ХАСТАЛИКДАН НОЛИШ МУМКИНМИ?
Мусулмон киши ўз ҳолидан фақат Аллоҳга шикоят қилади. Хаста ва дардман кишининг тортган оғриғи ва қийинчиликларини яқинларига, дўстларига ва шифокорга айтиши эса жоиз. Фақат шарти, бу шикоят норозилик ва қадардан нолиш юзасидан бўлмаслиги керак.
Аммо дардини Раббисидан бошқадан яширгани афзал. Раҳматли бувим узоқ давом этган ҳасталикда, ҳатто қорин ва оёқлари шишиб кетганда ҳам
"Савоби камайиб кетмасин" деб дардларини ҳеч кимга айтмасдилар. Қолаверса дардини айтавериш ёки оҳ тортавериш атрофидаги яқинларининг қалбига маҳзунлик ва оғриқ олиб киради.
Лекин айтганимиздек, дардини айтиш сабрга зид иш эмас. Ҳар дарднинг давоси бор. Аллоҳ бизни даволанишга буюрган. Даволаниш эса ҳолини баён қилиш билан бўлади. Биз оддий мўминларнинг ҳоли шуни тақозо қилади.
Дардни Аллоҳга айтиш билан кифояланиш улуғ пайғамбарларнинг мақоми. Чунки улар Аллоҳга таваккулнинг чўққисига чиқишган бўлади.
Аллоҳ таоло айтади:
"Ва Айюбнинг ўз Раббига нидо қилиб: «Албатта, мени зарар тутди. Сенинг Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлигисан!» деганини эсла. Бас, Биз унинг (дуосини) истижобат қилдик. Унга етган зарарни кетказдик. Унга аҳлини, улар билан бирга яна шунчани ҳам бердик. Буни Ўз раҳматимиз ила ва, обидларга эслатма бўлсин, деб қилдик" ("Анбиё" сураси, 83-84-оятлар).
Яна айтади:
"У (Яъқуб): «Албатта, мен дарду ҳасратимдан фақат Аллоҳнинг Ўзига шикоят қилмоқдаман ва Аллоҳдан сиз билмаган нарсани биламан" ("Юсуф" сураси, 86-оят).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бемор эканларида ҳузурларига кирдим. Шунда: "Ё Расулаллоҳ, жуда қаттиқ оғридингизми?" дедим. У зот: "Ҳа. Мен сизлардан икки киши тортганчалик оғриқ тортаман", дея жавоб қилдилар. "Шу сабаб сизга икки карра ажр бўладими", десам: "Худди шундай. Қай бир мўминга озор етса, тикан ё ундан каттароқ бўлса ҳам, Аллоҳ унинг гуноҳларини худди дарахт баргини тўккани каби кечириб юборади", дедилар. (Имомлар Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Биз ҳам шундай таваккулга ҳаракат қилишимиз керак. Фақат ҳозирги ҳолимиз бундай таваккулга имкон бермайди. Бу даражага чиқишда руҳий тарбиянинг ўрни жуда катта.
Инсонга мусибат ва ҳасталик етганда тўрт ҳолатдан бирида бўлади:
1. Ҳасталикдан нолиш ва норози бўлиш. Бу иш ҳаром.
2. Сабр қилиш. Бу вожиб.
3. Рози бўлиш. Бу мустаҳаб амал.
4. Шукр қилиш. Бу амалларнинг энг олий ва комили.
@MubashshirAhmad