ОНАМРоссияга кетишимни эшитган онам қаршилик қила бошладилар. Билиб юрибман, нима қилсалар ҳам, ишламасам ҳам ёнларида бўлишим керак. Дадам ўта қаттиққўл одам. "Ишласин, талтайтириб юбординг. Бу ерда бири икки бўлмайди. Четга чиқиб пул топиб келсин, ана ҳаммани боласи чет элда!"
Онам отамга гап қайтармайди, аммо ичидан эзилади. Аслида, ўзимнинг ҳам бегона, совуқ юртларга боришга кўзим учиб тургани йўқ. Аммо дадамнинг ҳар кунги тергашларидан безиб кетдим. Ўқишга киролмагач, машина тузатадиган устага шогирд тушдим. Ҳунарлик бўлдим. Қани энди асбоб-ускуналарим бўлса-ю ўзим устахона очсам, аммо унга пул керак...
Ҳужжатларимни тўғирлаб юрган куним онам бир гап айтиб қолдилар.
—Ўғлим, бугун совчиликка бораман.
Довдираб қолдим. Ҳаяжонланиб давом этдилар
—Дугонам Фазилатни қизини кўргансан. Бўй-басти келишган, оппоқ пахтадек қиз.
—Дадам-чи, олдиларидан ўтдингизми?
—Шунинг учун даданг ихлос қилган оилани қизини топдим-да. Дадангни ўзим кўндираман.
Уйда ортиқча пулимиз йўқлигини билардим. Хаёлимдан ўтганини дарров сездилар
—Пулни ўйлама! Тўй қилганга Аллоҳим ўзи етказади. Кейин кўнгиллари бузилдими, кўзлари намланди, ўзларини бироз тўхтатиб яна аввалгидек кўтаринкилик, орзумандлик билан давом этдилар
—Ана Карима холанг юз минг билан тўй бошлаганман, қолганини худойим ўзи етказган дечпди. Ман Аллоҳга таваккал қилдим, болам, - дедилар.
Мен нима дейишимни билмасдим, қишлоғимиз йигитлари билан келишиб қўйганмиз. Арзонроқ бўлиши учун.Россияга Қозоғистон орқали кетмоқчи эдик.
Хуллас, ўша куни онам бечора катта холамнинг кўйлагини, кичик холамнинг оёқ кийимини кийиб, оналаридан қолган бисотлари— билакузугу, оғирлигидан бўйниларида осилиб қоладиган тилла занжирларини тақиб совчиликка кетдилар
Негадир сал хомушроқ қайтиб келдилар.
Дадамнинг
—Айтим сенга, бу бекорчига ҳеч ким қиз бермайди, деб, яна баланд дорга осилганингга ўлайми? Бўлди, юрт қатори ишлаб келсин!
Онам титраб турган пастки лабини тишлаб, ерга қараганча индамай ўтирар эдилар.
Эртаси куни тонг саҳардан қаёққадир кетдилар. Тушга яқинлашганда қўлларида бир даста пул билан қайтиб келдилар.
—Тур болам, ўзингга устахона очиб бераман. Бозорга борамиз, нима керак бўлса олиб бераман. Мустақил иш бошлайсан, тиллаларимни ҳаммасини сотдим. Турақол! — дедилар. Онам яна ўзларининг ишчан ҳолатларига қайтган эдилар.
Маълум бўлишича, кеча совчиликка борган жойлари иш жойимни сўраган экан. Мен эса отам айтгандек бир бетайинман!
Ўша пул баракали бўлди. Керакли нарсаларни харид қилиб уйдан машина тузатадиган устахона очдим. Устозим иши оғирроқ, ёки эгаси инжиқроқ машиналарни менга жўната бошлади.
Ойим эса ҳар сафар ҳали у холамнинг, ҳали бу холамнинг кўйлагини кийиб совчиликка қатнар эдилар...
Тақдир экан, биринчи очган эшикларига қайтиб бориб, розилик олиб келдилар. Ўша куни кичик холам билан совчиликка борган онам
—Гулбаҳор холанг бошқача-да, йўлдан икки кило мева билан олтита патир олиб берди, биратўласи нон ушатиб қайтдик,—дедилар.
Тўй яқинлашган сари дадамнинг ҳам кайфияти кўтарилиб, ойимга кўмаклаша бошладилар. Қариндош-уруғлар қарашиб, бир чиройли, файзли тўй бўлди... Мен чет элга кетмадим. Сабаби, энди фарзанд кутаётган рафиқам, эшигимиз тагида навбат кутиб турадиган машиналарни таъмирлашдек севимли ишим бор эди...
Ҳикоям чўзилиб кетди-а?
Энди эса асосий гапга ўтаман. Мени онам зир югуриб, чора топиб олиб қолганидан хабардорсиз. Шерикларим кетган автобус Қозоғистон чўлларида ҳалокатга учраб ёниб кетди...
Совчиликка кийиб бориш учун либоси бўлмаса-да, қалбида Яратганга бўлган буюк ишончи бўлган жон фидо оналар фарзандларнинг чин бахти, қайсидир маънода қўриқловчи фариштаси ҳамдир...
Феруза Салходжаева
👉
AYOLLAR KUNDALIGIAyollar uchun foydali kanal🥰
@Sumayyaginam Reaksiyalaringizni kutaman ))