Ўзбек ҳукмдорларининг бугунги авлодлари қаерда?
19 июля 2024 от Yoshlar kundaligi
Ўзбек давлатчилиги уч минг йилдан ортиқ тарихга эга. Шу давр ичида мамлакатимиз ҳудудида юзлаб турли сулолалар ҳукмронлик қилган. Уларнинг айримлари бугунги Ўзбекистондан бир неча баравар катта ҳудудларни бошқарганлар.
Мамлакатимиз ҳудудидаги сўнгги монархия тарих саҳнасини тарк этганига бир асрдан ошди. Ўзбекистон роппа-роса юз йил муқаддам Совет иттифоқи таркибидаги республика мақомини олди ва 1991 йил 1 сентябрда ўз мустақиллигига эришди.
Хўш, юртимизда ҳукм сурган тождорларнинг авлодлари бугун қаерда? Улар нима билан машғул? Келинг, улардан айримлари ҳақида фикр юритамиз.
Бобурийлар:
Маълумки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур шайбонийлар томонидан Мовароуннаҳр тупроқларидан сиқиб чиқарилгач, 1525 йилдан эътиборан Ҳиндистонга кириб боради ва ўз давлатига асос солади. Бу сулола 1858 йилда инглизлар томонидан маҳв этилади. Салтанатнинг сўнгги вакили Баҳодиршоҳ Зафар II Бирмада, сургунда вафот этади. Айрим маълумотларга кўра, униг оила аъзоларидан аксарияти инглиз ҳукуматининг топшириғига биноан қириб юборилган.
Зайниддин ака Мавлонов ўзини мазкур сулоланинг Ўзбекистондаги сўнгги вакилларидан, деб билади. 1950 йилда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида туғилган, ҳозир Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи Зайниддин ака Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг эркак шажараси бўйича 15 авлоди ҳисобланади. Унинг сўзларига кўра, инглизлар Ҳиндистонга ҳужум қилганида унинг 6 ёшли бобоси шаҳзода Мирҳазор (Мирзо Муҳиддин) Бобурийлар сулоласининг аёллари томонидан Кашмирга қочириб юборилади.
Кейинчалик инглиз разведкаси шаҳзода ҳақида хабар топгач, у Кашмирдан Қобулга ўтиб, Моваруннаҳрга келади ва Бухоро амирлигида яшаб, шу ерда оила қуради.
1920 йилда Бухорони эгаллаган Фрунзе бошлиқ қизил аскарлар шаҳзода Мирҳазорни отиб ташлайди ва Зайниддин Мавлоновнинг отаси, Бобурнинг 14 авлоди Носириддин Мирзони оиласи билан Сирдарё (олдинги Мирзачўл)га сургун қилади.
Бобурийлар сулоласининг давомчиси бўлган ушбу оила ҳақида аста-секин кўпчилик хабар топади. Зайниддин Мавлонов кўплаб ҳужжатлар, китобларни ўрганиб, ҳақиқатдан ҳам Мирзо Бобурнинг авлоди эканлигини кўпчиликка исботлайди. Бобурийларнинг сўнгги ҳукмдори Баҳодиршоҳ Зафар II нинг қизларидан туғилган авлодлари бугун Ҳиндистонда ва Покистонда истиқомат қилишади.
Муаллиф: Рустам Жабборов
"Ёшлар кундалиги" дан олинди
@chinozhayoti