Madina Zarif


Kanal geosi va tili: O‘zbekiston, O‘zbekcha
Toifa: Bloglar


Ёзиш мен учун ишқ;
Сўз мен учун севги;
Жумла мен учун муҳаббат.
Каналда келтирилган текст ва расмлар @MadinaZarif томонидан ёзилган ва суратга олинган.

Связанные каналы

Kanal geosi va tili
O‘zbekiston, O‘zbekcha
Toifa
Bloglar
Statistika
Postlar filtri


​​Момоча

Бундан бир неча йил аввал бир момони учратдим. "Момоча" шаклда олдидан тугиб олинганди рўмолчаси. Ахлат қутисидан боқиб турарди унинг нигоҳлари менга.

Бир одатим бор. Эски кўчалардан ўтган онимда, ўша кўчаларнинг эски ҳолини, у ердан юраётган отлиқларнию, одамларни "кўраверади" тасаввурим. Момога қараб ҳам тасаввурим мени узоқларга олиб кетди:
Мана у кичик қизча, сўнгра эса гўзаллигига тўйиб бўлмайдиган, қўлини сўраганларга ийманиб қарайдиган бўй қиз.
Турмушга узатилаётгандаги қувончи жилмайтиради мени.
Мана бирин кетин фарзандлари... қай бирини ювинтирган, қай бирини койиган.
Мана яна ўша момо, аммо жувон, ҳаёт қийинчиликларидан ўксиган, йиғлаган, дармон излаган. Балки эрининг хиёнати, балки бирор айрилиқ... дард ёнган.

Сўнгра у набираларининг севимли момосига айланади. Тонгда уларга нонуштага "блинчик" пиширган.
"Бирор нарса олиб ерсан", дейди у арзимас нафақасидан асраб сақлаганини набираси қўлига сиқиштираркан.

Ва сўнгра... кўчиб кетади кўронсиз кўчсиз. Энди эса девордан боқади. Фарзандлари унга қараб кўзига кўз ёш олади. Набиралар ҳам уни эслаб туради, пирашка ваёки блинчик ҳидини тотганда ваё бошқа пайт.

Набиралар унади, ўсади, оила қуради. Фарзандли бўлади ва ... ришта узилади. Момо билан...
Бир куни авлодлар уй тозаларкан, унинг аллақандай бурчагидан чанг босган бир нотаниш момо портретини топишади. Чанг босган.
- Ташлаб юборақол.

Инсон тўпламда 150 йил яшар эмуш. 70 ёки ана борингки 80 йил ҳақиқий ҳаётни, кейингиси эса яқинларнинг хотираларида "яшаш". Кейин эса унутиларкан бу ришта. Дунё унутади сенинг бўлганингни, сенинг яшаганингни, сенинг изтиробларинг-у, иккиланишларингни.
Тўғриси ҳам, нотўғриси ҳам, қилганинг ваёки қилишга жазм қила олмаганинг ҳам ортда қоладию, кетади.

Айнан мана шунча "яшайсан" бу дунёда, Мадин.
Ҳозир эса яшамоқдасан.
Яшаш сенга берилган, у сеники.
Яша!


​​​​Тил ва Иммиграция
Иммиграция
ва ёки бошқа мамлакатга кўчиб кетиш – одатда ҳавас ҳиссини уйғотади.
«Мазза а», «Мазза қилиб яшайсиз а, табиати зўр, пули яхши» ва ҳк.каби сўзларни мусофирларга яхши таниш. Менинг ўзим ҳам мусофир бўлмагунча шундай ҳаваскорлардан бири эдим. Сўнгра эса: мусофирлик ҳаёти билан яқиндан танишдим.
Маззами?
Албатта, ҳаммасини нольдан ўрганиш доим «мазза» бўлган. Адаптация эса – доим ҳам осон кечмайдиган жараёнлардан.
Жамият ҳаёти – ҳар рўзғорнинг ўз қоидалари бўлганидек, ҳар мамлакатнинг бир-биридан фарқ қиладиган жамият ҳаёти ва ёзилган ва ёзилмаган қонунлари бор. Уларни ўрганиш бир жабҳа бўлса, унга кўникиш иккинчи жабҳа.
Ҳужжатлар – бу айро ва мушкул мавзу. Виза олиш/узатиш/ўзгартириш. Бу жараёнда ҳужжатларни тайёрлаш/таржима қилиш/тасдиқлатиш – мусофирнинг асаблари эгови ва кўз ёшлари сабабчиси.
Аммо бугун айтмоқчи бўлганим бошқа нарса: охирги пайтларда яна бир жиҳат эътиборимни тортди. Биласиз аввал 7 йил Туркияда яшаганман ва 4 йилки Германиядаман. Бу икки мамлакатдаги адаптация/кўникиш вақтини қиёсласам: Туркияга тезроқ кўниккан ва турк тилида тилим тезроқ «чиққан» экан. Германияда эса нисбатан тортиниб, хавотир билан муносабат қураётганимни сездим. Бунинг сабабларини излай бошладим.

Илк бор Туркияга борган чоғимда, тузук-қуруқ туркча гаплашмас, унинг устига уларнинг тез-тез гапиришларини қулоғим ҳеч илғамас эди. Аммо узуқ-юлуқ қилиб туркчада бирор жумла тузсам ҳам: оо, неқадар гўзел, чок офарин, каби хушсўзлар билан қаршилашганимда ўзимдан ҳам гапираётган тилимдан ҳам шунақа хурсанд бўлиб кетардимки, яна бир нарсалар гапиргим, ўргангим келарди. Туркларда турк тилини ўрганишга ҳаракат қилаётганларга нисбатан эҳтиром борлигини ҳам айтиш керак.

Германия эса ўз номи билан Германия. Бу ердаги аҳоли нисбатан масофали ва жиддий. Амаллаб бир жумла тузиб, юрак ютиб гапираману, унинг орқасидан жиддийлик билан ўша жумла қаршимдаги киши томонидан тўғирланиб такрорланади. Мендек перфекционист учун бу – гапирмай қўявер, эплолмаяпсан, Мадина! – дегани. Кейинги гал бу ички оғриқ/уятни ҳис қилмаслик учун ҳам гапирмай қўявераётганим ва ёки гапиришдан максимал тарзда қочаётганимни ҳис қилдим.

Охирги пайтларда Ўзбекистонда ўзбек ва рус тиллари борасида кўп тортишувларни кўриш мумкин. Ўзбек тилини яхши кўраман ва уни дунёдаги энг чиройли тиллардан бири дея оламан. Фақат ўзбек тилининг оммалашиши ваёки бошқаларда меҳр уйғотишига бу тарзда эриша олмаймиз.

Мисолимдаги давлатлар Давлат миқиёсида ўз Давлат тилида гапирилиши ва ўргатилишини йўлга қўйган. Ва ҳужжатлар асосан Давлат тилида баён қилинади. (Аҳолисининг кўпчилигини ташкил қилган қисм тили ҳам илова қилиниши мумкин, аммо барча ҳужжатларда эмас.) Бунга биз эммигрантлар ҳам ҳаракат қиламиз.
Аммо юқорида келтирган икки ҳолат оддий халқ орасида тил борасида қандай ижобий ваё салбий натижалар кўрсатиши мисоли. Тилимиз учун нимадир қилмоқчи бўлсак, у агрессиядан бошланмаслиги ваёки агрессияга айланиб кетмаслиги керак.


​​Чет элда ўзбек бўлиш
Ёки она тилини сақлаб қолиш

Қулупной тера туриб: ўғлимга: жоон, анави тоғорани олиб бер, дедим. Кейин миямга урди: бу болага мен доим жоон, деб мурожаат қиламан. Аммо бу бола бу сўзнинг маъносини билармикин ўзи?

Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам: чет элда она тилини сақлаб қолиш бироз мушкул. Биз учунку, ҳа, ўзбек тили она тили. Аммо чет элда туғилиб, ўсаётган болаларимиз учун эса ҳар доим ҳам бундай деб бўлмайди. Уйда албатта ўзбек тилида гаплашишга ҳаракат қилинадию, аммо бизни иш бироз karisik.

Баъзан бир жумлани ичида 4 та тил аралаштирганимизни пайқаб куламиз.
- Мама, probier mal вот эта еда schmeken gut yapiyor. (Ойи, татиб кўр, мана бу овқат мазали - рус, немис, рус, немис турк тилларида).
- Сейчас я занята, birazdan, хўп? (Ҳозир бандман, бироздан кейин, хўпми?)
- Хоп. (Ўзбекча)
Ўғлим Туркияда туғилгани учун, қизларим эса ақлини Туркияда танигани учун кўпинча ўзаро турк тилида гаплашишади. Русча ҳам ҳаётимизда анча илдиз отган: қизларим Ўзбекистонда рус мактабга боришгани сабаб улар билан суҳбатимизда кўпроқ русча ишлатар эканмиз. Ва бу автоматик ҳолда ўғлим, қизларим билан мулоқот тилига айланган. Аммо баъзан аралаш тилларда гаплашганимиздан миям портлаб кетай, дейди. Бирор нарсани тушунтириш жараёнида эса: дод деворай дейман, чунки мия аралаш сўзлар ичида менга кераклисини топаётганда инфаркт бўлади. 😊

Ўзбек тили эса: қизларим ўзбек тилини билишади, тушунишга бироз қийналишади ва акцент билан гаплашишади.
Ўғлимдан бирор нарсани бекитмоқчи бўлсак, ўзбек тилида гаплашамиз, чунки у ўзбек тилини деярли билмайди.

Чет элда катта бўлган болалардаги асосий муаммо эса: бобо бувилар, амма холалар билан эркин гаплаша олишмасликлари. Балки бу муаммо ҳаммада ҳам эмасдир, аммо бизда бу муаммо бор.

Тилни асраб қолишга келсак эса...бу ҳақида ҳали бирор ечимим йўқ. Аммо ечим керакми, билмадим.

- Болашим, жоон дегани нима деганини биласанми?
- Йўқ.
- Herz, дегани.
- Мама, herz юрак, дегани, жон эса – душа, дегани, - дея таржимамни туғирлади қизим.

Дам олишни истасам эса, ўзбекча гаплашадиган одам қидираман. Чунки одам ўзини энг яхши ўз она тилида ифода қила олади ва бу инсонўғлининг эҳтиёжи. Аммо болаларим қай тилни она тилим, дея олади, уни ҳали тўла англамадик. 😊


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
Кеча борган Фермерлик хўжалиги.
Ҳудида анча катта.
Бу ерда қулупной билан бирга яна кўп сабзавот ва резавор мевалар етиштирилади.
Олма, гилос, узум дарахтларига кўзимиз тушди.


​​Қулупнойли ёмғир

Болалигимиздаги «Тулкича» мультфильм ёдингиздами? Отасини саволга тутган тулкича «Қулупнойли ёмғир ҳам бўладими?» деб сўраганичи? Ўша мультфильмдагидек биз ҳам қулупной егимиз келиб қулупнойли ёмғир кутдик. Ёғавермагач, қулупнойни излаб ўзимиз йўлга тушдик.
Охирги ҳафта мобайнида Германия анча ёмғирли бўлди. Шу сабабми биздаги қулупной мавсуми энди бошланди. Бозорларда, дўконларда қулупной бўй ва ҳид кўрсатиб қолди. Болалигим қишлоқда ўтгани учунми ёки қурғур қарилик сабабми, ўзимиз териб ейишга нима етсин, деймиз.
Германияда эса қулупной мавсумида қулупной, гилос мавсумида гилос, олма мавсумида олма боғларига бориб меваларни ўз қўлингиз билан териб, сўнгра кило бошига пулини тўлаб олиб кетаверасиз. Бу айниқса болали оилалар учун мароқли машғулот. Бўлмаса бизни болалар қулупнойни қайда кўрибдию, олмани қайда узибди. Ўз ўзидан музлатгич ёки ошхонада пайдо бўладиган егулик деб ўйлаб юраверган бўларди.

Қулупнойга қайтсак, Гермон фермерлари ҳам ўз ишини устаси, қулупной пишганидан уни бу йўл билан сотишга ошиқмайди. Аввал сара меваларини териб олади ва дўконларга етказади.
Сўнгра эса истаса, ўзи териб кетиш мавсумини бошлатвориб ўз сайтларида: келиб қолинг, олиб қолинг, қулупнойга тўйиб қолинг, дея эълон беришади.

Дарров қўймаслигининг сабаби эса, бели оғриб кўчат ўтказмаган, кўзи тўрт бўлиб мева тугишини кутмаганлар мевани эҳтиётлаб термайди. Уни устига бола деган: кўрган нарсасини эзиб, мижиғлаб, пишмаганини юлиб, татиб, ёқмагач отвориб кўради.

Бугун борган фермеримиз, аввал олиб борган идишларимизни ўлчаб кг миқдорини қўлимизга ёзиб берди. Эътиборимни тортгани, дала бўйлаб бир нечта ташима ҳожатхона ҳам ўртанишни унутишмабди. Чоптириворавер, кенг дала бўлса, дейишмабди.

Далага кириб мевани тердик ва еганча едик. Териб ва тўйиб бўлгач қулупнойларимизни яна тарозига солиб, идишларнинг кг миқдори чиқариб ташланди.
Ва бўлди: хуллас бир кило қулупнойни 3 евро 50 центдан (48.155 сўм) сотишди.
Қиммат, ўртоқлар. Айниқса белим бўкилиб ўзим терган қулупной учун.
Аммо бу Гирмон деганларида маҳаллий деҳқончиликни қўллаб қувватлаш дастури бор. Мен у ҳақда кўп нарса билмайман. Локин, билиб олгач сизга ҳам айтаман. Фақат шу ичимдаги Мадина: Мадин, бу кимга қизиқ, йиғиштир, демаса бўлди.
Ҳа, айтганча 15 кило қулупной терибмиз. Бачаларга: емай ичмай фақат қўлупной ейсила, чунки бундан кейин қўлупной йўқ, дедим. 😊
Ростда, мевани мавсумида ееб ееб олиш керак. Витамини ўшанда тегади, деган Ибн Сино бобом.


Ассалому алайкум.
Бу ерга жуда кам ёзсамда, бардош билан мен билан қолганларга ҳам;
Янги келганларга ҳам:
Хуш келибсиз!


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
Кечаги сайрдан лавҳалар…


​​ТАЖРИБА

Германияга келганимга 4 йил бўлган бўлсада, ҳали таниш ёки дўст орттира олмадим. Чунки немислар бу борада жуда муҳофазакор миллат экан. Мен эса тил ўрганишим керак ахир, дея театр ва кинотеатрларга бора бошладим. Аммо у ерда ҳам мувафаққият қозонмадим.

Сўнгра замонавий услубга ўтдим. Uzum, Tinder, Tandem ва турли турли апплар кўпайган бу замонда, кўзим meet5 аппига тушди. Дўстлик, қизиқиш ёки хоббидошлар, бирга мароқли завқ ўтказишни ваъда бериб турарди бу апп. Яшаб турган шаҳарчам атрофида истиқомат қилувчилар маълум кунга турли учрашувлар ташкил қилишар ва бу приложения орқали таклиф қилишаркан. Учрашувга келишни истаганларнинг сони ва кимлигини ҳам кўриш мумкин. Бегона, танимаган одамларим бўлганидан: қурқув ва хавотир сабабли 1 ойча бу учрашувларга қатнашмадим ва фақат кузатдим.

Рақс кечаси, караоке кечаси, биргаликда тушлик қилиш, тоғ адирларга юриш учун чиқиш, 90 йиллар мусиқа кечаси, тарихий обидаларни кезиш – турли туман учрашувлар.

Ўтган ҳафта юрак ютиб бир учрашувга боришга қарор қилдим. Қўшни қишлоқдаги тепаликка чиқиш – хайкинг эди. Учрашувга мендан бошқа яна 6 киши қатнашишини билдирган. Хавотир билан учрашувга бордим. Мени бу тадбир ташкилотчиси кутиб олди. Кўп ўтмай қолганлар ҳам келишди. 7 киши кўриб турганингиз тоғ ва адирларни кездик. Мендан бошқа барчаси немис миллатига мансуб бўлган бу танишларим ҳаво яхши бўлганда кўп мана шундай сайрларга чиқиб туришар экан. Телефонларсиз, гавжумликдан чарчаган, ҳар кунги хархашадан дам олиб, табиатдан баҳра олиб бир бири билан суҳбат қуриш, янги одамлар билан танишамиз, дейишди.

Юқори чўққида жойлашган кичик бир қаҳвахонада атрофни томоша қилиб бир финжон қаҳва ичдик. Рюкзакларимизга солиб олган бир нарсалар билан қорин туйдирган бўлдик. Ва жуда кўп гаплашдик. Онлайн ҳаётсиз, атрофдаги гўзалликдан баҳра олиб, дардларимизни ҳар қадам билан ортда қолдира қолдира юрдик, кездик. Умримда илк бор кўриб турган ва унинг устига немисчам яхши бўлмаган ҳолда улар билан 7 соат бирга вақт ўтказибман. 15 км дан узоқ йўл босдик, 300 метр тепаликка чиқдик. Ҳаёт фалсафаси билан бўлишдик, бошқаси яқинини яқинда йўқотганини билдирди, унга ҳамдардлик билдирдик. Хуллас, бу тажрибам жуда ҳам ижобий ва мароқли хотираларга тўла бўлди. Германиянинг табиати эса... таърифсиз...


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
Германия кичик кўчалари ва уларнинг гўзаллиги


​​Германия автобани
Ҳайдовчилик гувоҳномаси олганимга бир неча ой бўлди. Локин ҳали Германиянинг бутун дунёга таниқли бўлган автобанларига ҳали бирор марта чиқмагандим. Кеча Heidelberg шаҳрида дўстларимиз билан учрашиш учун илк бор автобанга чиқдим.
Якшанба бўлгани сабабли автомобиллар сони кам, йўллар эса теееп-текис. Қўрққанга қўш кўринар деганларидек, сафаримиз хавотиримдан кўра анча яхши ўтди. 120 тезликдан сўнгра тезликни одам ҳис қилмас экан ва бир неча маротаба то 140 тезликка чиққанимни ҳам сезмай қолдим. Шу сабабли сурункали тезлик кўрсатгичини назорат қилиб туриш шарт.

Орқадан бир неча маротаба жуда яқин келган автомобиллар ичимда паника туғдирди. Бу ҳолатдан чиқарган дарсим: Диққат эътиборингни орқага эмас, борадиган манзилинг, олдинга қарат.
Яна бир хавфли нуқталардан бири: бир текисда кетаётган йўл, ҳар қанча тезликда бўлмасин одамни уйқусини келтираркан. Ухлаганим йўқ албатта, аммо бу борада ҳам диққатли бўлиш даркорлигини тушундим.

Қайтишда жасоратимга яна жасорат қўшилиб, ёмғирли ҳавода ҳам 120 босиб келавердим. Аммо бугун бўйним ва қўлларим шунақа қақшаяптики, кечаги бутун қўрқувимни рульни қаттиқ ушлашга ва бўйнимни қисиб олишга сарфлаганман чоғи.

Хуллас, Германия автобанлари дунёга танилганича бор экан. Қўлай ва тез. Минус томонидан бири эса: Германия табиати гўзал! Кичик айланма йўллар манзилга узоқ олиб борсада, одамни кўзи қувнаб, дили яйраб, табиатига қойил қолиб: Яшшавор Нортой!, дея йўл босади. Автобанда эса бу манзара кам.
Хуллас, Германияда бўлсангиз, албатта автобандан сафар қилиб кўринг.
Жонажон юртимиз йўлларига ҳам Германия йўлларидек текис ва қўлай бўлишини тилаб қоламиз.


​​Madame Claude
- Қайси мамлакатдан келгансан?
- Ўзбекистон.
Қаршимдаги аёл турли мамлакатлар харита китобини олиб чиқди.
- Кўрсат, қаерда жойлашган сенинг Ватанинг.
Сўнгра мен кўрсатган нуқтага узоқ узоқ тикилиб қушни мамлакатлар ҳақида ҳам бироз сўради.
- Мен 85 йилларда Россия – Москвага боргандим, қайтаётганимда поезддагиларни видеокамерага олганим сабабли полицияга ҳам тушгандим, ўша пайт ҳамма тасмаларни олиб қўйишганди.
Суҳбатимиз унинг Америка саёҳатига уланади.
- Ўқигани, тил ўргангани боргандим...
У бу саёҳати ҳақида нималардир ҳақида айтиб бериб бошлаганда, менинг ҳаёлларим аллақачон бошқа жойларга кетиб бўлганди.
- Шунча ўқиган, шунча тил ўрганган, аммо нимага йиллар давомида оддий дазмол қилувчи бўлиб ишлаган? – деган савол ақлимдан кетмасди. Ахир бой бўлиш, яхши жойда ишлаш, катта ойлик олиш учун ўқилмасмиди?..

Унинг исми Claude, у француз. Илк бора уйига келганимда уйдаги китоблар сонини кўриб ҳайратлангандим. 2 хона ўртасида юриш учун кичик йўлка қолдирилган ва қолган барчаси китоблар, тарихий расмлар ва яна алламбалолар билан тўла.
- Бу ердаги китобларни барчасини ўқиганмисиз?
- Деярли барчасини ўқиганман. Ўқишни жуда ҳам яхши кўраман.
Ётоғи ёнида ҳам токча ҳам тўла китоб.
- Зерикмайсизми ёлғиз? Телевизорингиз ҳам йўқ.
- Ҳозир ҳаммаси бошқача, телевизор кўришни истамайман. Китобларим бор, баъзан француз радиоларини эшитаман. Ҳаётдан хабардор бўлиш учун газета ўқийман. Шу менга етарли.

- 19 январда докторга боришингиз керак. Эслатиб қўяйми? – дейман кетар чоғим.
- Адашяпсан, 29 январда бор шифокор билан учрашувимиз, - дейди у тоза немисча аммо французча акцент билан.
Ўта назокатли, ўтириши, туриши, гапиришига диққат этиши сабабли мен уни Madame Claude дейман.
У 85 ёшда, озғин танаси баъзан туришга ҳам мажолсиз бўлсада, аммо хотираси ва тиниқ фикрлари билан мени ҳар сафар кўрганимда ҳайратга солади. Ўтган гал хайрлашиб кетар чоғимда:
- Эркин ҳаётингдан завқ ол, - дея кузатди. Мен қариб кетяпман, дея ўз ўлғайишимни қабул қила олмаётган бир пайтда Madame Claude гаплари малҳам каби келади. Билмадим мен унга қай даражада дармон бўла олаяпман, аммо у менга жуда кўп кўп нарсаларни ўргатмоқда.
Китоб ўқишни канда қилма, Мадина!


​​Бу аёл Дилек Гурсой (Dilek Gürsoy) – германиялик, миллати эса турк. У илк бор Европада сунъий юрак амалиётини амалга оширган аёл жарроҳ ҳисобланади.

Бугун унинг иштирокида подкаст эшитдим. Ва бу аёлнинг ҳикояси мени руҳлантирди. Аслида мен унинг ҳикоясини тинглар эканман, мен учун бу ҳикоянинг бош қаҳрамони - Дилекнинг онаси бўлди.

Унинг ота онаси кўпгина турк оилалари каби Германияга гастарбайтер бўлиб келади. Фақат онаси кўпгина турк оилаларда бўлгани каби мактабга юборилмаган ва ўқиш ёзишни мустақил ўзи ўрганган. Илк туғилган фарзандларининг ўлими, кўп ўтмай турмуш ўртоғининг вафот этиши ҳам – аёл дард алам ичида ёнса ҳам ҳаётини давом этишга ўзида куч топа олган.

Тил билмаслигига қарамай у Германияда иш топиб ишга киради ва 3 фарзандини катта қилади.
- Аслида онам бир фабрикада оддий ишчи. Шунча қийинчиликни бошидан кечирганига қарамай ҳаётдан завқланиб яшайди, - дейди Дилек. – Бугунги мувафаққиятим учун онамга қарздорман. Чунки у отамдан сўнгра турмушга чиқмади ва бутун ҳаётини бизга бағишлади. Ўша пайт бунинг қийматини била олмаган бўлсамда, ўлғайганимдан сўнгра бунинг қай даражада фидокорлик эканини англадим.

Дилекни тинглар эканман, Германиядек мамлакатда бўлсада ҳеч бир мақсадга осон эришиб бўлмаслигини ва доим кишидан максимал ирода, меҳнаткашлик талаб қилишига яна бир бор амин бўлдим.

Шу билан бирга бу аёлга ҳавас қилдим. Меҳнати, ҳаракати, фикрлари ва ҳаётга қарашлари билан кўнглимда илиқлик ўйғотди.
- Илк қилинган сунъий юраклар ҳам эркаклар тарафидан эркаклар учун яратилган, дейди Дилек. – Чунки юрак қон томир касалликлари асосан эркаклар оғрийдиган касаллик деб қараларди. Ва бу касаллик билан оғриган аёллар учун қийинчилик туғдиради, чунки аёлларнинг кўкрак қафаси эркакларники каби кенг ва катта эмас ва бу асбоблар аёллар танасига катталик қилади. Ва бу муаммо. Ва суньий юрак бу фақатгина шифокорларнинг иши эмас, бу сунъий органлар технологлар билан биргаликда ишлаб чиқарилади.

"Бунга фақат бу касалликнинг эркакларга хослиги эмас, балки бу соҳаларда аёл мутахассисларнинг камлиги ҳам бўлса керак", - деган фикр кечди ҳаёлимдан.

Хуллас, Дилекнинг суҳбатини эшитиб: Бир аёл, бир она агар ўзи мактаб кўрмаган бўлсада, катта лавозим ёки касбларда ишламасада: катта ишлар қила олувчи авлод етиштириши мумкин, дедим. Фақат у илмга, фанга, ҳаётга ошиқ бўлсин. Бу борада Дилек Гурсойни ҳам, унинг Онасини ҳам тақдир этдим.

Шифокор мутахассис қизларимиз кўпайиши тилаги билан Madina Zarif.

P.S/ Расмда Dilek Gulsoy, онаси билан. Расм Дилек хонимнинг инстаграм саҳифасидан олинди.


​​СОВҒАМ
Узоқ йиллик уринишлардан сўнг ваниҳоят Германияда ўз ҳайдовчилик гувоҳномамни олдим.
Фақат олдингда ўқитувчи билан ҳайдаш бошқа, ўзинг ёлғиз қолиб ҳайдаш умуман бошқа нарса эканини илк бор машинамга ўтириб билдим.

Орқадан келаётган машиналар, ёнингдан зувиллаб ўтаётган велосипедистлар, шошилмай ўз йўлидан ўтишга одатланган яёвлар.
Ва ҳали автоулови билан "тил" топишмаган ва уни светофорга келганда "ўчириб"қўяверадиган қўрқоқ, хавотирга тўла мен.

Бу хавотирларимни кўрган ҳамкасбим: ёнингда ўтираман, ҳайдайсан секин аста. Ҳаммада бўлади бунақа қўрқув, деганча бир неча кун "тажриба қуёни" бўлиб берди.

Охир оқибат тонг саҳарида туриб машинамга ўтирдим. Кунлардан якшанба бўлгани боис кўча ҳам бўм-бўш. Ухлаётганларга ҳалал бермай, деб мозорликнинг парковкасига йўл олдим. Мозорда ётганлардан ҳам минг узр сўраганча бироз машқ қилдим.

"Дебрияждан бироз оёқ кўтарамиз, газни бироз кўпроқ босамиз, юра бошлагач дебрияжни тинч қўямиз". Билмадим бу сўзларни неча бор ўзимга такрорладим. Иккала оёғим бири кўтарилиб, бири босилиб ишлашга, мушакларим хотирасига бироз ёзилгандек бўлди. Кечга эса бутун жасоратимни йиғиб болаларни машинага ўтирғиздиму... бир қишлоқчамизни айлантириб "катайся" қилиб келдик.

Бугун ўғлим қизариб терлаган куйи қўлида музқаймоқ билан уйга келди.
- Сенга олдим, мама буни! Сен яхши кўрган музқаймоқдан олдим.
- Нега? Ўзинг синфдошларинг билан музқаймоқхўрлик қил, деб бергандимку?!
- Мен эса сени хурсанд қилгим келди, чунки сен кеча машинани жуда яхши ҳайдадинг! Мен сен билан фахрланаман.

Болашим, мен ҳам бугун ўзимга сенинг кўзларинг билан боқдим ва Сенинг Онанг билан фахрландим. ❤️


​​Илк севгимдек хотирлайман сени. Дўстликмиди ёки... билмадим.
Айни ёшда эдик балки сен билан, балки сен бироз каттароқдирсан... Ўша уйга илк келганимда ҳали кичик навниҳолдинг, аммо бўйинг меникидан узунроқ эди. Билмадим нега, ўша ҳовлида энг кўп сени эслайман.

Қора болалик кунларимни ёритган, уларга бир навза ранг берганинг учундир балки.

Илк мевангни тотган ҳам мен бўлгандирман.
Баҳор келганда қайта қайта сенга тикилардим. Гулларингни санашга ошиқардим. Бевафо шамоллардан ҳар бир чечагингни асрагим келарди.

Бир йили 15 дона мева туккандинг. Балки сендирсан иродамни тарбиялаган. Ўзимни зўрға тутардим меваларингни эрта узишдан.

Ўсмирлардек бесўнақай, узун, аммо нимжон эдинг аввалига. Кейин йўғонлашдинг, кучга кирдинг.

Бемалол тирманиб энг тепада мен учун сақлаган меваларингга узанардим.

Ҳар куни ўзимга 3 дона мевангдан олиб ейишга рухсат берардим. Айри бир ҳаяжон билан кутардим бу вақтни. Аввал қай бирини олсам дея чамалардим. Яшил, аммо оз-моз сарғайганлари эди энг маззалиси.

Аммо шошмасдим уларни егани, аввал қўлимда айлантирар, тикилиб томоша қилардим. Сип силлиқ, азза-базза жигарранг нуқтали, баъзан думчали... Сўнгра... китобимни олардим тиззаларимга, тўхтаган саҳифамни очгач, саҳифалардаги матн хаёлимда жонлангачгина тишлардим.

Онлик, аммо ҳаяжони узун бўлган бахтим.
Тишларим орасидан сизиб чиққан шўртак, бироз ширали, довчаликдан ўтгану, ҳали ҳануз пишиб етилмаган худди мендек ўсмир залдори.

Пишгунинггачан ҳеч кутмаганман... ҳеч ким мен каби баҳра олмагандир сенинг меваларингдан, сенинг ўша ҳовлида борлигингдан...
Билмадим ҳозир ҳам ўша ердамисан ёки йўқ...
Мен сени жуда кўп соғинаман, эски қадрдонимдек.


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
Германиядаги дарахтларни ҳам кесишмоқчи…


​​ТРУМАН ШОУСИ
Қанақадир бинога олиб киришди. Бадбўй ҳид бурнимга урилди. Кичик коридор ва 3 та решеткали эшик. Ўнг бурчакда эди мани зиндоним.
- Бугун мана шу ерда қоласиз.
Қулфланди. Қоп қоронғу, 1 метрлик кичкина хона.Ўнг бурчакда ҳожат чиқариш учун қўйилган челакдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Ҳид шунақа сасиқки, кўнглим айниб кўзларим ачиша бошлади. Пол чириб кирланиб кетган. Сал тинчиб қолсанг бурчак бурчакдан сичқонми, каламушми ғимирлаб қолади.
Билмадим қанча вақт ўтди, мазам қоча бошлади. Эсимда йўқ нима қилганим, ё бақирганман ё эшикни урганман. Ён томондаги чап бурчакдан кимнингдир бақиргани, темир эшикни урилгани овози эшитилди.
- Очинглар, мана бу ердагини маззаси қочяпти. Қаранглар. Очинглар! Тез ёрдам чақиринглар!

Бироздан икки формали кўринди: Намунча бақирасан?
- Менга эмас. Қаранглар анави ердагини мазаси қочяпти.

Клеткам эшиги очилди. Ташқарига чиқаришди. Раковинали хонага судрашди.
- Юв юз қўлингни совуқ сувда! Бу ерда ўйнаган ролинг ўтмайди! Театрмас бу ер сенга.
Юзимга сув сепди. Таъсир қилмагач юзимга урди.
- Ростан мазаси йўқ шекилли. Яна чақирамизми скорый?

Ўша ён томонда ёрдам чақирган киши ёки йигитни кимлигини билмайман. Тоза ўзбекча, ёшроқ йигитнинг овозидек эслайман. Аммо кимлигидан қатъий назар: ҳаётимда юрагимда яхшилик билан эслайдиган кишилар руйхатига киради.
Ҳаётимдаги энг узун тунлардан бири эди. Наҳотки бу ростан бўляпти, дея деворларни ушлаб кўрардим. Муздек.

Тонгда энди ғира шира кун ёриша бошлаганда бир ходим келиб хонадан чиқарди.
- Қаердан олиб келишди сени? Жалабларданмисан?
- Нима?
- Жалабхонадан олиб келишдими сени? Тозага ўхшайсанку? - дея қўлини белимга узатди.
- Бақираман ҳозир!
- Бақириб кўр, бир ой ўтирасан энди шу ерда. Паспортинг йўғаканку.
Аммо янада ҳайиқди шекилли қўлини тортиб олди.
- Анави бурчакда супурги бор. Ол ўшани, ҳовли супурасан.
Шиғ-шиғ қилиб РОВДни ҳайҳотдек ҳовлисини супурдим. :)

Соат 9-10 ларга яқин паспортимни кўтариб адвокатим кириб келди. Эримга ёллаган адвокатимни қайниакам бу сафар менга ёллаганини айтди.
Эрталабгачан ҳамма яқинларим РОВД эшиги олдида ўтириб чиқишганини, аммо уларга бу ерга бунақа шахс кирмади, билмаймиз, дейишганини айтди.
- Ҳозир мен бориб гаплашиб чиқайчи кечаги обыскка келганлар билан, дедию, бироздан кейин ранги бузариб чиқди.
- Ҳозирча билишмас экан, кечгачан шу ерда ўтиришимиз керак экан.
Асабларим адо бўлганди: бақириб йиғлай бошладим.
- Нима бўляпти ўзи? Нимага мен бу ердаман? Қани мани эрим, укам? Нимага мен бу ерда ўтиришим керак. Манаку паспортим?
Бир адвокатга, бир орқа сираларда турган қайниакамга қарайман. Нима бўляпти бу ерда? Бу аёл ким? Ахир мен уни танимайманку. Бу ердагилар ким? Кимни суд қилишяпти? Нимага суд қилишяпти? Мен кеча қаерда эдим? Ростан ҳам бу аёл билан жанжал қилдимми? Мен ўзи қаердаман?

- Палончиева Мадина, судга айтадиган гапингиз борми?
Йиғлаганимдан ҳиққиллаган куйича:
- Мен бу аёлни танимайман. Биринчи марта кўриб турибман. Кеча бу аёл айтаётган соатда РОВДда эдим. Менга ҳатто Тез ёрдам чақиришди. Исм фамилиям билан чиқади. Манави бола мени кеча сўроқ савол қилди, дедим мен содда девона. Аммо ҳеееч ким бу гапларимга на бирор нарса деди, на жавоб берди, на инкор қилди ёки тасдиқлади. Шунча одамни орасида худди гапираётган аммо овози чиқмаётган одам эдим.

- 15 суткалик маъмурий жавобгарликкак тортиласиз. Жазо ўташ ери:(ва манзилни айтди)
Демак, барибир қўйиб юборишмайди.
- 2 та кичик қизим бор. Улар уйда ёлғиз, отаси ҳам бедарак. Ҳеч бўлмаса жарима жазосига алмаштиринг...

Адвокатим чиқиб нималардир деди, кейин қайниакам ҳам. Аммо табиийки ҳеч бирининг бирор гапи бир чақага олинмади...
——
#bedarak - 4 qism tugadi.


​​ТИНТУВ
- Мен ҳам бораман, деди қайниопам. Гаражга бошлаб боришди. Тумонат одамни кўриб эсим чиқиб кетди. Қуролли формалилар, ҳид сезадиган итлар, формасиз ходимлар. Бирам ширин гапиришади.
- Келинг келинг, хотинимисиз? Текширларинг, бу хотини бўлиши мумкинмас, кичкинагина қизчаку бу. Бошқа хотини бўлиши керак.
Бу мани асабимни ўйнатиш учун махсус айтилгандими ёки ҳақиқатан шундаймиди буни билмадим.

Ажойиб томони гараж калитини ўзлари билан олиб келиб, ўзлари гаражни очишгани бўлди. Расмга туширишди, нималардир олиб чиқилди, нималардир текширилди. Гаражни ҳарбий кишидан ижара олинган, қанақадир камуфляж ёмғирлик шунга ўхшаш нарсалар ҳам чиқди. Вой вуй бўлиб кетди. Аммо ходимлар менга нисбатан ширинсўзлигини канда қилишмаган ҳолда расмга туширишди, нималаргадир имзо қўйдиришди. Бу бўлаётган воқеаларнинг мен ҳам иштирокчиси эканимни ўзимга қайта қайта эслатардим.
Аммо барча тинтувда иштирок этаётганларнинг тилидан бол томарди. Муомалалари ҳайратланарли даражада хуш.

- Сиз биз билан РОВДга боришингиз керак, синглим, - деди бири ёнимга келиб.
- Нимага?
- Тушунтириш хати ёзишингиз керак.
- Шу ерда ёзсам бўлмайдими?
- Йўқ, боришингиз керак. Мана маҳалла нозири билан борасиз.
- Ҳа, бирга бориб, кейин бирга олиб келиб қўяман ўзим, келин, - деди қаердандир пайдо бўлган маҳалла участковойи.
- Мен ҳам бораман, деди қайниопам.
- Сизга мошинада жой йўқ. Такси тутиб боришингиз мумкин.
- Уйга кириб паспортимни олиб чиқай, - дедим тажрибамга кўра РОВДга паспортсиз қўймаслигини эслаган ҳолда.
- Керак йўқ. Мана участковойингиз сизни танийдику, шахсингизни тасдиқлай олади, ҳам биз билан бўлганингиз учун паспорт керакмас.

Қандай қилиб машинага ўтирғизишди эслолмайман. РОВДга бояги хушмуомала ходимларнинг хонасига олиб киришди.
- Душман! Бизни ватанимизда яшаб, бизни нонимизни еб тузлуғимизга тўпуриб ўтирган душман татар, нима етишмаётганди санга? Чиритаман сани мана шу ерда. Болаларингни ҳаётда кўрмай чириб кетасан мана шу ерда!

Қотиб қолдим. Менга айтиляптими шу гаплар? Бояги кишиларми шу? Нималар бўляпти?
- Нима қилдим мен? - дея олдим холос.
- Террорист хоин! Ит ҳам топа олмайди сени бу ерда!

Шунақа жазавага тушиб бақирардики, оғзидан кўпик сачрарди. Ё ҳушимдан кетдим, ё йиқилдим. Бошқа бир хонада ўзимга келдим. Ёнимда оқ халатли опа - нималардир сўраган. Тилим тагига тинчлантирувчи дори тиқиштирган. Бироз ўзимга келгач, ёшгина ўзини Улуғбек деб таништирган ходим сўроқ савол бошлади.
Кимман, қаерданман, отам ким онам ким. Динни кимдан ўрганганман. Нималар биламан. Қаерда ўқиганман. Уйимизга кимлар келган.

Мени карахт қилаётган нарса эса: эринг ёки уканг манави ишни қилган ёки манави модда бўйича айбланмоқда ёки қидирилмоқда, каби бирор тушунтириш йўқ. Худдики воқеалар шундай ривожланмоқдаки, эрим ва укам йўқолиб қолган бир вақтда аксига олиб палакатни қараки, ўзим ҳам мана бундай ҳолатга тушиб қолганман. Ва бўлаётганлар бир бирига умуман боғлиқ эмас.

Сўроқ савол узооқ давом этди. Битта саволни айлантириб унақасига ҳам бунақасига ҳам сўраб кўраверишар экан. Қоронғу тушди. Соат 11 ёки 12 атрофида. Ҳовлига олиб чиқишди. Участка нозирига кўзим тушди.
- Бошиздаги рўмолни, зиракларни, яна тилла тақинчоқларингиз бўлса ечиб мана бу кишига беринг, - деди ёнимдаги ходим. Ҳайратланиб участка нозирига қарадим:
- Нимага?
- Бугун мана шу ерда қоласиз!
- Нимага?
- Чунки шахсингиз номаълум. Паспортингиз ҳам йўқ. Шахсингизни аниқлагунга қадар шу ерда қоласиз!
- Мана танийдику. Маҳалла участковойику. Тушунтириш хатидан кейин уйга олиб келиб қўяман, дегандингизку!
- Шунақа бўлиб қолдида энди. Қолишингиз керак. - деди кўзини олиб қочган куйи нозир.

Ичимдан бир нарса ўтди: Худойим, ақлдан оздирма!
—-
3 qism tugadi. #bedarak


​​БЕДАРАК
Уйдан чиқиб кетаётганимизда бир қўшни уй эгасини имлаб чақирди. Бир нарсалар деди, нималарнидир тайинлади. Хўп, хўп, билдирмаймиз, дея талмовсираб уй эгаси бизга яқинлашди.
- Бир мошинада келишибди, пастга чақиришибди. Сўнгра иккисини ҳам қўлини орқадан қилиб бошига қоп кийдириб машинага ўтирғизиб олиб кетишганини қўшнилар кўрганмиш. Аммо ҳеч кимга айтманглар биздан эшитганларингни деяпти.
Бу бир илинж эди. Демак, соғ омон, хабари чиқди. Энди ҳеч бўлмаса қаердан қидириш, қаёнга бош уришни биламиз.
Бу гапдан сўнгра қайниакам мени адвокат тутишга жўнатди, ўзи эса яна керакли органларга йўл олди.

Бу орада розыск берилган терговчини ҳам қўнғироқ қилиб: нима бўлди, топилдими, хабар борми, деб сўрайвериб кўнглини оздирдим.
Укам ва эрим бошқа бошқа фамилияларда бўлгани боис (ҳар қалай бизга шундай тушинтиришди) икки дона адвокат тутдим.

Онам бошқа томондан ҳар куни ТОШтурма остонасида, хабар илинжида барча эшикларни қоқарди. Икки кичик фарзандимга эса қайнонам бош қош. Аммо қўлда бир тийин пул йўқ. Чунки фақат эрим кунбай ишларди. Пули келганидек бир икки кунга рўзғорга етарди, холос. Охирги ишини тугатмаганига пулини ҳам олмаганди.


Бир неча кун ўтгач, соат кечги 9 ларда РОВДдан қўнғироқ келди:
- Сиз фалончиева фалончими?
- Ҳа.
- Эрингизни машинаси топилди. Келиб олиб кетишингиз керак.
- Ҳозирми?
- Ҳа.

Адвокат, қайниакам ва мен тезда етиб бордик. Аввал қанақадир қоғозларга: ҳеч бир претензиямиз йўқ, дея қўл қўйдиришди. Кейин қоронғу ҳовлига олиб чиқиб машинани кўрсатишди. Машинани ўтирғичлари юлинган, ҳамма ёғи титилган. Тинтув қилингани кўриниб турарди. Калити ҳам йўқ. Амаллаб уйгачан юрғизиб олиб келдик. Гараж калити йўқлигидан парковкада қолдирдик.

Эртаси куни адвокат хушхабар билан қўнғироқ қилди:
- Мадина, топдик. Тез передача тайёрла! Бугун шанба, мен ордерни ҳал қилишга улгуришим керак - ва нималар мумкинлиги ва олишим кераклиги руйхатини санади.

Унинг кетидан онам қўнғироқ қилди:
- Мадина, Тоштурмада экан. Спискада чиқди.
Адвокатнинг хабарини ҳам бердим.
Ич ичимизга сиғмасдик. Тирик эканку, соғ эканку, қолгани...қолганини секин аста енгиб ўтамиз. Асосийси тирик ва соғ.
Югуриб бозорга тушдим. Адвокат берган руйхатдаги нарсаларни тайёрладик. Резинка тапочка, ич кийим, футболка... "Хаво иссиқ, алмаштиргани кийим сол", деганди адвокат.

Эшик жиринглади.
- Фалончиевни уйими? Хотинимисиз?
- Ҳа.
- Юринг обыскда қатнашишингиз керак.
❗️
2-қисм тугади.
Воқеа узун бўлгани боис ҳар куни 1 қисмдан қўйиб борилади.
#bedarak теги билан бериб борилади.


​​ЙЎҚОЛИШ
2009 йил 8 август.
- Правамни олдим. Эртага ишни топшираман, эртадан кейин тоққа, аммамларникига борамиз, дея режалаштирдик.

Эртаси куни уларни ишга кузатдим. Сочи анча узайиб қолган, ўзига ёқмайди, менга ёққанидан ҳозирча чидаб турибди.

Бугун компот ёпаман, холамни ўғли Хуршид бир сатил шафтоли олиб келган. Уй иши, компот билан бўлиб соат 5 ҳам бўлиб қолибди. Аксига олиб охирги бир нечта банкага шакар етмади. Яқинда ишдан қайтишади, дўконга кириб шакар олишсин.
Укамга қўнғироқ қилдим: Хизмат доирасидан ташқарида. Хўжайинимга қўнғироқ қилдим: Хизмат доирасидан ташқарида.
- Товба, ҳеч унақа қилишмасдику.
Олдин вақти вақти билан кейин телефонни қўлимдан қўймай соат 12 гачан қўнғироқ қилдим.
Хаёлимда бир нарса: авария бўлишганмикин? Машинани янги ҳайдаб бошлаганди.

Охири, онам ва қайниакамга қўнғироқ қилиб ҳали ҳам келишмаганини айтдим. Касалхоналар, морглар, ишлаган жойи, ишлаган жойини эгаси, ҳаммасини текшириб чиқдик. Яқинларимдан ҳам, машинадан ҳам из йўқ.

Тонгда РОВД йўлини тутдик. Ишлаган район бизникимас, дея сенсолар-менсолар қилишди. Фақат битта РОВДида менга қараб пичирлаб гаплашаётган ходимлар эътиборимни тортди:
- Нима бўляпти? Нима? Бирор нарса қилишдими? - дедим ёнига бориб.
- Нима бўлиши керак? Нима қилиши мумкин? Бирон нарса қилиши мумкинмиди? - дея ўзимни саволга кўмишдики, чакагимни ўчирдим. Охири яқинларимнинг расми билан аризамизни топширдик. Кутинг, қўнғироқ қиламиз, дейишди.

Кутишдан бошқа қўлимдан бирор нарса келмасди. Аммо ҳамма ерга овоза қилдик. Кечга яқин эса эшик тақиллади. Тирқишдан қарасам расмий кийинган кўриниши ёқимли киши турарди: Ҳокимиятданман, деди, ким деган овозимга. Эшикни очишим билан пастдан яна иккитаси югуриб чиқди. Қўрқдим ва ҳайрон қолдим. Улар нега пастда, "глазок" кўрмайдиган жойда туришганди? Кўк сорочка, тўқроқ кулранг шим. Ҳар уччаласининг кийимлари ҳам бир хил, аммо расмий. Бирор ҳужжат кўрсатмаган, ўзини танитишни ҳам лозим топмаган уч номаълум шахслар.

- Хисматуллин Зокирнинг уйими?
- Ҳа.
Қувониб кетдим.
- Бирор хабар борми?
- Ичкарига кирайликчи.
Орқага тисарилиб уларга йўл бердим. Ичкарига киришгач:
- Қўшниларни чақиринг.

На қоғоз кўрсатилди, на ўзини таништирди, на бирор нарса тушунтиришди. Тинтув бошланди. Улардан нимадир сўраш, талаб қилиш эса менинг ақлимга ҳам кириб чиқмади. Талаб қилганимда ҳам улар ҳақида бирор маълумотга эга бўлишимга амин эмасман.
Уйдаги китоблар, компьютер, дисклар, туғруқхонага қайниопам, эрим ёзган хатлар... ҳаммасини йиғишди. Миям тўхтаб қолгандек эди.

Гувоҳлар орасида юридик институтда дарс берадиган қушни аёл йиғилаётган, хатланаётган китобларни бирма бир текширди.
- Бу китобларнинг ҳаммасини лецензияси бор. Чорсуда ҳам сотилади, - деди аёл уларга қараб.
Ходимлар унга ҳайрон боқишди ва сўнгра ўша эшик тақиллатган биринчи ходим:
- Бу борада биз ҳатто ўзимизга ҳам ишонмаймиз, нафақат сизга, деди майин жилмайиб. - Ол, йиғиштир бу китобларни ҳам, - дея имлади ҳамроҳига.

Укам билан эрим уста эди. Уйларга труба, пол, эшик, дераза ўрнатиш, мебель ясаш, сварка, шу каби ишлар билан шуғулланишарди. Ўша куни ҳам Учтепа туманидаги бир уйда ишлагани кетишганди. Эртаси ёки Индинига уй эгасини топиб, ўша ишлаган уйга йўл олдик. Хаёлан худдики борсак уларни ўша ерда топадигандек, ёки ҳеч бўлмаса икки кап катта одамлар қаерга ғойиб бўлганини билдирувчи бирор далил топадигандек умидвор эдим.

Бутун асбоб ускуналари ҳатто розеткадан ҳам чиқарилмаган таъмирланаётган хонада турарди. Коридор чироғи ҳам ҳатто ўчирилмаган. Умумий кўринишдан 5-10 дақиқага овқатлангани ёки машинадан бирор нарса олиб чиққани тушиб кетгандек таассурот уйғотарди. Аммо мошина ҳам йигитлар ҳам ер тагига киргандек. Телефонлар ўша ўша хизмат доирасидан ташқарида.
❗️
1-қисм тугади.
Воқеа узун бўлгани боис ҳар куни 1 қисмдан қўйиб борилади.
#bedarak теги билан бериб борилади.


​​ИҚРОР
Бу воқеаларни қачонлардир ёзаман, деган мақсадим бор эди. Ва мақсадни амалга ошириш шу кунларда экан. Яқин яқингачан ҳам бу хотиралар оғриқ бериб турарди. Охирги 2 йилда бироз енгиллаганини ҳис қилдим. Балки ваниҳоят бу йўқотишлар билан яшашни ўргангандирман.

Доим Татаристондан Ўрта Осиёга келиб қолган татар ота боболарим ҳикояси, ҳаёт йўли менда қизиқиш уйғотган. Ва буни бизга сўзлаб бермаган бобо бувиларимдан гина қилардим. Мен ҳам ўз авлодларимга нисбатан шундай буви бўлиб қолишни истамадим.

Воқеалар зоҳиран кўпчилик бизни таниганларга аён. Аммо унинг ботини ҳам бор ва уни зоҳир қилишга қарор қилдим.
Ёзилаётган воқеалар кимнидир ёмонлаш, кимгадир тош отиш учун эмас. Буни бошқалар қандай тушунади, билмадим. Аммо муаллиф сифатида буни билдириб ўтишни жоиз билдим.
Бу воқеалар бир даврнинг кўрсатгичи. Бўлиб ўтган, ва бирдан зиёд кишилар томонидан яшалганлар. Ва афсуски, бу давр нафақат бизнинг балки кўпчилик оилаларнинг тақдирида қора из қолдирди.

2009 йил 9 август...
Ҳаётимни, Ҳаётимиз қоқ иккига бўлинган кун...

20 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.