Омонат
Юлдуз гўзал аёл. Буни ўзи ҳам билади. Қанча сипо бўлмасин, барибир, ортидан термулиб қоладиганлар кўп. Хушбичим, қош-кўзлари оловдек.
Турмуш ўртоғи еру-кўкка ишонмасди. Бетоблик қурсин, тоғдек йигитни ғариб қилди. Ётиб қолди. Умрида ишлаб кўрмаган аёл, қўлида на дипломи бор, на бир ҳунари.
Иккита боласини, эрини боқишга мажбур эди.
Ўйлаб-ўйлаб, бозорга чиқди. Оддий қўнғир кўйлак, қорамтир, тўқ кўк рўмол ҳам унинг чиройини беркита олмасди. Еттинчи синфда ўқийдиган ўғлини ёнига олди. У пайтларда маҳрам деган тушунчани билмасди, шунчаки, ўғли ёнида бўлса, бегона эркаклар гап отмаслигига ишонди. Озғингина болакай кўзойнак тақиб дўконда ўтирар, онаси иккиси савдо қиларди. Оиласининг ризқи-да! Бир йил муддатда яхшигина сармоя йиғдилар. Юлдуз янаям кўпроқ фойда қилишни истаб, молни ўзи олиб келишни хоҳлаб қолди.
—Адаси, Санжарни олиб Москвага бориб келаман, рухсат беринг. Ўн баравар кўп фойда қиламиз,-деди у.
—Юлдуз, мен сенга ишонаман, онаси, лекин одамларга ишонмайман. Ёмон кўп.
—Ёнимда Санжар борку, хавотир олманг, сизни уятга қўядиган иш қилмайман!
Эри ишонди.
—Аллоҳга топширдим! Эркак чин дилдан дуо қилди.
Ўғлини олиб поездда Россия қайдасан деб йўлга тушдилар.
Поезд имиллар, совуқ забтига олган, болакай кўзойнак остидаги митти кўзларини пирпиратиб ортда қолаётган кенгликларга тикилар, поёнсиз йўлларда нималар кутаётганини билмасдилар!
Улар Москвага етиб келдилар. Энг арзон меҳмонхонага жойлашиб олгач, бироз дам олдилар, сўнг бор-йўқ пулларини қайта-қайта санаб, елим халтага ўраб, кармонга солиб мол харид қилгани отландилар.
Умрида Тошкентдан ташқарига чиқмаган аёл бунақа аччиқ совуқни ҳам энди кўриб турарди.
Дўконларда асосан арманлар, яна аллақандай миллат эгалари савдо қилар, барзангидек эркаклар Юлдузга еб қўйгудек тикилар
—Ай, крассавица, давай познакомимся., —дея очиқ хушомад қиларди.
Улар кун бўйи мол қидирдилар Орада овқатланишга ҳам улгурдилар. Охири бир дўкондаги тақинчоқлар маъқул келгандек бўлиб харид қилмоқчи бўлиб сумкасига қўл суқди Юлдуз. Пул йўқ эди. Қайта-қайта текшираркан, пулни тополмасди.
Кўнгли озгандек бир ҳолга тушди аёл. Энди нима қилади? Уйига қандай кетади?
Москва кўчаларида боши оққан томонга кета бошлади.
—Санжар, ма, сен қара-чи? Балки мен кўрмай қолдиммикан? У сумкани ўғлига берди.
—Йўқ, пул, ойи-деди ўғли кўзига ёш тўлиб. Кейин кўзойнагини қўлига олди. Чўнтагидан рўмолча олиб хира тортган ойнагини артмоқчи бўлди. Шу пайт қўлига кармон илиниб чиқди.
—Ойиии, мана-ку, пул.
Шоиранинг боши айлангандек бўлди, кейин гуп этиб орқага қулади. Аёл ҳушидан кетган эди!
Ўғлининг овози узоқлардан келди
—Ойиии....
У кўзини очганда аллақандай ўзбекона уйда ётганини кўрди., Хонтахта устидаги дастурхон ранг-баранг, атрофидаги кўрпачалар гулдор сатиндан қилинганди. Ўғли оёқ томонида йиғлаб ўтирар, ўзбекларга ўхшаган аёл унинг бошини силарди.
—Ўзбекмисизлар?
—Уйғурлармиз!
Москвада уйғурлар нима қилади? Ҳуш-беҳуш ҳолида шу фикр хаёлига келди аёлнинг.
Юлдузнинг қон босими кўтарилиб кетганди. Аллақандай дамламалар ичирди аёл. Юлдуз енгил эди. Кечадан бери кўнглини банд қилган ғашлик, қўрқув тарқаган, бош оғриқлари ҳам қолганди.
Улар уни ўлимдан асраб қолган аёлга ташаккур айтиб, уйдан чиқдилар.
Тошкентга етиб келганида кўзларига ишонмасди у.
—Бекорга мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан, демас эканлар, машаққат экан мусофирлик. Ўғлига шу сўзларни айтаркан, уйига, эрининг, қизининг ёнига ошиқиб, такси тўхтатди.
—Адаси, мени худо бир асради, —деб ҳушидан кетганини айтиб берди у
—Сени Аллоҳга топширганман, ўзи асраган, —деди эркак қимирламай ётаркан.
Унинг Москвадаги хариди омадли келганди. Орадан бир йил ўтиб яна Россияга отланди. Санжар бу сафар ҳам ёнида эди.
— Юр, мени даволаган уйғур аёлдан хабар олайлик, раҳматимизни айтайлик, —деди Юлдуз Тошкентдан келтирган патир, майизларини оларкан.
Манзилга етиб келганларида уй йўқ эди.
—Аниқ эсимда, мана шу будканинг орқасидаги уй эди, —дерли Юлдуз ўзига ўзи. Кейин дўкончининг ёнига кирди. Дўкондор ҳам ўзгармаганди.
—Мана шу ерда бир ўзбекона уй бор эди, уйғур аёл яшарди,-деди у
Феруза Салходжаева
https://t.me/ijod_sehri21