ҚУРТ ТУШГАН ОЛМА ҲИКМАТИ(Фарзанд тарбияси)
Луқмони Ҳакимнинг фарзанди ўзига номақбул дўстларни улфат билибди. Улар билан борди-келдини кўпайтириб бориши ҳар қандай ота сингари Луқмони Ҳакимнинг ҳам ғашини келтирибди. Бир куни у ўғлини чақиртириб:
– Болам, дўстнинг бўлгани яхши, аммо дўст танлашда адашиб қолма. Ҳозирги дўстларингнинг хулқи яхши эмас. Сенга ёмон таъсир кўрсатишлари мумкин – деб насиҳат қилибди.
Ўғли эса ўзига ишонч билан:
– Отажон, сиз менга кучли тарбия бергансиз, панд-насиҳатларингиз ҳар доим қулоғим остида туради, дўстларимнинг ёмон хулқлари менга асло таъсир кўрсатмайди, хавотир олманг – деб чиқиб кетибди.
Шу аснода Луқмони Ҳаким боғдорчилик ишлари билан ўғлини ёрдамга чақирибди. Қараса, ўғли бутун олмаларни алоҳида, кам сонли бўлсада, қурт тушган олмаларни эса алоҳида саватга жойлаяпти экан. Ҳаким ўғлига барча олмаларни бир саватга жойлайверишини тайинлаб ўз ишида давом этибди.
Вақт ўтибди, зарур бўлганда олмалар қўйилган жойга бориб қарашса, барча олмаларга қурт тушиб бутуни кам қолган экан.
Луқмони Ҳакимнинг ўғли унга эътироз билдириб:
– Отажон, олмаларни қўшиб теришимни буюриб эдингиз, қурт тушган бир икки олмани деб бутун олмаларнинг ҳаммасини қуртга ем қилибмиз-ку –дебди.
Ота эса бир жилмайиб қўйиб:
– Кўрдингми, болам, гарчи соғ-бутун олмалар қуртлаганларидан кўра кўпроқни ташкил қилган бўлсада қолганларини ҳам бузибди, уларга ҳам қурт туширибди. Сен қандай қилиб қалбига қурт тушган улфатларинг билан бир жойда кўп вақтга қоласану улар орасидан соғлом қалб билан қайта оласан – деб айтган экан.
P.S.: Фарзандингизнинг атрофидаги дўстларига ниҳоятда эътиборли бўлинг. Зеро, пашша ахлатга, асалари гулзорга етаклайди!
@durdonadur