Бизнесимни нима қилай (тутқичсиз чамадон ))
Нима учун бойликларни диверсификация қилиш (яъни уни турли манбалардан бўлишини таъминлашга ҳаракат қилиш) муҳим?
Кўпчилик бизнес эгалари ўз бизнесларини нафақат асосий даромад манбаи, балки оиланинг келажакдаги фаровонлигини таъминлаш учун ишончли манба деб ҳисоблашади. Аммо замонавий шароитларда буни жиддий хатар дейиш мумкин. Зеро, сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, кўплаб болалар ота-оналари бизнесига эгалик қилиш ва бошқаришни исташмайди, чунки уларни ўз лойиҳалари кўпроқ қизиқтиради ва бунинг ўз сабаблари бор.
Болаларнинг оилавий ишни давом эттиришни истамасликлари билан бир қаторда, бизнес эгалари кўпинча бошқарувдан чарчаш муаммосига дуч келишади, бу эса улар йиллар давомида қурган компаниянинг узоқ муддатли истиқболларини хавф остига қўяди.
Асосий хатарлар:
Давомийлик (узвийлик) муаммоси:
Ёш авлод борган сари кўпроқ оилавий бизнесни бошқаришдан воз кечиб, ўз лойиҳаларини яратиш ва бошқаришни афзал кўрмоқда. Чунки ёшлар ота-оналари бизнесни бошқариш ва юритишда қанчалик қийналганликларини кўриб, ўзлари ҳам шундай қийинчиликларга дуч келмасликка ҳаракат қилишади ва шу сабабли улар ота-оналарининг анъанавий бизнесини давом эттиришни исташмайди. Шунинг учун улар ўзлари ёқтирган, замонавий, уларга завқ ва эркинлик берадиган енгилроқ технологиялар, финтех ва янги замонавий бизнес турлари билан шуғулланишни афзал кўришади. Бундан ташқари, улар шахсан ўзларига тегишли бўлган нарсаларга эга бўлишни истайдилар. Бу эса, узоқ йиллар давомида яратилган, қўллаб-қувватланган ва ривожлантирилган ишни давом эттирадиган авлоднинг йўқ бўлишига олиб келиши мумкин.
Бойликнинг ягона бизнесга жамланиши:
Барча маблағ ва имкониятларни бир ишга тиккан тадбиркорлар бу билан оилавий бойликни жиддий хатар остига қўядилар. Бизнеснинг қисқариши ёки йўқотилиши оилавий бойликнинг катта қисмини йўқолишига, яшаш даражасининг сезиларли даражада пасайишига ва оила учун бошқа салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, кўпчилик тадбиркорларнинг ўзлари ҳам уларнинг бизнеслари ўнлаб йиллар давомида ўз яшовчанлигини сақлаб қолишига ишонишмайди.
Ёш ва соғлиқ масаласи:
Вақт ўтиши билан, бизнесни бошқариш ёш билан боғлиқ табиий чекловлар, тез ўзгараётган ташқи муҳит, инновациялар, рақобат, бизнес эгаларининг соғлиги ва оддий чарчоқ ёки зерикиш туфайли мураккаблашиб бораверади.
Бозор билан боғлиқ ўзгаришлар:
Ҳатто энг муваффақиятли компаниялар ҳам вақт ўтиши билан иқтисодий инқирозлар, технологик ўзгаришлар, доимий ва кучайиб бораётган ички ва ташқи рақобат, талабнинг пасайиши, шунингдек, лаёқатсиз бошқарув билан боғлиқ муаммоларга дуч келади.
Нима учун бойликлар диверсификациясини муаммонинг ечими дейиш мумкин?
Диверсификация асосий бизнеснинг тақдирига боғланиб қолмасдан хатарларни камайтириш, даромадлар барқарорлигини таъминлаш ва мулк қийматини авлодлар давомида сақлаб туриш имконини беради.
Муваффақиятли тадбиркорлар аждодлар бойлигини сақлаб қолиш ва хатарларни камайтириш учун (ўзларининг мавжуд бизнесларидан ташқари) бойликларни диверсификация қилишлари шарт. Кўчмас мулк, акциялар ва бошқа барқарор даромад келтирадиган активларга сармоя киритиш орқали (албатта, бу ҳар бир тадбиркор учун алоҳида инвестицион стратегиясини ишлаб чиқишни талаб этади) улар нафақат ўз бойликларини сақлаб қоладилар, балки нисбатан хавфсиз ва пассив даромад манбаларини ҳам яратадилар. Бу уларга ўз вақтларини тинимсиз равишда пул топишга сарфламасдан (пассив) даромад топиш орқали ўрганиб қолинган юқори хаёт даражасини сақлаб туриш имконини беради.
@chiroylimoliya стратегик фикрлаш-1