Бир жудда ёмон воқеа ҳақида мурожаат бўлди. Мурожаатчи ўзим шахсан танийдиган аёл, университетда дарс беради, хорижий тиллар бўйича PhD қилмоқчи, олима. Ёлғиз она, ўғлини ўзи катта қиляпти. Ўғли ҳали гўдак.
Шу пайшанба — 16 ноябрдан 17 чига ўтар кечаси тоби қочган, тезёрдам чақирган. Ёлғиз ўзи ёш боласи билан яшагани ва кечқурун бўлгани учун иложи бўлса аел шифокор сўраган. Лекин икки соатда ҳам аёл шифокор топилмагани учун тунги соат 00:15 да эркак шифокор бир ўзи кириб келган. Учта шприцда укол қилган. Охиргисини қилаётган пайтдаёқ аёл ўзини ғалати ҳис қила бошлаган. “Миям бирдан маст одамникидай гаранг бўлиб қолди, осмонга учаётгандек бўлдим. Эс-ҳушим жойида, лекин оёқ-қўлим бўшашиб ўзимга бўйсунмай қолди” деди.
Хуллас, тезёрдам шифокори аёлнинг ожизлигидан фойдаланиб унга ножўя қилиқлар қилган, қўли билан жинсий зўрлаган. Яна кўпроқ ишлар қилмоқчи бўлгану, аёл ҳоли борича қаршилик қилавергач, ниҳоят кетган.
Аёл эртаси кечгача хаёли ўзида бўлмаган, кечга бориб нима бўлганини англаб бонг ура бошлаган. Лекин 102 га қўнғироқ қилингач етиб келган участка нозири етарли тезкорлик кўрсатмаган, аёлга “барибир исботлашингиз қийин” деб мурожаатидан воз кечишга ундаган. Аёл қатъият кўрсатгач, судмедэкспертизага йўлланма берган. Бу жума кечқурунги гап.
Аёл судмедэкспертизага борган, иш куни тугаб қолгани учун иши битмаган. Эртаси шанба ҳам шу аҳвол. Судмедэкспертиза, наркологияга бориб вақти зое кетган (қизиқ, улар ҳафтада 5 кун соат 4 гача ишласа, бошқа вақтларда қилинган жиноят излари душанбагача кутииб ўтирадими?) Участковой эса ҳамон “барибир исботлай олмайсиз” позициясида шекилли, етарли ҳаракат қилмай, аксинча, аризани қайтариб олиш ҳақида гап очяпти нуқул. Тезёрдам қолдириб кетган шприцлардаги модда қолдиқларини ҳам ҳеч ким эътиборга олмаяпти. Порталга қилинган қўнғироқлар, мурожаатлар охиригача эшитилмай қўйиб қўйиляпти. Аёл ишонмаяпти адолатга, лекин уни топмоқчи, шундан жуда жонсарак.
Аёлнинг аҳволи жуда ёмон, ҳам ўша “шифокор”нинг ифлос ишидан хўрланган, ҳам бу сусткашлик ва эшикма эшик тўпдек тепилишлардан чарчаган.
Ўзи жинсий жиноятлар кўпда очилмай қолиши ва давом этаверишининг сабаби ҳам шуки, қурбонга жуда қийин бўлади ниманидир исботлаш ва айни пайтда бу хўрлик ва сарсонликларга чидаш.
Ҳурматли Ички ишлар вазирлиги масъуллари. Бу ишни шундай қолдириб бўлмайди. У аёл эс-ҳуши жойида, зиёли оиланинг фарзанди, ўзича воқеалар ўйлаб топишдан манфаати йўқ. Бу ишга жиддий қарашингизни сўрайман. Ўша “шифокор” жазосиз қолишига ишониб ифлос ишни қиляпти экан, демак сизлардан ҳеч ким қўрқмай қўйган, жазо муқаррарлигига ишонмай қўйган. Агар юзта, ҳатто мингта ёлғон мурожаатга битта рости тўғри келса ҳам, у етарлича ва тезкор ўрганилиши керакмасми? Аввал бошданоқ ходимларингиз “ҳеч нимани исботлай олмайсиз” деб ўтирса, зўравонлар арқони баттар ечилмайдими?
Ҳурматли соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов. 103 да қўнғироқларни қабул қилганингизни кўрдик. Одамлар жонидан ўтганидан шифокор чақиришади, биласиз. Тизимдаги ўн, юз минглаб одамларни миясига кириб чиқиш ва ахлоқига жавоб бериш қийин бўлса ҳам, бунга мажбурсиз. Ҳеч бўлмаса, шундай рискларнинг олдини олиш учун беморнинг уйига шифокорларингиз ёлғиз кирмаслигини таъминлаш мумкин-ку.
Шифокор чақирсанг ёрдам сўраб, у зўрласа. Ички ишларга айтсанг, у “барибир бефойда” деб ўтирса. Нима қилсин одамлар, беморлар? Дори ичиришга қўрқиб қолдик, энди тезёрдам ҳам чақирмайликми? Индамай ўлиб берақолайлик!
Узр. Жуда жаҳлим чиқяпти, алам қиляпти, бечора ҳимоясиз у аёл учун ачиняпман. Қаердадир бир палид юрибди шифокор оқ халатига доғ тушириб. Бу қачонгача давом этади???
@shahnozxon