БИР КИЧИК ТАДҚИҚОТ
Гоҳида муҳаббат нима экан, деб ўйланиб қоламан. Айримлар севишиб, ўлдим-куйдимлар билан турмуш қурадилар-да, тезда ажрашиб кетадилар. Қўша қариганлари ҳам йўқ эмас. Фақат улар кўпчиликни ташкил қилмайди.
Бону билан севишиб турмуш қурмадик. Никоҳдан олдин ҳатто унинг юзини ҳам кўрмадим. Аллоҳнинг инояти билан илк кўрганимдаёқ уни ёқтирдим. Йиллар давомида унга бўлган муҳаббатим кучайиб борди. Умрим поёнига қараб бораётган бўлса ҳам у кучайишда давом этяпти.
Гоҳида ўйланиб қоламан. Нима учун уни бу қадар ёқтиряпман? Бунинг сир-асрори нимада? Иймон, эътиқод, қарашлар, тушунчалар ҳамоҳанглиги ҳам бир асос бўлиши мумкин. Лекин ўй-хаёллари, орзу-умидлари бир хил бўлса ҳам бир-бири билан чиқиша олмаётганлар қанча.
Бонуни зимдан кузатар эканман, яна бир асосни топгандек бўлдим.
Гап шундаки, бола учун она энг чиройли, энг одобли, энг оқила, ҳар иш қўлидан келадиган, ҳар жиҳатдан ҳаммадан устун бир аёлдек кўринади. Йиллар ўтиб, бироз улғайгач, онасидаги камчиликларни, айбу нуқсонларни кўра бошлайди. Муҳаббати, эҳтироми боягидек турса-да, унинг айрим ишларига бироз танқидий қарай бошлайди.
Умрининг баҳор, ёзи ўтиб, кузига кириб келганда яна ўша гўдаклик чоғига қайтади. Ўшанда энг чиройли, энг одобли, энг оқила, ҳар ишга қодир, ҳаммадан устун ўша онасини қўмсай бошлайди.
Ана шу пайтда гўдаклик чоғидаги онасининг айрим ҳолатларини аёлида учратса, унга бўлган муҳаббати янада бошқача тус олади.
Бонунинг кейинги пайтлардаги ҳар бир ҳаракатида Бувижонимни кўргандек бўламан. Бувижонимнинг ишларини, қилиқларини, гап-сўзларини, тутмишларини шу қадар ўзлаштирганки, танийдиган одамлар уларни бир-биридан ажрата олмай қоладилар, деб ўйлайман.
Ёр муҳаббати билан гўдак муҳаббати бирлашиб кетса, нималар юз беришини ўзинглар тасаввур қилиб олаверинглар.
Аллоҳ бардавом айласин, соғ-саломат қилсин, Охиратда Бувижоним билан ҳам, бошқалар билан ҳам ҳаммамиз биргаликда ёруғ юз билан кўришишни насиб этсин.