Қуйидаги узиндилар эса, Мирзиёевнинг ўтган йил ёзида Фарғонада қилган нутқидан олинди:
“Шоири Аъзам нима дейдилар Ғайратхон? Ўўўв... Навоий шеърларидан биласиз. Неччи йил бўлди, қаридингми санам?”
“Гапиринг, жаноби олийлари!”
“Манга садоқат керак. Ўзини қийноткон, Фарғонани яхши кўроткон одам керак манга. Протоколга ҳаммаси ёзилиши керак. Мана ўтирган шоиру, Зокирхону Ғайратхону… Ҳаамммасини яхши биламан буларди. Вой-вўўў қанча қонимди ичган булар мани!”
“Гапир, гапир, гапир, вақт йўқ, эй!”
Мирзиёев турли чиқишларида божхона ходимларини “энг катта порахўр”, молиячиларни "каламушлар", прокуратура ходимларини "ўғри ва ахлат", деб атагани ҳамманинг ёдида.
Янги президентнинг халққа яхши кўриниш учун ҳам қилаётган бу популистик баёнотларининг этика меъёрларига қанчалик мослиги – бошқа мақоланинг мавзуидир. Бу мақола - фактлар констатацияси, холос.
Қолаверса, президент баёнотларининг этика меъёрларига мослиги масаласи устида бугунги ўзбек жамияти бош қотираётгани йўқ.
Хусусан, Нотиқлик санъати академияси нодавлат таълим муассасаси муассиси, таниқли телебошловчи Раҳимбой Жуманиёзов OzodNazarга берган суҳбатида Мирзиёевнинг нутқларини баҳолар экан, бундай деган эди:
“Президент нутқидаги самимийлик, табиийлик ва ҳаётийликни алоҳида таъкидлаймиз. Тўғри, у тилшунос эмас, лекин ўз фикрини халққа етказиш пайтида таъсирчанликни кўрасиз, таҳлилий танқидни кўрасизки, халқимиз, шахсан ўзим ҳам президентнинг чиқишини кутиб ўтирамиз”.
Тилшунос олим Бахтиёр Исабеков Шавкат Мирзиёевнинг тили ҳақида фикр юритар экан, эътиборимизни яна бир ташвишли жараёнга қаратди.
“Каримов қийналса ҳам “туман” дер эди. Ҳозирги президентимиз кўпроқ “район” деяпти. Президент “девон”, “маъмурият”ни “администрация”га айлантириб олди, “истиқбол” ўрнига “перспектива” кета бошлади. Қайта истеъмолга кира бошлаган ўз сўзларимизни бошқа тилдан кирган сўзларга яна алмаштиришни, афсуски, президентимиз нутқларида ҳам кўряпман”.
Мақола устида ишлар эканмиз, президентнинг ички ишлар ходимлари билан январда ўтказган мажлисдаги нутқини ҳам диққат билан эшитдик. Нутқнинг ихтиёримиздаги 1 соату 15 дақиқалик қисмида Сурхондарёда қилган ҳақоратлари, Фарғонада қилган кесатиғу истеҳзоларига ўхшаш гаплар учрамади.
Мелисаларни ҳатто президент ҳам сўколмайдими, деб ўйлаб қолдик :)
Ёки Мирзиёев ўзгараяптими?
Январдаги нутқида “келоткон”, “бороткон” ҳам одатдагидан камроқ учради...
Руҳшунос олим бугунги мақола учун берган суҳбатида яна бундай деди:
“Гапираётган пайтда эга-кесимларга эътибор бермайдиган кишилар бўлади. Фикрларини бошқаларга етказишга қийналадиган бундай кишиларнинг ишлари ҳам чала-чулпа бўлади. Бундайларга ишонишингиз қийин бўлади”.
Шавкат Мирзиёевнинг тилини мукаммал дейиш қийин. Лекин унинг нутқида Ислом Каримовникидан фарқли ўлароқ, руҳшунос олим айтаётган эга бор, кесим бор.
Эга-кесимнинг мавжудлигидан эса, олимга ишонар бўлсак, ишонч пайдо бўлади.
https://t.me/bugunuz/21119