🔴 Қазои ҳожат пайтида ҳалол бўлмайди:
1. Йўл бўйида ўтириш.
2. Одамлар ўтирадиган жойда бўлиш.
3. Мевали дарахт остида бўлиши.
4. Одамларга озор берадиган ўринларда бўлиши.
Шундай жойларда одамлар йўқ бўлса ҳам, ҳожат чиқарилмайди. Чунки, кейин шу йўлдан отиши мумкин, босиб олиши, ёки ўтирса, ҳиди келиб туриши, ёки кўриниб туриши билан одамларга озор беради.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Иккита лаънатланилувчилардан бўлиб қолишдан сақланинглар!”
“У иккита лаънат нима, эй, Росулуллоҳ?” дедилар.
"Одамлар юрадиган йўлга ёки одамлар сояланиб ўтирадиган жойларга қазои ҳожат қилишлик”, дедилар.
Яъни, ўша одамлар: “Қуриб кетсин, ўлиб кетсин”дейишликларининг ўзи лаънатдир.
Ўтирган киши ўзи ҳам лаънатланади, ўзининг биродарининг лаънат сўзларини тилига олишига сабаб бўлади.
🔴Китобда муаллиф “мевали дарахт” лафзини ишлатдилар, аслида, мевасиз бўлса ҳам ўтириш мумкин эмас, чунки одамлар соясида дам олишлари мумкин.
“Мевали дарахт”, деб таъкидланиши унинг мевасидан емоқчи бўлганларга озор бўлади, босиб олиши ёки мева нажосат устига тушиши мумкин. Унинг сояси остида ўтира олмайдилар, кўрганда кўнгилни хира қилгани сабаб. Иссиқ ўлкаларда дарахт сояси муҳим. Баъзи дарахтлар эътибордан узоқ, унинг олдига ҳеч ким бормайди, сояси йўқ, унинг панасида ўтириш, ҳожат чиқариш мумкин.
🔴 Қазои ҳожат вақтида қиблага олдини қилиб ҳам, орқа ҳам қилиб ўтирмайди.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларига мувофиқ: “Агар ҳожатга борсангизлар, қиблага олдингизни қилиб олманглар, орқа ҳам қилманглар! Лекин, шарқ ёки ғарб томонга мойил бўлинглар” (Муттафақун аълайҳи).
Бу Ҳадис Абу Аюб ал-Ансорийдан ривоят қилинган. Росулуллоҳ соллаллоҳу аълайҳи ва саллам Мадинада айтдилар, шарққа ёки ғарбга юзланишлик Мадина аҳлига тегишли ҳукмдир. Бошқа юртлардаги мусулмонлар ҳам Қибла қайси томонда бўлса, ўша томонга олди ёки орқаси бўлиб қолишига эҳтиёт бўлишлари лозим.
⚠️ Уламолар бу масалада ихтилофлашди:
1. Баъзи уламолар: "Ҳеч қачон уйда бўладими, ялангликда бўладими, олди-орқани қиблага қилиб ўтирмайди",дедилар. Абдурроҳман Саъдий, Абу Ҳанифа, Ибн Таймия, Ибн Қаййим, Нававийлар шу фикрда бўлишди.
2. Аксари уламолар: "Биносиз ялангликда олди ёки орқа қилиб ўтирилмайди, лекин бино ичи ёки тўсилган жойда бундай ўтириш жоиз",дедилар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу опалари Ҳафсоникига бориб, уйнинг томига чиқадилар. (Ҳафсо розияллоҳу анҳо пайғамбаримизнинг аёллари эди). Набиий соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ерда шомга олдини қилиб ва қиблага орқа қилиб ҳожат ушатаётган эканлар. Ибн Умар ёш бола бўлганлар ва узоқдан кўрганлар.
(Бухорий ва Муслим ривояти).
Бу далилни Имом Молик, Имом Шофъеий, Ибн Исхоқ ва машҳур уламолар айтишган. Ҳозирги даврда Саудиядаги фатво қўмитаси қабул қилган: Ибн Боз, Ибн Усаймин, Ибн Жибрин каби улуғ алломалар қўллашган. Агар билмасдан шундай ҳожатхона қуриб қўйилган бўлса, жоиз. Лекин, янги уй қурмоқчи бўлса, планни Қиблани эътиборга олиб қуриш шарт, яъни афзалроқ, бу ишда бепарво бўлинмайди.
3. Қаерда бўлса ҳам Қиблага орқа ўгириш жоиз, юзланиш жои эмас, деб умумий қилишди.
Бу 3та қовлдан рожиҳроғи 2-қовл.