Бир тантана содир бўлажак,
Бир тараддуд кезиб юрибди.
Мийиғида кулимсираган
Қуёш буни сезиб юрибди.
Новдаларнинг юзида сепкил,
Дарахтлар ҳам бир тараддудда.
Сезилар бир ажиб ҳаяжон
Йўл четида, каллакдор тутда.
Нами қочган тўнка устида
Кукулашар бир жуфт кабутар.
Ана, ҳовуз ичра фаввора
Ҳозир буюк сирин фош этар.
Кезар недир қилиб овоза,
Тилсиз жарчи баҳор еллари.
Сиғмай кетди қўлқопчаларга
Хонимларнинг нозик қўллари.
Бир тантана содир бўлажак,
Бир тараддуд кезиб юрибди.
Мийиғида кулимсираган
Қуёш буни сезиб юрибди.
Болтабой БЕКМАТОВ.
Каналимизга обуна бўлинг ва энг сўнгги янгиликларни кузатиб борингJizzaxnews |Тelegram | Facebook | Dzen | YouTubе