HAMKOR PRESS


Kanal geosi va tili: O‘zbekiston, O‘zbekcha


Muassis: "Hamkor press" MCHJ
Тел: 78) 298-01-07
Официальный сайт
www.hamkorpress.uz

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Kanal geosi va tili
O‘zbekiston, O‘zbekcha
Statistika
Postlar filtri


ЕР САВДОГАРЛАРИ ҚЎЛГА ТУШДИ

Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида яшовчи фуқаро Оҳангарон туманида жойлашган ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 32 гектар ерни мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 2 млн. 400 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 500 минг АҚШ долларини Тошкент шаҳридаги кафелардан бирида олган вақтида тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса Янгийўл туманида яшовчи, 1974 ва 1978 йилларда туғилган 2 нафар шахс ўзаро тил бириктириб, туман ҳокимлиги захирасида бўлган 48 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 60 минг АҚШ доллари ҳамда кадастр ҳужжатларини ҳал қилиб бериш эвазига 8160 АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 64 минг АҚШ доллари олган вақтларида ушланди.


ЕЧЛНИНГ КЕЙИНГИ БОСҚИЧ ЖУФТЛИКЛАРИ МАЪЛУМ БЎЛДИ

Бугун УEФА Чемпионлар лигасининг 1/8 финал босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Қуръа натижасида жуфтликлар қуйидагича белгиланди:

“Астон Вилла” – “Брюгге”

“Лилль” – “Боруссия Д”

“Атлетико” – “Реал Мадрид”

“Бавария” – “Байер”

“Арсенал” – “ПСВ”

“Интер” – “Фейеенорд”

“Барселона” – “Бенфика”

“Ливерпуль” – “ПСЖ”


“12 БАЛЛИ ЖАРИМАЛАР” КУЧГА КИРДИ

Эндиликда жарима баллари 12 баллдан ошса, ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.
Бу борада жорий йил 20 февраль куни “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-1033-сон қонун қабул қилинди.
Қонун билан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун маъмурий жазо қўлланилади.


ЭКСПОРТЧИ КОРХОНАЛАР УЧУН ИМТИЁЗЛАР

Мамлакатамизда фаолияти экспортга йўналтирилган корхоналарга бир қанча имтиёзлар жорий қилинган. Масалан, транспорт харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми, халқаро стандарт сертификатларини жорий этганда тўловлар давлат томонидан қопланади. Шунингдек, халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда тадбиркорлар иштирокини таъминлашда ҳам харажатларнинг маълум бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади.
Бундан ташқари, экспортчи корхоналар экспортга чиқараётган маҳсулотлар учун ягона солиқ ва фойда солиғидан озод этилган. Дейлик, агар бир корхона ўз маҳсулотининг 30 фоизини экспорт қилса, ушбу 30 фоиз маҳсулот учун фойда солиғи ва ягона солиқдан озод қилинади. Шунингдек, экспортчи корхоналар қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) қайтариб олиш имкониятига эга.


ХИТОЙДА ЯНГИ КОРОНАВИРУС

Хитойлик вирусологлар кўршапалакларнинг янги коронавирусини аниқлашди, у ҳам COVID-19 сингари одамларга юқиши мумкин.
Бу вирус Гонконгда япон кўршапалагида биринчи март аниқланган HKU5 коронавирусининг янги тармоғи ҳисобланади.
Хитой фанлар академиясининг Гуанчжоудаги бўлими, Ухан университети ва Ухан вирусология институти олимлари Гуанчжоудаги лабораторияда вирусни чуқур ўрганишди. Таъкидланишича, кўршапалаклар намуналаридан олинган янги вирус инсон ҳужайраларини зарарлай олади


“РОМА” КЕЙИНГИ БОСҚИЧДА

Европа лигасида ўтиш босқичининг жавоб ўйинлари ўтказилди.
Ўз майдонида “Порту” устидан ғалаба қозонган “Рома” турнир 1/8 финалига йўлланма олди. Пауло Дибала дубл қайд этди, унинг биринчи голига Элдор Шомуродов ассистентлик қилди. Юртдошимиз майдонда 78 дақиқа ҳаракатланди.
1/8 финалга йўл олган жамоалар: “Рома”, “АЗ”, “Стяуа”, “Будё-Глимт”, “Фенербаҳче”, “Аякс”, “Реал Сосиедад”, “Виктория Плзен”.


"HAMKOR PRESS"НИНГ 2025 ЙИЛ 4-СОНИДА:

✅ ЯНГИ ЛОЙИҲАЛАР РИВОЖЛАНИШГА БОШЛАЙДИ

✅ ДАВЛАТ ДАСТУРИ
“яшил ривожланиш”га хизмат килади

✅ МАҚСАД ЙЎЛИДА ҲАРАКАТ ВА НАТИЖА

✅ ТОМЧИЛАТИБ СУҒОРИШДАН ҚУЁШ ПАНЕЛИГАЧА

✅ АГАР ТАЪТИЛГА ЧИҚСАНГИЗ

✅ ЯҚИНЛАР МЕҲРИ, ЭЪТИБОРИ

✅ ҚИЗИҚАРЛИ БАҲОР

ВА БОШҚА ҚИЗИҚАРЛИ МАҚОЛАЛАР ЖОЙ ОЛГАН.📝 КАНАЛГА АЪЗО БЎЛИНГ
T.ME/HAMKORPRESS_GAZETA


«СИТИ»НИ 7 ФУТБОЛЧИ ТАРК ЭТАДИ

«Манчестер Сити» раҳбарияти ва бош мураббий Пеп Гвардиола ёзда бир неча ёши катта футболчиларни сотиб, жамоани қайта қуриш ниятида.

Daily Star хабарига кўра, мавсум якунида «шаҳарликлар» сафини Кевин Де Брюйне, Бернарду Силва, Илкай Гундўған, Матео Ковачич, Жон Стоунз, Жек Грилиш ва Эдерсон тарк этиши кутилмоқда.


ЕВРОПА МАРКАЗИЙ БАНКИДА КАТТА ЙЎҚОТИШ

Европа Марказий банки (ЕЦБ) ўтган йили қаттиқ пул-кредит сиёсати туфайли ўз тарихидаги энг катта йўқотишни эълон қилди.

ЕЦБ 2024 йил учун молиявий натижаларини эълон қилди.
Шундай қилиб, ўтган йили банк фоиз сиёсати туфайли 7,94 миллиард евро йўқотди. Бу, юқори фоизли харажатлар туфайли банкнинг 25 йиллик тарихидаги энг катта йўқотиш бўлди.
2023 йилда ЕЦБ 6,62 миллиард евролик молиявий рисклар учун захиралар яратгандан сўнг 1,27 миллиард евро зарар эълон қилди. Бироқ, ЕЦБ банк 2024 йил учун тақчиллигини камайтира олмаслигини эълон қилди, чунки бу захиралар тугаган.


КУН ҲИКМАТИ

Сени ҳурмат қиладиганларнинг сони эмас сифати қизиқтирсин: аҳмоқларга ёқмаслик — инсон учун мақтовга сазовор фазилат.
Сенека


—15 ДАРАЖАДА УРИЛГАН ГОЛ

КОНКАКАФ Чемпионлар лигаси илк босқичида сафарда “Канзас-Сити”га қарши тўп сурган “Интер Майами” 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ғалаба голи муаллифи — аргентиналик футбол юлдузи Лионел Месси жорий мавсумдаги биринчи ва фаолиятидаги 851-голни киритди.
Воқеанинг эътиборга молик яна бир томони, “Канзас-Сити”га қарши кечган ушбу ўйин пайти стадион термометрлари -15° даража совуқни кўрсатаётганди.
Жавоб учрашуви 26 февралда “Интер Майами” майдонида бўлади.


РОССИЯГА ЯХШИ, ЕВРОПАГА ЁМОН

Президент Дональд Трамп Европа давлатлари, хусусан, Болтиқбўйи мамлакатларидаги АҚШ ҳарбийларини олиб чиқиши мумкин. “Financial Times” газетаси ёзишича, Россия билан Украинада урушни тўхтатиш бўйича музокараларда шу талаб ҳам илгари сурилмоқда.

Инглиз нашри АҚШ қўшини Болтиқбўйидан олиб чиқилиши оқибатида Европа Иттифоқининг сарҳадлари Россия қаршисида заиф бўлиб қолишини ёзган.
Европалик амалдорлар Трамп АҚШ қўшинини Болтиқбўйи давлатларидан ғарбга томон олиб чиқишга рози бўлади деб ҳисоблайди. Бунинг оқибатида ЕИ Россия армияси қаршисида заиф бўлиб қолади. Нашр Қўшма Штатлар Европа учун ишончли иттифоқчи мақомидан маҳрум бўлганини таъкидлаган.


ХЛОРЛИ СУВНИНГ ХАВФИ

Европа Иттифоқи ва АҚШ меъёрлари даражасида хлорланган ичимлик суви айрим онкологик хасталиклар ривожланиши эҳтимолини оширади.

Хлор сувга қўшилганида деярли барча жамоат сув таъминоти тизимларида мавжуд ён маҳсулотлар — тригалометанлар ҳосил бўлади. Дезинфекциянинг бу усули арзон ва самарали, бироқ айрим хатарлардан холи эмас. Таҳлиллар кўрсатишича, хлорли сувни истеъмол қилганда сийдик пуфаги саратони пайдо бўлиши эҳтимоли 33 фоизга, йўғон ёки тўғри ичак саратони ривожланиши хавфи 15 фоизга ошади.
“The Guardian” ёзишича, сувни хлорлаш XX аср бошидан буён оммалашиб, жуда кўплаб юқумли касалликлар тарқалишининг олди олинган. Аммо олимлар 1970-йилларда хлорнинг органик бирикмалар билан ўзаро реакцияси оқибатида юзлаб хавфли токсинлар (жумладан, хлороформ ва бромоформ) пайдо бўлишини ҳам аниқлашган.


УМР УЗАЙИШИ ТЎХТАДИ

“Европа ва Буюк Британияда умр кўриш давомийлиги ўсишдан деярли тўхтади”, деб хабар берди “Lancet Public Health” журнали.
Ортиқча вазн, нотўғри овқатланиш, жисмоний фаолликнинг пастлиги, қолаверса, COVID-19 пандемияси асоратлари бунга сабабчи, дейилади британ олимлари ўтказган тадқиқот хулосасида.
Умр кўриш давомийлиги ўсиши энг секинлашган мамлакат — Англия. Мисол учун, 1990 йилдан 2011 йилгача мамлакатда умр кўриш давомийлиги ўсиши ҳар йили 0,25 йилни ташкил этган бўлса, сўнгги йилларда 0,07 йилга қисқариб 0,18 йилга тушган.
Европада 1990–2011 йиллар оралиғида умр кўриш давомийлиги йилига 0,23 йилга ошиб борган. Бироқ 2011–2019 йилларда ўсиш 0,15 йилга тушиб кетди. Қитъада умр кўриш давомийлиги ўсиши энг яхши мамлакат — Норвегия.
Профессор Николас Стил афсус билан таъкидлашича, юқори қон босими, холестерин даражасининг баландлиги ва семириш каби асосий хатар омиллари кўрсаткичлари яхшиланишдан тўхтаган ёки ёмонлашган.


#Диққат

❗️Хотин-қизлар куни байрами арафасида дам олиш кунлари қандай бўлади?

Бу йил 8 март — Хотин-қизлар куни байрами ҳафтанинг шанба кунига тўғри келади.

Меҳнат кодексига кўра, дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунига тўғри келган тақдирда, дам олиш куни байрамдан кейинги иш кунига кўчирилади.

Шунга кўра, байрам арафасида беш кунлик иш ҳафтасида ишловчи ходимларнинг дам олиш кунлари қуйидагича бўлади:

8 март, шанба – байрам куни, дам олиш куни;
9 март, якшанба – дам олиш куни;
10 март, душанба – қўшимча дам олиш куни.


БМТ — Бутунжаҳон адолат куни

1865 йил — Уругвай уруши тугади

1819 йил — Санкт-Петербург давлат университети ташкил этилди

1872 йил — Нью-Йоркда Метрополитен-музей очилди

1990 йил — Италяьн футболчиси Чиро Иммобиле туғилди




“ГВАРИДОЛАНИ КЎРАВЕРИШДАН ЧАРЧАДИМ”

“Реал Мадрид” бош мураббийси Карло Анчелотти Европа Чемпионлар лигаси ўтиш баҳслари доирасида “шаҳарликлар”га қарши жавоб ўйини олдидан “Манчестер Сити”даги ҳамкасби Ҳосеп Гвардиола ҳақида сўз юритди.

“Қаршимда Гваридолани кўраверишдан чарчадим. Уни ҳамон фантастик мураббий деб ҳисоблайман, бироқ унга қарши ўйнаш жонимга тегди. Уни кузатиш эса доим ёқимли”, — Анчелоттининг сўзларини келтирди “Eurosport”.
Эслатиб ўтамиз, жамоаларнинг илк тўқнашувида Гвардиола шогирдлари 2:3 ҳисобида енгилганди. Бугун (бизнинг вақт билан 20 феврал тунги соат 01:00 да) Мадридда ҳал қилувчи жавоб ўйини бўлиб ўтади. Ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов майдонга туширилиши мумкин.


ҚИММАТ, БАРИБИР, ҚИММАТ

Жаҳон смартфонлар бозорида истеъмолчилар қизиқиши қимматбаҳо телефонлар томонга оғмоқда. 2024 йилда сотилган ҳар тўртинчи телефон премиум тоифага мансуб.
Бу ҳолат қимматбаҳо смартфонлар нисбатан сифатли экани ҳамда ишлаб чиқарувчи томонидан янгиланишлар кўпроқ тақдим этилиши билан изоҳланади. Узоқ истиқболда айнан қиммат телефон пулни тежайди, яъни арзоннинг шўрваси татимас...
CR таҳлилчиларига кўра, улгуржи нархи 600 доллардан ошувчи смартфонлар премиум тоифага киради. Уларнинг кузатишича, премиал телефонлар улуши 2020 йилдаги 15 фоиздан 2024 йилда 25 фоизга етган.
Аксарият смартфонларини 600 доллардан қиммат сотувчи Apple — премиум қурилмалар бозори етакчиси, унинг бозордаги улуши — 66 фоиз. Кейинги ўринларда — Samsung (18 фоиз) ва Huawei (7 фоиз).


УМРА БЎЙИЧА ЎЗБЕКИСТОН 10-ЎРИНДА

2024 йилда қарийб 461,5 минг нафар ўзбекистонлик Умра амалларини адо этди. Шу тариқа Ўзбекистон Саудия Арабистонига борувчи зиёратчилар сони бўйича дунё миқёсида 10-ўринни эгаллади. Бу ҳақда Саудия Арабистонининг Тошкентдаги элчихонаси маълум қилди.
Мазкур кўрсаткич 2023 йил билан солиштирганда, 10 фоизга камайган бўлса-да, Ўзбекистон умрачилар сонига кўра Марказий Осиёда биринчи ўринни банд этди. Таҳлилларга қараганда, ўзбекистонлик умрачилар сони мамлакатда яшовчи мусулмонларнинг 1,4 фоизини ташкил этмоқда.

20 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.