Ўзим ҳақимда...Манимча аудиторияга ўзимни таништириш вақти келди.
Мен, адвокат Кулбаев Хондамир Бахтиёрович Навоий вилояти Навоий шаҳрида туғилиб катта бўлганман.
Ота ва она қариндошларим ичида биринчи юрист ўзимман. Ихтисослаштирилган мактабнинг ҳуқуқ синфида ўқиганман. Кейинчалик Навоий кончилик коллежини тамомлаб, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясига ўқишга кирганман.
(тарихдан 36/36 тўғри жавоб билан деярли 200 балл тўплаганимни мақтанмасам бўлмайди 🫠)Академияда тўлиқ ҳамма маърузаларни ухлаб ўтказганман.🥱😴 Мени курсдошларим ҳам кузатиб боришгани учун кўп ёлғон гапларни ишлатиб ўзимни мақтай олмайман.🤭
Академиянинг тергов фаолияти йўналишини тамомлагач олдин вилоятимизнинг шимолий чеккаларида Учқудуқ ва Зарафшон шаҳарларида терговчи бўлиб ишладим. Кейин вилоятимизнинг энг ёнадиган бомбей жойида – Кармана туманида терговчи бўлиб ишладим. 🕵️
Охирги жиноят ишим бу – Қорақалпоғистон Республикасида содир этилган оммавий тартибсизликларни тергов гуруҳи таркибида тергов қилиш бўлган.
Тўйим олдидан Давлат ишидан чиқиб кетиш қарорим реалликка яқинлашди ва ўз хоҳишимга кўра Давлат ишидан бўшаб, адвокатлик фаолиятини бошладим. Олдин айтганимдек ишдан чиқиб кетиш сабабларини кейинроқ вақти келса бўлишаман. Лекин иш оғирлиги, бошлиқлар билан келишмаганим, бирор ёмон иш қилиб қўйганим ёки ойлик камлиги учун ишдан кетмаганман.🚩
Терговчилик фаолияти менга жуда катта тажриба берди, айниқса устозларим фундаментимни пишиқ қилиб қуйишган. Устозларимдан кўп гап эшитардим, баъзи устоздарим тамомлаб олиб кирган жиноят ишимни йиртиб-йиртиб ўзимга қайтариб беришарди, бориб бошқатдан дело қилардим. Бу тарбия учун улардан бугун жуда миннатдорман, чунки шу тарбия бўлмаганда ҳозир “гонарари фалон сўмлик” адвокат бўлолмасдим.
Мана охирги икки йилдан бери адвокатман, охирги бир йилдан бери ҳуқуқий блог юритаман. Орзуларим ва мақсадларим кўп ва улар етарлича катта. Лекин абитуриентлигимдан бери битта одатим бор – мақсадларимни айтишни ёқтирмайман. Балки кун келиб ўз мақсадларимни аудиториям билан бўлишишни бошларман, билмадим. 🤷♂️
Канал юритишда SMM қоидаларига умуман риоя қилмайман, қачон хоҳласам ўшанда пост қўяман, каналим ихчам ва қизиқарли бўлишини хоҳлайман.
Ушбу блогда Сиз асосан жиноят ҳуқуқи ҳақидаги постлар билан танишиб борасиз. Ҳар бир ҳуқуқий постим ўта профессионаллигига ишончим комил. Ушбу канални кузатишда давом этинг, ҳали жуда кўп қизиқарли нарсалар олдинда ва уларни бирга қарши олиб борамиз!
@advocatekulbayev