🇦🇿
Бокуда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Миллий кутубхоналари директорларининг йиғилиши бўлиб ўтди2024 йил 9-12 декабрь кунлари давом этадиган конференцияда
Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия, Венгрия Миллий кутубхоналари раҳбарлари, шу жумладан,
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабаева иштирок этмоқда.
Мазкур анжуман ТУРКСОЙ халқаро туркий маданий ташкилоти ва Озарбайжон Миллий кутубхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Кеча, 10 декабрь куни конференция доирасида М. Ф. Охундзода номидаги Озарбайжон Миллий кутубхонасида туркийзабон мамлакатлар Миллий кутубхоналари директорлари йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирни очиб берган Озарбайжон республикаси Маданият вазири Адил Каримли туркий халқларнинг бирлашиши йўлида маданият соҳалари: театр, музей, архивлар қаторида Миллий кутубхоналар ҳамкорлигини ҳам янги босқичга кўтариш заруратини таъкидлади.
Шунингдек, йиғилишда сўзга чиққан ТУРКСОЙ ташкилоти Бош котиби Султон Раев туркий давлатлар кутубхоналари қўшма фаолияти ҳамда ҳамкорлигининг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида тўхталди.
Қайд этилишича, ТУРКСОЙнинг асосий вазифалари сифатида туркий дунё ва туркийзабон халқларнинг миллий маънавий-ахлоқий қадриятларини асраб-авайлаш билан бир қаторда улар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, туркий маданият ва меросни бутун дунёга тарғиб қилишда муҳим рол ўйнайдиган миллий кутубхоналар билан алоқаларни ўрнатиш белгилаб олинган.
Йиғилишда юбилейлар саналарни биргаликда ташкил этиш, маданий тадбирлар, мутолаа маданияти кунлари, илмий семинарлар ўтказиш, кутубхоналар ўртасида тажриба алмашиш, кутубхона фондларини ўзаро ўрганиш ва виртуал ўқиш залларини яратиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Telegram |WhatsApp| Youtube | Facebook | Instagram | Медиабанк | Сайт