#sizdan
Эҳтиёт бўлинг, сирпанчиқ!
О, Ҳудо, ёмон тушмадингизми, келинг ёрдамлашаман!
(Ахир айтдим-ку сирпанчиқ деб! Бутун дунё эшитадиган даражада бақирдим-ку! Булар оғзимдан чиқдими, йўқми, билмайман.
Айтмаган бўлсам, ҳаёлимдан ўтказдим, ҳаёлимдан ўтдими,
айтдимми, нима фарқи бор, йиқилиб бўлдингизку! Аслида ким айбдор бундай бўлишига, сизми, менми? Нега бўлмаса ўзимни айбдор ҳис қилаяпман?)
Ҳеч қайерингиз шикастланмадими? Тезёрдам чақирайми?
Дурустмисиз ўзи, уйингизга кузатиб қўяйми?
Ҳа, майли бўлмаса, соғ бўлинг!
Анашунақа, йиқилишга йиқиласизу, ўрнингиздан қўзғалишга мадор тополмай қоласиз. Шунда кимнингдир қўли сиз томон узатилади ва сизни тургизиб қўяди. Тургизиб қўя қолмай, уст-бошингизни қоқади, ҳолингизни сўрайди, керак бўлса тезёрдам чақиради.
Сизчи, ўрнингиздан тура солиб у ёқ-бу ёққа аланглайсиз. Ҳудди, ҳеч ким кўрмадимикан, бу аҳволимга кулишмаяптими – деган ўйда ҳар томонга қарайверасиз. Қўрқманг, ҳеч ким кўрмади. Бу одамлар ўз ташвишлари билан банд. Сизга қараб қўйишди ҳолос, йиқилаётганингизда албатта! (Ҳудди селфи-сурат томоша қилгандай, селфи эгаси қанчалик дахшатли ёки ҳайратланарли манзарада бўлса шунча эътиборли, аммо зум ўтмай бошқасини томоша қилишга ўтишади).
Ҳудди муқаррар нарсани инкор этгандай, бирор ҳаракат билан тўхтатиб қола оладигандек типирчиладингизда ўзиям.
Кейин тамом, йиқилдингиз ва тамом бўлдингиз. Агар ўша каби ҳаракатларингиз билан йиқилмай қолганингизда борми, аминманки сизга ҳатто қараб қўйишмасди ҳам.
Сизчи, йиқилаётганингизда кўзларингиз билан шундай илтижолар қилдингизки, ким бўлишидан қатий назар сизни тутиб қолишларини шунчалар ҳоҳладингизки, агар кўзингиздаги илтижо тилингиздан чиққанида эди;
Жазавага тушган одамникидек илтижо чиқарди.
Баъзан шундай бўлади ҳам, ён-веридаги одамларга “Ёрдам беринг”-
дейдиганлар ҳам бор, лекин бу унчалик ишонарли чиқмайди.
Интернет сайтларидаги (сиз ҳар куни кўришга ўрганган кино ва сериаллардагидек эмас) отишга, сўйишга, осишга, портлатишга хукум қилинганларнинг “Ёрдам беринг”- деган фарёдлари анча, минг карра ишонарлироқ.
Ўлимдан шунчалик қўрқасизми?
Ҳўп, майли, йиқилдингиз ҳам, тургизиб қўйдим ҳам, нега энди ўзингизни ҳеч нарса бўлмагандек тутасиз?
Шикастланмаган эмиш, қайердан биласиз, авлиёмисиз, ё докторлик дипломингиз борми?
Ҳаммаси жойида эмиш, нима жойида, ким жойида?
Ахир илдизидан ажралган дарахтдек қуладингизку.
Агар йиқилмаганингизда автобус ёки таксида кетаётган бўлардингиз.
Энди эса ортингизга, келган томонингизга кетаяпсиз.
Қайерга бунчалик шошилдингиз, нима учун?
Шундай бўлмаганда, мен ҳам манзилимга бироз бўлсада эртароқ етиб борардим. Лекин мен сиз учун кетган вақтимга сира ачинмайман. Энг ачинарлиси, бу ҳақда ўйламасдим ҳам.
Тезёрдам керак эмасмиш, нега керак бўлмасин, миянгиз чайқалгандир, белингиз синмагану, умиртқангиз дарз кетгиндир...
Тезёрдам машинасини тўлдириб, вой-войлаб касалхонага бормайсизми, бошлиқларга ҳам баҳона бўларди. Маза қилиб уч-тўрт кун дам олволардингиз.
Шу бахона бўлиб бир неча йилдан бери сизга кун бермайдиган қўшниларингиз, юзкўрмас бўлиб кетган қариндошларингиз қадрингизга етишармиди, ҳатто йўқлаб келишлари ҳам мумкин эди.
Сиз эса қўрқдингиз; Касалхонага ётишдан, харажатлардан, сизни ҳеч ким йўқлаб бормаслигидан, қўшнилар ғийбат қилишлари, бошлиғингиз катта мажлисда, ҳамманинг олдида изза қилишидан.
Шу тобда ўтиб кетаётган оламон ҳудди сизга қараб турибди-ю, сиз ўта кулгули либосда, (либоссиз) турганингизга ҳамма қотиб-қотиб кулишларидан қўрқдингиз!
Қўрқмаган бўлсангиз нега ундай қилдингиз-а, нега?
Hikoyani davomi...© Dostonbek Sharipov
👉🏾
BAHSGA QO‘SHILING