Тинтув: Адвокатга нисбатан зўравонлик ишлатилганми?Ижтимоий тармоқларда “Адвокатга нисбатан зўравонлик ишлатилди” сарлавҳаси остида хабарлар тарқалди.
Адвокатлар палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси вазиятни ўрганиб, адвокатга нисбатан ички ишлар ходимлари томонидан тазйиқ ўтказилгани, зўравонлик ва жароҳат етказилганини аниқлаган.
Мазкур ҳолатлари бўйича муносабат билдиришни сўраб Тошкент шаҳар прокурори ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғига расмий хат билан мурожаат қилган.
Маълум бўлишича, Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи "Barrister" адвокатлик фирмаси адвокати А.Ш. 2025 йил 12 февраль куни ҳимояси остидаги шахсга тегишли хонадонда Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар органи фаолиятни мувофиқлаштириш бўлими ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Б.К. томонидан тинтув ўтказилаётганидан хабар топган.
Буни унга ҳимояси остидаги шахснинг турмуш ўртоғи қўнғироқ қилиб айтган. Адвокат у ерга борганида терговчи Б.К. тинтувни қилаётганини кўрган. Шунда у уй эгасидан “терговчи сизни тинтув ўтказиш тўғрисидаги суд ажрими билан таништирдими?” деб сўраганида у “йўқ, мени таништирмасдан уйимга кириб, тинтув бошлади”, деб жавоб берган.
Адвокат терговчига дарҳол қонун доирасида суд ажрими билан таништириши кераклиги ҳақида айтган. Шунда терговчи қўпол муомалада бўлган ва “кимга шикоят қилсангиз қилинг, мен таништирмайман”, деган ва адвокатдан дарҳол хонадондан чиқиб кетишини талаб қилган. Акс ҳолда профилактика инспекторига буюриб, куч билан чиқаришини айтган.
Шунда адвокат “уй эгаси ажрим билан таништирилганидан кейингина чиқиб кетаман”, деб айтган. Терговчи ўзбек тилида ёзилган суд ажримини ўқишни бошлаганида уй эгаси ўзбек тилини тушунмаслигини айтган. Шунга қарамай у “ўзим таржима қилиб бераман, керак бўлса”, деган.
Терговчи жаҳл билан адвокатни қўли билан итариб, ички ишлар бўлими ходимларига уни олиб чиқишларини айтган. Яшнобод тумани ички ишлар органи фаолиятни мувофиқлаштириш бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати ходимлари унга куч ишлатиб, қўлидан ушлаб, сиқиб, хонадондан итариб чиқарган. Шунда унинг қўлига енгил жароҳат етказилган.
Адвокатлар палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси тегишли органларга юборилган мурожаатлар жавобини маълум қилиши ҳақида хабар берди. Шу билан бирга, адвокатларнинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилиш, уларга тазйиқ ўтказиш ёки куч ишлатишнинг ҳар қандай кўринишини қатъиян қоралашини билдирди.
Мавзуга яна қайтамиз. Бу масалада Тошкент шаҳар прокурори ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи қандай жавоб берар экан?
Манба:
uza.uz👉
@Advokat_Abdullayev