🤲
Асмоул ҳусна — Аллоҳ таолонинг гўзал исм-сифатлариБиз билан ҳар куни Аллоҳ таолонинг 99 та исм-сифатларини ўрганинг.
19. ал –Фаттоҳ
Маъноси:
"
Ал-Фаттоҳ" исмининг маъноси кўплаб нарсаларни очувчи, Ўз раҳмати хазинасини бандаларга очувчидир.
Гоҳида инсон қаршисида ризқ эшиклари ёпилиб қолиб, эшикни ҳар қанча тақиллатмасин, ёпиқлигича тураверади. Ана шу пайтда Аллоҳ таоло мўмин бандаларига ҳалол ризқ эшигини очади, чунки у Зот ал‑Фаттоҳ, яъни Очувчидир.
«Аллоҳга таваккул қил. Албатта, сен очиқ-ойдин ҳақдадирсан» (Намл сураси, 79‑оят).Мушрик одамнинг, мўмин бўлмаган ёки иймони заиф кишининг ҳаёти парчаланган ҳолатдадир. Чунки у мудом раҳбарларни, ўзи қарам бўлган одамларни рози қилишга ҳаракат қилади. Оилада эса хотинини рози қилиш ҳаракатида бўлади. Аммо ишхонадагиларни рози қиламан деса, хотини норози бўлади. Хотинини рози қилай деса, ишдагилар норози бўлади. Қариндоши номашруъ маишатга таклиф қилса, бораман деса Аллоҳнинг ғазабини келтиради. Бормаса, қариндошининг ғазабига учрайди. Қўйингки, ғайримусулмоннинг ҳаёти буткул ана шундай изтиробда ўтади. Мўмин киши эса Аллоҳнинг ал‑Фаттоҳ исмини яхши англаб, барча муаммоларнинг эшигини фақат У Зот очишини билгач, фақат У Зотнинг розилигига эришишга интилиб, роҳат-фароғатда яшайди.
Машҳур ҳадиси қудсийда
Аллоҳ таоло дунёга шундай дейди: «Ким Менга хизмат қилса, сен унга хизмат қилгин. Ким сенга хизмат қилса, уни ишлатгин».
Инсоннинг ушбу исмга алоқаларидан яна бири бандалар учун хайр‑яхшилик эшигини очишдир. Демак, инсон қўли очиқ бўлиши керак, хасис, зиқна бўлмаслиги керак.
Бу илоҳий риштанинг яна бир кўриниши – Аллоҳ қалбимизга илм эшигини очиши учун жидду‑жаҳд қилишимиздир.@Zufar_Domla