МЕНИ ТАНЛАБ, ХАТО ҚИЛМАБСИЗ!
Ассалому алайкум, самимий ўқирманлар. Самимийгина, ширингина бўлиб юрибсизми?
Япониядаги келишган йигитнинг ҳикоялари давом этади. Ёзганларимни эринмай ўқиётганлар бир кунда бир бетдан китоб ўқиётгандек бўлаябсизлар. Жа, зўр китоб дея олмайманкуя, ҳарқалай йўқдан кўра бор-да)
Бугунги бобимиз мақтаниш ҳақида. Сизларга бир мақтанай. Шу десангиз, Назмий Портал деган саҳифада 2024-2025 ТОП 50, ЕТАКЧИ ЁШ ШОИРЛАР деган номинация ўтказилди. Шу номинацияда камина камтарин ҳам ғолиб бўлиб, кучли 50 таликка киритилибман. "Сенга ўхшаган жипириқлар адабиёт учун, шеърият учун нима қилиб қўйгандинг-ки, сени кучли 50 таликка киргизишибди" деган ҳаёл келдими? Ҳечқиси йўқ. Менга ҳам шундай ҳаёл келди))
Кучли 50 таликни бир қараб кўринг-да. Ҳаммалари кучли-кучли шоирлар. Ҳаммаларини шеърларини ўқиганман. Мен бу даврада ўзимдан уялиб кетябман. Камтарлик эмас, ҳақиқатда шундай! Мен шоирлар эмас, "Адабиётни, шеъриятни ўлгудек яхши кўрадиган", "Кўп шеър ёдлаган", "Шиғирчилар машқ қилиб турадиган" га ўхшаган номинациялар ўтказилса, ғолиб бўлсам керак) Ёки, "Череччур келишган йигит" деган номинация бўлса, аниқ ғолиб бўламан. Бундай кучли қалам вакилларининг орасига мени ҳам қўшиб уялтирманглар-да) Онониб кетай сизлардан!
Нима бўлганда ҳам ташаккур сизга! Мени танлаб жуда яхши қилибсиз, эй Назмий портал, эй кўринмас одам. Бунчалар яхшисиз, сиз)) Шу жойига бир икки томчи кўз ёшчани қилиб, "Мен болалигимда роса қийналганман. Мен бу натижаларга эришишимга" деб интервью бергим келиб кетди. Йўқми бирорта таваккал қилиб кўрадиган журналист)
Майли, ўзим ёзган шиғирчадан бир шингил айтиб берай:
Мажнунтол, Мажнунтол,
Берай бир савол,
Нимага ғамгинсан?
нега қаддинг дол,
Ишқда бевафога
йўлиққанмисан,
Ёки, гўзал севгинг
бўлганми увол?
Мажнунтол, Мажнунтол,
дўстим қулоқ сол,
Сен-ла дардлашгани
келдим, сахарда,
Мен ҳам сенинг каби,
безганман ишон,
Баланд бинолару,
катта шахардан.
Мажнунтол , Мажнунтол,
йигитмисан, чол,
Исмингни ким қўйган?
Нимага Мажнун,
Сенга панд берганми
сохта дўст-у ёр,
Шунга бўлганмисан
умрбод маҳзун.
Мажнунтол, Мажнунтол,
Дардинг тўкиб сол,
Сен ҳам мусофирда,
оғринганмисан,
Меҳрин қўмсаганда
сўролмай аҳвол,
Онангни мен каби
соғинганмисан?
Мажнунтол бошингни эгма
ҳеч қачон,
Ғафлатга ботганлар
эгсин бошини,
Туққан, боққанига
хиёнат қилган,
Ватанни сотганлар
эгсин бошини.
Халқум, халқум дея,
халқин хор қилган,
Юраги қотганлар
эгсин бошини,
Дину диёнатдан
хабарсиз, нафси,
Ҳаталак отганлар
эгсин бошини.
Мажунутол қаддингни кўтар,
мағрур тур,
Сен ва мен ҳеч кимдан
қарзмас, қарз эмас,
Сенга юз бурганга,
юзларингни бур,
Билсанг бевафолар
бизга арзимас.
Мажнунтол, Мажнунтол,
Бўлай дарддошинг,
Содиқ дўстим бўлиб ,
ёнгинамда қол,
Қаддингни кўтарсанг,
тик тутсанг бошинг,
Исмингни қўяман мен
Баҳодиртол..
https://t.me/BahodirIskandarov