#palahmontoshi
Палаҳмон тоши
(8-қисм)
—Нимага тушунмайсизлар, ман Хўжамсиз ўлиб қоламан, яшолмайман. Хозир келадиган вақтлари бўлди, етиб боришим керак. Дадажоним, уйимга олиб боринг, илтимос!
Дадам кўз ёшларини кўрсатмаслик учун ҳовлига тушиб кетдилар.
Онам бағрига босишга интилди
—Жону жаҳоним, гўзалим, қуёшим, ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Мана кўрасан, бу кунларнинн ортидан бахтли кунларинг ҳам келади, гулим, Саодатим, йиғлама, жоним қизим! Аммо онаизорим ўзи йиғлаб гапирарди.
Ёмғир ҳам кўз ёшларимдек тинай демасди. Бирор нарса тарақлаб кетса ҳам ҳамма нарсани унутиб
—Аброр, эшикка қара, поччанг келди?-деб жонҳолатда бақирардим, бу ҳолатим онамнинг юрагини адойи тамом қиларди.
Тун чўкди. Борлиқни зулмат қоплади. Осмонда ой ҳам йўқ, милтираган бирор юлдуз ҳам. Фақат кўнглимдек тунд осмону, кўз ёшларим мисоли шашқатор ёмғир бор.
Ўша эрталаб ўтирган ўрнимдан ҳали қимирламаган эдим.Дадам ёнимга чўкдилар
—Саодат, мен куёв билан гаплашаман, ҳаммаси яхши бўлади, мана кўрасан,-дедилар.
Кейин секин давом этдилар.
Қизим, мен гуноҳларимга тавба қилдим.
—Сизда гуноҳ нима қилади, дадажоним, мен бебахт, бахтиқарони деб ўзингизни айбламанг,—овутишга куч топдим ўзимда
—Мен ойингга нисбатан шафқатсиз бўлдим. Худодан бошқача бўлиб қайтди У ҳам бировнинг арзандаси, кўзини оқу қораси эди. Худди сендек. Мен унинг умрини заҳарладим. Ўйласам, шу чоққача бир оғиз ширин гап айтмабман. Еганини заҳар қилдим. Пойи патак бўлиб
яшади шўрлик. Ўзим билиб битта кўйлак олиб бермабман устига. Мен ҳам мусулмон ҳисобланаманми энди!
Шўрлик отам кўз ёшларини яширмай йиғлар мен эса бувижоннинг аҳён-аҳёнда айтиб қўядиган жумлаларини эслардим. "Ҳеч бандани фарзанди билан синамасин..."
Дадам, балки тўғри гапираётгандирлар.
Одам чорасиз қолса нима қилади? Аллоҳни эслайди! Аллоҳим бу синовни бошимга ўзини эслашим учун юборган эди.
Аллоҳим мени рашк қилди. Муҳаббатимнинг аввали унга бўлиши керак эди, мен эса бандасига кўпроқ муҳаббат қўйдим.
Шу куни тонггача намоз ўқидим. Жойнамоздан бир дақиқа ҳам турмадим.
Отам ҳам, тунни сажжодада ўтказдилар
Бомдодни масжидда ўқимоқ учун чиқиб кетдилар.
Дарвозани энди ёпиб қайтган онам унинг тақиллашидан ортга қайтдилар. Юрагим ўйнамоққа бошлади. Сакраб турдим, отилиб дарвозанинг олдига бордим. Эшикни очдим. Сезганимдек қошимда илк ва сўнгги муҳаббатим, маҳбубим, Хўжам турарди. Ўзимни эримнинг бағрига отдим. Ойим индамай ортга қайтдилар.
Менинг оқсуяк, аслзода Хўжам қошимда эди. Биламан улар ҳам мендек мижжа қоқмаган, сабаби биз бир бутун бўлиб кетганмиз.
—Хўжам, киринг! Қўлларидан тутиб уйга етакладим.
Меҳмонхонаг олиб кирдим. Онажоним куёвларини икки қўллаб елкаларига қоқиб, кейин ўз қўлларини кўзларига суртиб қўйдилар
—Эшон болам, яхшимисиз? Нодирахон опам, қудам саломатмилар? Хозир, ман чой олиб келай
—Алҳамдулиллаҳ, ҳаммалиги саломат, яхши. Ойижон, чой керакмас, майлими Саодат билан гаплашиб олсам?
Онам индамай бизни тарк этдилар.
—Соғиндим,— дедим жонимни олишга амр этилган у кўзларга тикилиб
—Соғиндим,-деди у кўзлар ҳам, Бармоқлар эса кўз ёшларимни сидирмоқчи бўлди.
—Уйга опкетинг, Хўжам!
—Опкетаман, аммо бугун эмас, хўпми?
—Нега?
Кўзлар нигоҳимдан қочмоққа интилди.
— Саодат, кеча уйда тўполон бўлган. Сал тинсин, албатта, олиб кетаман.
—Унда сиз кетманг!
—Уят бўлади. Ҳалиям ёш болага ўхшайсан, аммо, ҳар куни келаман, хўпми? Розимисан?
Кўнмай нима иложим бор мен бахтиқаронинг.
—Розиман, Хўжам.
Турмуш ўртоғим келиб кетгач, кайфиятим ҳам кўтарилиб қолди.
"Ҳар куни келаман,"-дедиларку, у ерда кутдим нима, бу ерда кутдим нима?
Овқат еётганимни кўриб дадам хурсанд бўлиб кетди.
—Мана бу варақини егин, оғзингда эрийди, ойинг пиширган таомларни дунё ресторанларининг манаман деган ошпазлари ҳам пишира олмайди.
Дадам биринчи марта ойимни мақтаётган эдилар.
Онам бечора худди айб иш қилиб қўйгандек ерга қараб олдилар.
(давоми бор )
Феруза Салходжаева
http://t.me/bizning_kutubxona1