Ҳозирги замонда олий маълумот керакми? Мен ҳозир ҳам шу саволни бериб юрганларга жуда ҳайрон қоламан, масалан, мен олий маълумот керак эмас, олий маълумотсиз ҳам муваффақиятга эришса бўлади деган кўплаб ёшларни биламан, орадан беш-олти йил ўтиб учратиб қолсангиз, тайинли бир касбни эгалламаган ёки аниқ бир ишнинг бошини тутмаган бўлади, лекин яна сўрасангиз, олий маълумот керак эмас, усиз ҳам яшаса, бўлади, лекин…
Ҳа, олий маълумотсиз ҳам ишини топиб юрганлар кўп, лекин айнан уларнинг кўпчилигини айнан бир ҳунарнинг бошини тутган, улар аниқ бир ишининг тайини йўқ одамлар эмас, бу биринчи омил, иккинчиси, биз олий маълумот деганда фақат дипломни тушуниб қолганмиз, аслида эса олий маълумот бир касбни чуқурроқ эгаллаш учун, тўғрироғи илм олиш учун сарфланадиган вақт деб қарашимиз керак.
Аслида Андерс Эриксон тадқиқотларига асосланган ҳолда Малколм Гладуэлл ўзининг
“Outliers” (“Ноёблар”) китобида айтган 10000 соат қоидаси ҳали ҳам ва ҳар замонда ишлайди, бир касб ёки ҳунарнинг устаси бўлиш учун сиз шунга 10 000 соат умрингизни сарфлашингиз керак, аслида агар чин дилдан бир касбни эгаллаш учун айтойдил ҳаракат қилсангиз, 4-6 йил вақт кетади, бу эса айнан олий маълумот олиш учун етадиган вақт ҳисобланади.
Энди агар сиз танлаган олийгоҳ дастурни шундай оқилона, ортиқча маълумотлардан ҳоли, назария ва амалиётни уйғун шаклда туза олса ва сизга фақатгина касбингизнинг устаси бўлиш учун етарлича билим ва илм бера олса, демак сиз тўғри олийгоҳ танлагансиз. Энди фақатгина тўғри олийгоҳ танлашнинг ўзи етарли эмас, балки ўша танлаган йўналишга ўзингиз ҳам қизиқишингиз, ўзингиз ҳам билимга ташна бўлишингиз талаб этилади.
Агар соҳанинг ўзи сизга қизиқ бўлмаса, ундан ҳам бир нима чиқиш қийин, баъзи инсонларнинг дипломни олгандан кейин таксичилик қилиб юрганини эшитиб қоламиз, менинг таҳлилларимга кўра ўша одамларнинг дипломли таксист бўлишига ҳам иккита асосий сабаб бор:
1. Тўғри соҳа танлаган, аммо олийгоҳга кириб ҳафсаласи пир бўлган, ўқиш айтгандек эмас, берилаётган маълумотлар эски, қизиқарсиз дарслар тўғри танланган соҳага қизиқишни йўқотиб юборган.
2. Тўғри олийгоҳ танланган, аммо тўғри соҳа танланмаган, яъни бола ўзининг қизиқишларига кўра эмас, балки жамият, атрофдагиларнинг босимига кўра соҳа танлаган, бунда ҳам катта хато келиб чиқади, ҳатто энг зўр профессорларнинг бераётган маълумоти ҳам қизиқарсиз бўлиб қолади, чунки соҳанинг ўзи қизиқ эмас.
Мана шу иккисини бирлаштира олганлар эса доимо ютуқда қолади.
@bektoshkhatamov