Ҳоким ўғлини қамоқдан озод қилган судя “Ибратли судя” мукофотини олди200 млн сўмдан ошиқ электр токини ўғирлагани учун 2,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган Поп тумани ҳокими ўғли Ғулом Султоновни апелляция инстанциясида суд залидан озод қилган судя Авазбек Иномов “Ибратли судя” мукофоти билан тақдирланди.
Судялар олий кенгашининг қайд этишича, мукофотланган судялар 2024 йил якунлари бўйича фаолиятида алоҳида ўрнак ва намуна кўрсатган ҳамда юқори рейтинг кўрсаткичларга эга бўлган.
Ғулом Султонов ўзи раҳбар бўлган Уйчи туманидаги “Жийдакапа барака чорва” фермер хўжалигига қарашли чорвачилик комплекси ва сутни қайта ишлаш цехини электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, электр энергиясини яширин равишда талон-торож қилганликда айбланган. Зарар миқдори 200 млн 326 500 сўмни ташкил қилган.
Судланувчи ЖИБ Уйчи туман суди ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” бандида (жуда кўп миқдорда ўғирлик қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ва унга нисбатан 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Аммо кейинроқ апелляция инстанциясида ҳукм ўзгартирилиши натижасида судланувчига тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси 3 йил муддатга озодликдан чеклаш жазосига ўзгартирилган. Маҳкум суд залидан дарҳол озод этилган. Ўша куни айнан Авазбек Иномов судялик қилган.
Шундан сўнг Ғулом Султонов иши Наманган вилоят судида тафтиш инстанциясида кўриб чиқилди. Чиқарилган ажримга асосан, апелляция инстанцияси суди ажрими бекор қилиниб, Султоновга нисбатан биринчи инстанция суди чиқарган ҳукм ўз кучида қолдирилган. Яъни у 2,5 йилга озодликдан маҳрум этилган.
🔥
@fayzboguz