#Тафсир
📚Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг "Тафсири Ҳилол" китобидан:
Tafsiri Hilol
وَقُلْنَا يَٰٓـَٔادَمُ ٱسْكُنْ أَنتَ وَزَوْجُكَ ٱلْجَنَّةَ وَكُلَا مِنْهَا رَغَدًا حَيْثُ شِئْتُمَا وَلَا تَقْرَبَا هَٰذِهِ ٱلشَّجَرَةَ فَتَكُونَا مِنَ ٱلظَّٰلِمِينَ (٢-٣٥)
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Одамга яна бир бор улуғ марҳамат қилди:
жуфти ҳаво билан унга жаннатдан жой ато этди ва у ерда фароғатда яшашини таъминлади.
"Мана бу дарахтга яқин келманглар" - деганидан, уларга ҳамма нарсадан тановул қилишга рухсат бўлгану, фақатгина битта дарахтдан тановул қилишга рухсат бўлмагани маълум бўлади.
Бу инсон ҳаётида ман қилинган нарсалар намунасидир.
Аллоҳ таолонинг инсонга баъзи нарсаларни ман қилиши иродани мустаҳкамлаш учундир. Агар ман қилиш бўлмаса, инсон билан ҳайвоннинг орасида фарқ қолмайди. Инсон ўзига жон, ақл, илм берган Аллоҳга аҳду паймон қилган, ўша аҳду паймонга вафо қилиши учун унга сабр- матонат, ирода керак, бу нарсалар эса ман қилиш билан ҳосил бўлади.
Сабр- матонатли, иродали кишилар Аллоҳ ман қилган нарсалардан ўзларини сақлаб турадилар. Ҳавои нафсига банда бўлганларнинг эса ҳайвондан фарқи йўқ. Улар ман қилинган нарсадан ўзларини тийиб тура олмайдилар. Аллоҳ таоло жаннатдаги ҳамма меваларга рухсат бериб, фақат биттагина дарахт мевасини ман қилганидек, бу дунёда ҳамма нарсага рухсат бериб, фақат саноқли нарсаларни инсоннинг ўзига зарарли нарсаларни ман қилган.
Ман қилинган дарахт қайси дарахт эканлиги ҳақида узундан- узоқ тортишишлар бўлган. Ҳар ким ўзи билган дарахтнинг номини айтган ва ушбу гапни тасдиқлаш учун далил ва ҳужжатлар келтиради. Аммо тўғрисини айтганда, бировга ўша дарахтнинг исмини билиш билан фойда ёки билмаслик билан зарар етмайди. Агар уни билиш зарур бўлса, Аллоҳ Қуръонда ёки Пайғамбаримиз ҳадисларида айтган бўлур эди. Аллоҳ таоло оятнинг охирида, « Ва мана бу дарахтга яқин келманглар, бас, у ҳолда золимлардан бўласизлар », дедик », демоқда. Шундан кўринадики, шариатнинг амридан чиқишлик зулм экан. Зулм эса катта гуноҳ.
Бақара сураси,35-оят.