Шукрона
Эй, Қодир Раҳмоним, Раҳмли Эгам,
Сочган - Сен жисмимга Руҳингдан учқун.
Сарвиқад этган - Сен, ҳам азиз, бекам,
Не сабаб ибодат этмай Сен учун?!
Кенг кўксим қошида тоғлар гўё - хас,
Талпиниб тиззамга уммонлар етмас.
Ойни ҳам менга деб бўйсундирдинг, бас,
Не сабаб ибодат этмай Сен учун?!
Гарчи Сен менга ҳеч эмассан муҳтож,
Қуёшдан бошимга кийдирибсан тож,
Шукрона дебми ё, арзимас бир бож,
Не сабаб ибодат этмай Сен учун?!
Чўзсам қўл ободмен орзуга етиб,
Не шараф ҳам топгум пойингдан кетиб,
Яратдинг Сен ахир йўқдан бор этиб,
Не сабаб ибодат этмай Сен учун?!
О, кимдир, жим ҳамон, ғафлат доғида,
Қуёшсиз кунларда, тун ардоғида,
Бахт топдим мен ахир сажда чоғида,
Не сабаб ибодат этмай Сен учун?!
Машъалдир исломим, бас тўғри йўлим,
Тақвосиз ҳаёт бу - эмасми ўлим,
Соғ бўлса оёғим, бут бўлса қўлим,
Не сабаб ибодат этмай Сен учун?!
Севгайсан, минг шукур, - берибсан иймон,
Берибсан кенг давлат, поёнсиз бўстон,
Жойнамоз бағрида чиққунича жон,
Не сабаб ибодат этмай Сен учун
@diniy_tafakkur