«Айни дамда Ўзбекистон терма жамоаси ҳимояси Осиёда энг яхшилардан бири. Аммо ҳужум чизиғида муаммолар бор. Кўпчилик узоқ вақт Катанецни ўта эҳтиёткор футболда, ҳимоявий тактикага ёпишиб олганликда айблади, аммо аслида бунда мураббийнинг айби борми ўзи?
Ҳозирги пайтда футболимизда ҳужумчилар, умуман креатив ҳужумкор футболчилар танқислиги кузатилмоқда. Нафақат миллий жамоа, балким ички чемпионатниям олишимиз мумкин. Яқинда ёшлар ўртасидаги турнирни кўрдим, у ердаям шу муаммо. Кеча «Пахтакор» ўйнади, кўрдингиз.
Хўш, Суперлигада сўнгги олти йилда ким бомбардир бўлди? Драган Черан. Ветеран футболчи. Хўп, агар у 24-25 талаб гол урганида, майли, айтишимиз мумкин, фантастик ҳужумчи, бизникилар сал етмай қолди деб. Лекин у ҳам бир ўйинда яримтадан гол уриб ҳам бомбардир бўляпти. Умуман чемпионатимизда кимдир 20 та гол урганини эслолмайман.
Ёки Осиё кубогини олайлик. Шомуродов жароҳат олди, Сергеев жароҳат олди, ҳужумчисиз ўйнадик. Яна ўшалар айтиши мумкин, Катанец шунақа ёмон, Абдуҳолиқовга имкон бермади деб. Лекин яна ўша гап, унга ҳурматни сақлаган ҳолда айтаман, Бобур ҳам Суперлигада тўлиқ мавсумлар ўйнади, лекин тўпурарлик маҳоратини кўрсата олдими?»
Алишер Никимбаев@footballsays