☀️ТУРКИСТОН БИР, ВАТАН БИР
Қадим она бу тупроқ
Туркистон бир, ватан бир.
Бизга жондан азизроқ
Туркистон бир, ватан бир.
Ал-Беруний ёди бор,
Яссавий фарёди бор,
Қошғарий ижоди бор,
Туркистон бир, ватан бир.
Тангритоғ – шамоили,
Жайҳун, Талас ва Или –
Боболарим манзили –
Туркистон бир, ватан бир.
Фаробий чолғусида,
Навоий орзусида,
Шоҳ Бобур қайғусида
Туркистон бир, ватан бир.
Темур бобом туғида,
Шермуҳаммад руҳида,
Истиқлол шукуҳида
Туркистон бир, ватан бир.
Тожик – юксак Помирим,
Туркман – туташ томирим,
Қирғиз, қозоқ – бовурим –
Туркистон бир, ватан бир.
Мустафо Чўқай жони,
Чўлпоннинг шаҳид қони,
Қодирийнинг армони –
Туркистон бир, ватан бир.
Ёвлар пора қилган тан,
Хомталаш бўлган ватан.
Оҳ, бўлурми қайтадан
Туркистон бир, ватан бир.
Она ерга қулоқ тут,
Нидолар бўлмас унут.
Руҳлар айтар: она юрт
Туркистон бир, ватан бир.
✍ Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов, 1992 йил