ҚАРЗ ОЛУВЧИЛАРГА МАСЛАҲАТ&& Қарз олишда энг аввало билишингиз керак бўлган нарса - имкониятларингиз ичида қарз олиш энг сўнгги чора бўлсин. Бошқа чора тополмасангиз, яхши инсонлардан қарз олинг. Доимо “албатта, қайтараман” деган ниятда бўлинг ва Аллоҳдан доимо ёрдам сўранг.
&& Қарз берувчи топилганда, унинг хат-ҳужжат қилиш ёки гаров тақдим қилиш шартларини сўзсиз бажаринг. Ичингизда “бу бола яқин дўстим эди, менга ишонмаяптими?!” деган хаёллар келса, парво қилманг. Тўғри қабул қилинг ва пулни қайтариш ниятингиз астойдил эканига ишонтиринг.
&& Қарз олди-бердида пулни етказиш (такси), ўтказиш (Payme, Clickдаги 1%), хат-ҳужжатни расмийлаштириш (нотариал тўловлар) билан боғлиқ харажатлар қарз олувчининг, яъни сизнинг зиммангизда бўлади. Бу харажатларни қарз берувчи ҳисобидан қилинишига йўл қўйманг.
&& Олинган маблағни қарз берувчига энг маъқул шалкда қайтаринг. Унга нақд маъқул бўлса нақд беринг, пластикка кўчириш маъқул бўлса, пластикка кўчириб беринг. Агар долларда олган бўлсангиз, сўмда қилиб берай, деб қистаманг. Қайси валютада олган бўлсангиз, биринчи галда ўша валютада қайтаришга ҳаракат қилинг.
&& Қарзни муддатида қайтаролмаяпсизми, дарҳол қарз берган билан боғланиб, вазиятни тушунтиринг. Ундан уялиб, хижолат бўлиб, яшириниб юрманг. Қарзни қайтариш бўйича режаларингизни тушунтиринг ва муддатни чўзиб бериш учун ундан рухсат олинг.
&& Қарзни қайтараётганда, албатта, унга самимий ташаккур айтиб, мамнунлигизни изҳор қилинг. Олдида ҳақига дуо қилинг ва ғойибона дуоларда ҳам эслаб юринг. Сизнинг ҳожатингизни чиқаришда шу инсонни сабабчи қилган Аллоҳга ҳамд ва шукрлар айтинг.
&& Диққат эътиборингиз қарзни ўз вақтида ва тўлиқ шаклда қайтаришга қаратилсин. Лоқайдлик ва бепарволик билан қарзни кечиктиришга йўл қўйманг. Асло унутманг, имкони бўла туриб қарзни тўламай юрганлар золим ҳисобланади, ҳар куни катта гуноҳ билан тонг оттирганлардан бўлади. Қабрда тинч ётай десангиз, зиммангизда биронта қарз қолмасин!
&& Билиб қўйинг, насияга мол олиб қарздор бўлиб қолганлар пул олиб қарздор бўлганлардан ҳам эҳтиётроқ бўлишлари керак. Чунки пулни қарзга берганлар, савоб умидида берганлар ва улар сабр қилишлари мумкин. Аммо, молини насияга сотган тадбиркор фойда кўриш мақсадида берган, агар молининг бадалини тўламасангиз, сиздан ҳеч қачон рози бўлмайди.
&& Асосий маслаҳат - юқоридаги маслаҳатларни ўқиб ва уқиб, уларга риоя қилинг!
@alijon_ravshanov