Илк ўйинда жамоамиз дуранг қайд этди!
Ўзбекистон Суперлигаси. 1-тур
“Навбаҳор” – “Динамо” – 0:0
Наманган. “Марказий” стадиони. 6822 томошабин.
Ҳакамлар: Равшан Абдивоҳидов, Зуфар Элибоев, Фарҳод Усмонов,Акмал Раҳимов.
Назоратчи: Жаҳонгир Саидов.
VAR: Найим Қосимов.
AVAR: Шерзод Аъзамов.
Комиссар: Даврон Аҳмедов.
“Навбаҳор”: Умиджон Эргашев, 4.Шаҳзод Тоиров, 12.Саидазамат Мирсаидов, 13.Бенжамин Тейди, 15.Жавоҳир Абдужабборов (55.Комилжон Тожидинов, 73), 17.Русланбек Жиянов (70.Аббосжон Ғуломов, 73), 29.Педро Аугусто Кабрал Карвальо (9.Забиҳилло Ўринбоев, 58), 33.Сергей Карпович, 36.Гильерме Гедеш, 37.Алишер Одилов, 71.Наврўзбек Иминжонов.
“Динамо”: 13.Равшанбек Ягудин, 5.Майкон (25.Улуғбек Абдуллаев,64), Жаҳонгир Ўрозов, 7.Ратиньо, 8.Санжар Қодирқулов (11.Хислат Халилов,84), 9.Миржаҳон Мираҳмадов (37.Фирдавс Абдураҳмонов,89), 10.Анвар Ҳожимирзаев, 16.Фрайдей (25.Ойбек Ўрмонжонов,64), 17.Салим Мустафоев, 18.Олександр Кучеренко, 88.Марко Станоевич.
Огоҳлантиришлар: Ж.Абдужабборов (41), Гильерме Гедеш (65) – А.Ҳожимирзаев (41), У.Абдуллаев (90+2).
Ўзбекистон Суперлигасининг 1-туридан ўрин олган баҳсда жамоамиз ўз майдонида “Динамо” (Самарқанд)ни қабул қилди. Мазкур ўйин арафасида вакилларимиз таркиб борасида муаммога дуч келишди. “Лочинлар”нинг икки нафар етакчи футболчиси – Азимжон Аҳмедов ва Мирзоҳид Ғофуровларнинг айрим сабабларга кўра, майдонга туша олмасликлари маълум бўлди.
Шу боис, жамоамиз бош мураббийи Сергей Лушан таркибда ротация қилишга мажбур бўлди ҳамда Жавоҳир Абдужабборов, Наврўзбек Иминжонов ва Шаҳзод Тоировлар бошланғич таркибдан жой олишди.
Ўйин борасида тўхталадиган бўлсак, кескин курашлар остида бошланган учрашувнинг илк дақиқалариданоқ ҳар икки жамоа аъзолари ташаббусни ўз қўлларига олишга интилишди.
Беллашувнинг биринчи 45 дақиқаси вакилларимиздан бразилиялик Педро Карвальонинг акробатик усулда дарвозага йўллаган, аммо ноаниқ кетган, шунингдек, Наврўзбек Иминжоновнинг жарима зарбасидан йўллаган кучли зарбаси, “Динамо” дарвозабони Равшанбек Ягудиннинг тўпни қайтаргани, Русланбек Жияновнинг зарбасини самарқандликлар посбонининг қийинчилик билан бартараф этганлиги, шунингдек, беларуслик ҳимоячи Сергей Карповичнинг дарвозага кириб кетаётган тўпни дарвоза чизиғидан қайтарганлиги, “Динамо”дан эса бразилиялик ярим ҳимоячи Ричард Фрайдейнинг жамоамиз дарвозабони Умиджон Эргашевнинг бошидан ошириб, дарвозага йўллаган зарбаси (таъкидлаганимиздек, ўша вазиятда Карпович тўпни дарвоза чизиғидан қайтарганди), Жаҳонгир Ўрозовнинг боши билан дарвозага йўллаган ноаниқ зарбаси билан ёдда қолди.
Беллашувнинг 2-бўлими анча қизиқарли тарзда кечди. Жамоамизнинг ҳужумларидан бирида Русланбек Жияновнинг зарбасидан сўнг, самарқандликлар дарвозабони Равшанбек Ягудин тўпни қийинчилик билан қайтариб, майдон ташқарисига чиқариб юборди. Шунингдек, вакилларимизнинг ҳужумлари давомида Алишер Одиловнинг зарбасига аниқлик етишмади.
Самарқандликларнинг ҳужумлари давомида тажрибали ҳужумчи Анвархон Ҳожимирзаевнинг яқин масофадан йўллаган зарбасига аниқлик етишмаган бўлса, сербиялик ярим ҳимоячи Марко Станоевичнинг зарбасидан сўнг, жамоамиз дарвозабони Умиджон Эргашев тўпни қийинчилик билан қайтарди.
Учрашувнинг асосий қисмига тўхталишлар учун қўшиб берилган дақиқалар давом этаётган пайтда, учрашув бош ҳаками Равшан Абдивоҳидов меҳмонларнинг навбатдаги ҳужумларидан бирида Салим Мустафоевнинг жарима майдончаси ичига узатмасидан сўнг, тўп Аббос Ғуломовнинг қўлига теккан деб ҳисоблади ва жамоамиз дарвозасига пенальти белгилади. Ўн бир метрли жарима зарбасини Анваржон Ҳожимирзаев амалга оширди. Лекин унинг зарбаси ноаниқ чиқиб, тўп дарвоза тўсини тепадан ўтиб кетди.
Шу тариқа, учрашувда нурсиз дуранг – 0:0 ҳисоби қайд этилди.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.