ШОГИРДЛАРИМ ТУРКУМИДАН
1
2000-йилларда маҳаллий матбуотда ишлайдиган омадсиз, ўта камбағал, чала етим бир йигитни ишга олгандим. У шу қадар иши юришмаган эдики, красовкасининг йиртиғини ингичка мис сим билан тикиб юрарди. Одамнинг нима ейиши юзидаги ранг-ифодада акс этади дейишади. Унинг юзидаги ранг-ифодани сўзга айлантирсак "отхот" (чиқинди) деган сўз пайдо бўлади. У, менингча, хўта сифатсиз ва арзон овқатлар еса керак.
Шу Ўзбекистон қашшоғини аҳволига раҳмим келганидан ойликка доллар берадиган ишхонага ишга олгандим.
Ўзимнинг компютеримга ўтирғизиб эшиттиришларни монтаж қилишни ўргатдим. Шунингдек, хорижий матбуот спецификасини ҳам тушинтириб бордим.
Хуллас, ўзим ишга олган Ўзбекистон қашшоғини ҳар томонлама қўлладим. Қурғурнинг қўлидан иш келиб, чўнтаги пул кўрди, маошлари ошиб борди. Ишхонадаги ички вазият, ички зиддиятларни ҳам билиб олди. Анча таниқли журналистга айланди, пулиям кўпайди. Кечагина ахлатхонадан топиб олган эски ва йиртиқ красовка кийиб юрадиган йўқсил пули кўпайиб бармоғига йўғон узук тақадиган бўлди.
У икки марта хато қилиб ишдан ҳайдаладиган бўлди. Ҳар иккаласида ҳам уни ўзим ишда олиб қолдим.
Охири шундай бўлдики, шаҳар ахлатхонасидан топиб олган шогирдим ишхонадаги менга қарши гуруҳларга қўшилиб мени ишдан кетказишга ҳаракатни бошлаб юборди.
Ишхонадаги айрим виждонли ишчилар: "Шогирдингиздан эҳтиёт бўлинг. У бошлиқларга сизни ёмонлаяпти", деди. Мен: "Уни ишдан ҳайдамайман. Ўзим ишга олгандим, яхшиликни охиригача қиламан", дедим.
Шогирд менга итдек ташланадиган бўлди: "Сиз иссиқ ўринда ўтириб топшириқ беришни биласиз, холос", деб тана қиладиган бўлди.
Ўшанда ўйладим: "Шаҳар ахлатхонасидан сени олмай, кичкина кучукчани эргаштириб келганимда ўша менга вафо қилармиди".
Бу Шайтон шогирд бетоб бўлиб қолганимда мен ҳақимда ўта хунук миш-мишлар тарқатишдан ўзини тиёлмади.
Охири нима бўлди?
Охири шу бўлдики, касалдан тузалгач, шайтон шогирддан ақлли оламларга хос чиройли усулда қасдимни олдим...
Ҳеч ким ўз устозига қарши бормасин. Устоз, одатда, энг нозик усулни шогирдига ўргатмайди, эрта бир кун шогирди унга ташланса, уни шу усулда енгади.
Ўшанда шайтон шогирдни четроққа олиб ўтиб, яхшилаб дўппосламаганимга ҳалиям армон қиламан. Ҳолбуки унга ўхшаганларнинг иккитасига кучим етади. Эркак кишига муштлашиш зарар қилмайди.
Шеър
Шогирдим душманга сиримни сотди,
Бир парча экинзор, еримни сотди.
Тирноғим остида бир кўрган эди -
Шогирдим душманга киримни сотди.
Раҳимжон Раҳмат
®facebook
PS.
Магар шогирд шайхулислом, магар қозидур,
Магар устоз рози эрса - Тенгри розидур.
Алишер Навоий.
PPS.
Шогирдлар ўстирдим жойлаб жонимга,
Маҳрамдек санадим хонадонимга.
Оқибат ўшалар ҳатто ёнимга -
Келиб ўлтиришдан гўё ор қилди.
Абдулла Орипов.
@bobur_bobomurod