичкарида бу ҳақда ҳеч нарса дейишмади. Бу каби ҳаракатларга қарамасдан бошлаган ишимдан чекинмайман, Худо хоҳласа", дейди Абдувоҳид Яқубов.
Абдувоҳид Яқубов бўлиб ўтган ҳодиса юзасидан прокуратуранинг ишонч рақамлари орқали шикоят қилган.
Ҳижобга тақиқ масаласини кўраётган судья kun.uz га тўсқинлик қилди
Олдинроқ ушбу маҳкамани кўриб чиқаётган судья Санжарбек Зулунов журналист ишига қаршилик қилишга ҳаракат қилгани маълум бўлган эди.
Манба: BBC Uzbek хизмати
@fayzboguz